Майда пуллар

Ўзбекистон меҳнат мигрантларига ҳужжатларни расмийлаштириш учун микрокредитлар ажратади. Улар кимга керак?
"ЎЗАГРОСУҒУРТА" КОМПАНИЯСИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСИ

Ўзбекистон фуқароларига чет элда вақтинча ишлаш ҳужжатларини расмийлаштириш учун мақсадли микрокредитлар берилади. Ўз мигрантларини қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ҳукумат томонидан аввал ҳам таклиф қилинган, лекин бу таклиф аҳоли орасида талабга эга бўлмади.

Чет элга ишлашга отланаётган фуқаролар йўл ҳаражатлари учун қариндошлар ёки таниш-билишлардан қарз сўрайди. Лекин бу меҳнат муҳожири ишга киришдан аввал қиладиган барча ҳаражатлар эмас, албатта. Расмийлаштирилиши 10 кун вақт талаб этадиган патент олиш жараёнига ҳам сезиларли ҳаражат қилинади. Ушбу муддат ичида ишлаш мумкин эмас, лекин у қаердадир яшаши, нимадир ейиши ва йўлкирага ҳаражат қилиши зарур. Шу ерда унга Россиядаги дўст-биродарлари, қариндошлари ёки қарз берувчи тижорат ташкилоти ёрдам бериши мумкин.

ММЦ даги хизматлар нархи (каттайтириш учун босинг)

Бошланишида қанча маблағ талаб этилади?

Ҳисоб-китобларимизга кўра Ўзбекистондан борган меҳнат муҳожири Россияда биринчи ой давомида 31-35 минг рубль (йўлкира ҳаражатидан ташқари) сарф қилади.

Бунинг ичига рўйхатга олиш (3500-5000 руб.), ҳужжатларни расмийлаштириш (Москвада бу 12 450 руб. + 5 000 руб. — патент учун биринчи тўлов, ва 2020 йилга келиб ушбу сумма Москванинг ўзида 350 рублга ошади), ётоқхона (5-7 минг руб.), озиқ-овқатлар (3-5 минг руб.) ва йўлкира (2 минг руб.) киради.

Агар муҳожир Сахароводаги Кўп тармоқли миграция бошқармасида ҳужжатларни расмийлаштирса, унга бирданига 20950 рубль талаб қилинади (ҳужжатларни расмийлаштириш, патент учун биринчи бадал ва ҳужжатларнинг қабул қилиниши учун муҳим шарт бўлган рўйхатга олиш).

Давлатнинг таклифи қандай?

Ўзбек муҳожирларига ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Ўзагросуғурта” компанияси ва Микрокредитбанк биргаликда чет элда вақтинчалик ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштиришга мақсадли микрокредитлар ажратишга келишдилар. Икки миллион сўмгача миқдордаги ($210 ёки 13 500 руб.) микроқарзлар бир йилгача муддатга йиллик 10% фоиз ставкасида берилади (2021 йилдан ушбу кўрсаткич 12%гача ошади).

Бунинг ижобий тарафи нимада. Кичик фоиз ставкаси. Бир йилдан кейин муҳожир 1350 рубль ортиқ қилиб қайтаради. Россияда муҳожирлар билан ишловчи бошқа микрокредит ташкилотларининг фоиз ставкалари билан таққослаб кўрайлик. Масалан, улардан бирида 2 ойга (минимал муддат) 13500 рубль қарзга олсангиз, натижада ортиқча 2036 рубль қайтарасиз, 9 ойга олганингизда эса (максимал муддат) ортиқча тўловингиз 7515 рублни ташкил қилади. Бошқа ташкилотда 3 ойга (минимал муддат) 15 000 (минимал сумма) рубль қарз олсангиз, 18063 рубль қайтарасиз, 12 ойда эса бу сумму 26288 рублгача ўсади.

Микроқарзни ким олиши мумкин. Расмий маълумотларга кўра, кредитларни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик (ТММА) бўлимларидаги Labour-migration дастурий мажмуаларда рўйхатга олинган ўзбекистонликлар олиши мумкин. Микроқарзлар паспорт тақдим қилиниб ва ариза қабул қилинганидан сўнг бир банк куни ичида берилиши ваъда қилинмоқда.

Авваллари $1000 таклиф қилинган

2018 йилнинг март ойида Ўзбекистон меҳнат вазирлиги меҳнат муҳожирлари учун банк хизматларининг йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эди: “Алоқабанк” очилиши осонлаштирилган VISA-migrant карталарини чиқаришни режалаштирганди, “Ипотека-банк” эса чет элга чиқиш ҳаражатларига сарф қилиш учун $1000 гача кредит ваъда қилганди. Бошланишида ушбу хизматга талаб катта бўлди, лекин кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларга, кредит олинганидан сўнг бир ой ўтиши билан кредит олган шахснинг қариндошларига банк коллекторлари қарзни қайтариш талаби билан мурожаат қилганликлари, бу вақт ичида муҳожир ҳужжатларни расмийлаштириб иш топишга улгурмаганлиги ҳақида хабар етиб келди. Кредитни қайтариш талаби муҳожирни патент расмийлаштирилмай туриб ишлашга мажбур қилган, бу эса Россияда ноқонуний йўл ва депортацияга олиб келиши мумкин.

“Фарғона” таҳририяти “Алокабанк” ва “Ипотека-банк”дан ҳозирда ҳам кредитлар берилаётганлиги ва берилаётган бўлса, фоиз миқдори ҳақида маълумот сўради.

“Алоқабанк” мутасаддилари аниқ жавоб бермай, миграцион хизматларга мурожаат қилишни, мазкур масала меҳнат муҳожирларига тегишли эканлиги важ қилиб, “Улар юқорида кўрсатилган кредит турини берувчи банклар ҳақида тўлиқ маълумот бера олишини” маълум қилишган.

“Ипотека-банк” саволни жавобсиз қолдирди.

“Фарғона” Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг матбуот хизматига мурожаат қилди. Биз, муҳожирларга $1000 ва $210 миқдорида кредит берувчи банклар ўз хизматларини қайта тиклаши, ҳамда Ўзбекистондан чиқиб кетишни режалаштираётган фуқаро кредит учун кафолат сифатида қандай ҳужжатларни тақдим қилиши кераклиги ҳақида сўрадик. Саволларимиз қисман жавобсиз қолди.

“1000 доллар кичкина пул эмас. Уни олиш учун муҳожирлар гаров киритиши ва бошқа ҳужжатларни тақдим қилиши керак эди. Шунинг учун кредитнинг бу турига талаб катта бўлмади. Шу сабабли, муҳожирлар учун қулайлик яратиш мақсадида, биз икки миллион миқдоридаги микроқарзларни жорий қилдик. Ушбу сумма патент, тиббий суғурта ва бошқа ҳаражатларни қоплаш учун етарли. Ушбу кредит туридан фойдаланиш учун меҳнат муҳожири Labour-migration хизматида рўйхатдан ўтган бўлиши лозим. У ТММА филиалига ёки Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилади. Рўйхатдан ўтади. Бундан кейин унга бир иш куни мобайнида 2 млн.сўм миқдоридаги кредит берилади”, дея хабар берди матбуот хизматининг ходими (услубият сақлаб қолинди. — «Фарғона» изоҳи).

Реакция

Муҳожирларнинг ўзлари ижтимоий тармоқларда мазкур мақсадли кредитга нисбатан ўта салбий фикр билдирган ва бир овоздан, — «қўшнилар ва дўстлардан қарз олган яхши, ҳар ҳолда улар фоиз олишмайди»,- деган важни келтиришган.

«Мигрант» порталининг асосчиси ва ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад таъкидлашича, 10-12 фоиз ставкаси баланд эмас, гап ушбу микроқарзлар мигрантлар орасида қандай талабга эга бўлишида.

Россия микрокредит ташкилотларида тўлов фоизлари жуда юқори. Бундан ташқари бундай қарзни олган муҳожирда қўшимча муаммолар туғилиши мумкин – тўлов кечиктирилса, унга қарши судга мурожаат қилишлари ва натижада Россиядан чиқиб кетиш имкониятини чеклашлари мумкин, — дея ҳуқуқшунос давлатдан олинган микрокредитнинг Россияда олинган қарзларга нисбатан афзаллигига урғу берди.

Бироқ, унга кредит миқдори нега айнан $210 ни ташкил қилиши тушунарсиз бўлди, чунки ҳатто Москвада (баъзи ҳудудларда расмийлаштириш қиймати бундан ҳам қимматроқ) ҳужжатларга $250 дан ортиқ талаб этилади (рўйхатга олишни ҳисобламаганда. — «Фарғона» изоҳи).

— Кўпчилик одамларда бунга эҳтиёж бор деб ўйламайман, — таҳмин қилди Ботиржон Шермуҳаммад. — Агар Ўзбекистоннинг миграцияга оид охирги қарорларини кўрсак, барчасида имтиёзли кредитлар берилишини кўзда тутган бандлар мавжуд. Лекин ушбу қарорнинг асосини кўришни истардик: статистик маълумотлар, муҳожирлар қандай даврийликда кредитлар олиш учун мурожаат қилишади, улар кўпинча қанча миқдорда ва айнан нима учун кредит олишади ва ҳоказо. Тажрибамга асосан айтишим мумкинки, муҳожирлар охирги сигирини сотиб ёки танишлардан фоизсиз қарз олиб, Россияга нақд пул билан келишади.

Эспертнинг фикрича, давлат муҳожирларга кўмак зарурлиги ҳақидаги муаммони тўлиқ тушунмоқда, лекин одамларнинг реал эҳтиёжлари ҳақида билимга етарли даражада эга эмас.

— Ҳукумат фоизсиз кредит бериши мумкин эмаслиги турган гап, ҳеч қандай ташкилот бунга рози бўлмайди. Лекин ушбу масалани ҳам чуқур идрок қилиш лозим. $1000 миқдорида кредит берилиши ҳақидаги хабарни бир эсланг. Уларга нима қилди? Нима учун ушбу хизмат талабгир бўлмаслиги аввалдан аниқланмади? Биз эса, кредит олган муҳожир олган кунидан бир ой ўтиб қарздорликни сўндиришни бошлаши зарурлиги, лекин Россияга эндигина келган одам бундай имкониятга эга эмаслигини тушунамиз.

Ўзбекистонлик муҳожирлар қачондан бошлаб $210 миқдоридаги мақсадли микроқарзларни олишни бошлаши ҳозирча маълум қилинмади. Лекин, кредит миқдори ўзгартирилса, давлат кўмаги талабгир хизматга айланиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ