“Фарғона” мухбирининг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган фотоочерклар туркумини чоп этишни давом эттирамиз. Журналист 2003-2006 йилларда мамлакатнинг турли бурчакларига ўнлаб сафарларни амалга ошириб, кўрганларини ўзининг ўша пайтда сайтимизда чоп этилган эсселарида тасвирлади (архив Fergananews.com сайтида жойлашган). Андрей Кудряшов 2018 йилда яна бир нечта муқаддас жойларга бориб, мозорлар, муқаддас даралар ва ўрмонларнинг фотосуратини олиб келди. Ушбу саёҳат ва сафарлар якуни ўлароқ жами йигирма саккизта мақола, фоторепортаж ва йўлномалар пайдо бўлди ва биз уларни сизнинг эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Зиёрат (арабча زِيارة сўзидан) — муқаддас қадамжоларга, авлиёларнинг мозор ва мақбараларига ҳамда тарихий шахслар ёки афсонавий персонажларнинг ҳаёти ва жасоратлари тўғрисида ҳикоя қилувчи халқ ривоятлари билан боғлиқ табиат гўшаларига сафар қилишни англатади (батафсил – Афсоналар излари бўйлаб зиёрат. Ўзбекистонда зиёрат нимани англатади ҳақида мақоласида ўқишингиз мумкин).
Муқаддас қадамжолар муаллифга тарихий ҳужжатлар ҳамда руҳоний тажриба ва алоқадар ва манфаатдор одамларнинг гувоҳликлари орқали очилади.
Улар замонлар қатламлари оралиғидан сизиб ўтувчи халқ афсоналари, ривоятлари, рамзий ҳикоялари, оғзаки ижодининг намуналари бўлган улкан халқ ҳикматларининг асровчилари –маҳаллий аҳоли вакиллари, нозирлар, диний ходимлар, зиёратчиларидир.
“Фарғона” ахборот агентлиги ушбу мақолалар туркумига илмий муҳаррирлик қилган ҳамда кўплаб концептуал жиҳатдан муҳим бўлган мулоҳазаларни билдирган тошкентлик тарихчи, санъатшунослик фанлари номзоди Александр Жумаевга миннатдорчилик билдиради.
* * *
Тошкентдаги замонавий маъмурий туманларидан бири XIV асрда яшаган нуфузли мусулмон волийларидан бири бўлмиш шайх Хованди Тоҳур номи билан Шайхонтоҳур деб аталади. Унинг отаси машҳур шайх Умар Валий Боғистонийнинг насаби Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳуга тақаларди. У ёшлигида дарвиш бўлиб, сўфий Ҳасан Булғорийдан таълим олган. Йигирмага яқин зоҳид сафдошлари билан бирга Умар Валий кўп йиллик сайру саёҳатлардан кейин овлоқ тоғ водийсига келиб ўрнашган, ўшандан буён ўзининг Чорвоқ деб аталган қадим номини сақлаб қолган бу жойлар Боғистон эшонлари мулкига айланган. Ёшлигида Хованд Тоҳур ўз отасининг руҳоний йўлини такрорлайди, у яссавийлик сўфий пирларнинг шогирди сифатида дарвиш жандасида кўп юртларни кезади. Ватанга қайтгач, у Тошкентга келиб ўрнашади, тез орада ўзининг ўткир илми, камсуқумлиги, ҳалимлиги ва адолатпарварлиги билан шаҳарликлар орасида катта эътибор қозонади.
Боғустон – Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, Чорвоқ сув омбори соҳилида жойлашган. Андрей Кудряшов фотосурати, 2018 йил
Сўфийлик тариқатининг шайхи бўлиб қолган Хованди Тоҳур муршидларига такрор ва такрор Аҳмад Яссавийнинг ҳақиқат изловчининг руҳоний сифатлари унинг жоҳиллар қўполлигига нисбатан сабрига тўғридан-тўғри пропорционал эканлигини эслатиб турган.
Маърифатпарварлик фаолияти билан бирга шайх Хованд Тоҳур бой ва эътиборли одамларни ўша нотинч даврларда сони кўпайиб кетган етим-есирларга Аллоҳ йўлида ғамхўрлик қилиш лозимлигига ишонтириб, хайрия ишлари билан ҳам шуғулланган. Шу сабабдан ҳам Тошкент аҳлининг бу зоҳидга ҳурмати шу қадар юксак эдики, Хованд Тоҳур вафотидан кейин уни 1355 йилда минг йиллардан буён муқаддас ҳисобланмиш жойга дафн этадилар. Бу ерда бир вақтлар минерал сув отилиб чиқадиган булоқлар, ҳовузлар ҳамда кипарислар оиласига мансуб улкан сарвлар ўрмони жойлашганди. Халқ орасида тарқалган афсоналар ушбу ўрмонни юнонистонлик лашкарбоши Александр Македонский билан боғлаб келган (эрамиздан 336-323 йиллар олдин).
Ривоятларга кўра, Искандар Зулқарнайн ўзининг Марказий Осиёга ҳарбий юриши давомида забт этилган Самарқанддан шимолга қараб ҳаракат қила туриб, чўлда аскарлари билан бирга ичган ёмон сувдан касалланиб қолди. Табибларининг маслаҳати билан уни Шош воҳасидаги муқаддас булоқ сувидан даволашга олиб келдилар. Дардига шифо топган Искандар Зулқарнайн булоқ атрофида умрбоқий сарв дарахтларидан иборат ўрмон яратишга буйруқ беради. Дарахт кўчатларини унинг буйруғи билан Тянь-Шань тоғи тизмаларидан олиб келинади.
Шайх Хованди Тоҳур ҳаётлик чоғида муқаддас дарахтзор, минерал сув булоқлари ва ҳовузлар гуллаб-яшнаган эди. Ривоятларга кўра, руҳоний устоз ўз мавъизаларини ҳамда шогирдлари билан суҳбатларини айнан ушбу салқин жойда ўтказар ва вафотидан сўнг шу ернинг ўзида дафн этилганди.
Тарихчиларга кўра, Хованди Тоҳур мақбараси XIV асрнинг охирида, Тошкент вилоятини бутунлай бўйсундирган соҳибқирон Темурнинг буйруғига биноан 1397 йилда барпо этилган. Соҳибқирон маҳаллий мусулмон руҳонийлари билан ғоявий иттифоқ тузиш ҳамда оддий халқ кўнглини олиш орқали ўз ҳукмдорлигини мустаҳкамлаш мақсадида Шош вилоятида кенг кўламли ибодатхоналар қурилишини бошлаб юборди.
Аввали бошда қурилган иншоотлар бўлиб ўтган қатор кучли ер силкинишларидан сўнг вайрон бўлди. Мақбара биноси кўп маротаба реконструкция ва реставрация қилинди, лекин бизнинг кунларгача ўзининг оригинал, ўрта асрларга хос меъморий сиймосини сақлаб қолди. Бу бир гумбазли куб шаклидаги оч сариқ рангли пишиқ ғиштдан қурилган бино, олди томонида ташқи декордан ҳоли унчалик катта бўлмаган портали мавжуд. Меъморлик мажмуаси таркибига XVI асрда қурилган ғарбий Мўғулистон ҳукмдори Юнусхон мақбараси ҳамда XVIII асрда барпо этилган Дулат уруғидан бўлган машҳур қозоқ қозиси Тўла-бий дафн этилган жойда Қалдирғоч-бий мақбараси ҳам киритилган.
Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги минерал чашмалар қуриб қолганига анча бўлди ва бунинг сабабларини илмий тарзда асослаб бериш мумкин. Тошкент юқори сейсмик фаол ҳудудда жойлашган, шунинг учун ҳам геотермал сувларнинг ер юзига чиқиш йўлари ер қаъридаги сурилишларга қараб ўзгариб туради. Қуриб қолган улкан сарвлар дарахтзори ХХ асрлар бошигача сақланиб қолди. Аждодларининг хурофот ва бидъатларга қарши жидди-жаҳд билан кураш бошлаган Ўзбекистон ССРнинг биринчи мутаасиб комсомол ёшлари дарахтзорни 1924 йилда кесиб ташладилар.
Бизнинг кунларгача Хованди Тоҳур мақбарасида валийнинг қабртоши ёнидаги гумбаз ичида биттагина дарахт танасининг мумияланган қисми сақланиб қолган, холос.
Берлин археология институтининг Дендралогия обсерваторияси мутахассислари 2014 йилда “Мараканда” тарихий-маърифий жамияти ушбу дарахт танасидан намуна олиб таҳлилдан ўтказдилар ҳамда ушбу кипарис тахминан 1367 йилда ўсишга бошлаб, 1631 йилда қуриб қолган деган хулосага келдилар. Яъни, муқаддас сарвлар дарахтзори XIV аср бошида, Хованди Тоҳур вафотидан сўнг ёки унинг умрининг сўнги йилларида экилган. Лекин бундан минг йил олдин – эрамиздан 329-327 йиллар олдин Македониялик Александрнинг Осиёга ҳарбий юришлари даврида эмас.
Ғарбнинг тарихий манбаларида Македониялик Александрнинг қўҳна Шош воҳасига – Тошкент вилоятига қачонлардир боргани тўғрисида умуман ҳеч қанақанги маълумот топилмади. Юнон лашкарбошисининг Самарқандни забт этганини тасдиқловчи тишга босишга арзийдиган гувоҳликлар бадиий адабиётлардан ташқари бирорта ҳам манбаларда йўқ. (Қизиқиб қолган ўқувчилар Марказий Осиё тарихи бўйича мутахассис, ўзбекистонлик академик Эдвард Ртвеладзенинг “Александр Македонский Бақтрия ва Сўғдиёнада. Тарихий-жуғрофий очерклар”. Тошкент: “MEDIA LAND”, 2002) китоби билан танишиб чиқишни тавсия қиламиз.
Илмий археология бугунги кунда фақат македониялик Александр ўзининг Эрондаги Ахамонийлар империясининг бўйсундирилган собиқ сатрапияларига юришлари давомида (вилоятлари) Амударёни кечиб ўтиб, Бақтрия акобирларидан бирининг қизи гўзал Роксанага уйланганини ва шундан кейин шимолга қараб юриб, скифлар қабилалари билан ҳарбий тўқнашувларни амалга оширганини ва сафарининг охирида замонавий Тожикистондаги Сўғд вилоятининг маъмурий маркази Хўжанд шаҳри ёнида, Сирдарё соҳилида Искандария Эсхата дея аталувчи чегара қалъасини барпо этганини тан олади.
Бироқ “Фарғона” экспедицияси Ўзбекистоннинг кўплаб вилоятларида халқ ривоятларида ҳикоя қилинганидек, келиб чиқиши албатта Искандар Зулқарнайн даврига тақалиб борадиган ва унинг фаолияти билан боғлиқ муқаддас қадамжолар, меъморий ва табиат артефактлари билан кўп маротаба тўқнаш келди.
Фикри ожимизга кўра, қадамжолар ва улар билан боғлиқ ривоят ва афсоналарни иложи борича қўҳналаштириш тенденцияси Ўзбекистонда “халқ исломи” учун характерли бўлиб қолгани кўриниб турибди. Мамлакатда Библия персонажлари даврига тегишли Аюб, Довуд, Нўҳ ва ҳатто Одам алайҳиссаломлар номлари билан боғлиқ қадамжолар бор. Қуръонда номи зикр этилган Искандар Зулқарнайннинг номи ҳам мусулмонлар орасида эҳтиром ила тилга олинадиган персонажлардан саналади. Ислом анъаналарида ушбу тарихий подшоҳ аҳли тавҳидлардан бўлиб, Якка Худога эътиқод қилган ҳамда Заминнинг узоқ кунчиқар томонларида икки тоғ орасида дунё аҳлини даҳшатли яъжуж-маъжужлардан ҳимоя қилувчи темирдан девор барпо этган, деб ҳисобланади.
Искандар Зулқарнайн тўғрисида Қуръонда келтирилган ривоятларнинг умумий мазмуни ҳам македониялик Александр фақатгига Аллоҳнинг унга тақдим этган фазли-марҳамати туфайли ўзининг тарихий буюк ишларини амалга ошириши мумкин бўлганини уқтиради. Шунинг учун ҳам Зулқарнайн тўғрисида ривоят қилувчи маҳаллий афсоналар Ислом руҳиятига зид келмайди.
Тошкентдаги сарв дарахтзори тўғрисидаги ривоят пайдо бўлишининг иккита сабаби бор бўлиши мумкин. Шайх Хованди Тоҳур дафн этилган жойда чиндан ҳам аввалдан муқаддас дарахтзор бўлган бўлиши мумкин. Эҳтимол Шош воҳасига Ислом кириб келишидан ҳам олдинроқ. Шу билан бирга, шайх Умар Вали ва Хованди Тоҳурнинг туғилган қишлоғи бўлган Боғустон атрофидан келтирилган тоғ сарвлари кўчатларини валийларнинг ўзлари ёки унинг мақбарасини ободонлаштиришга қўл урган шогирдлари эккан бўлиши мумкин. Бироқ халқ хотирасида суюкли авлиёнинг нуфузи ва обрўсини янада кўпайтириш мақсадида бу ривоят эмас, ундан анча қўҳнароқ афсона сақланиб қолган бўлиши мумкин, деган эҳтимоллик йўқ эмас. Ҳар ҳолда, оддий одамларнинг назарида содир бўлган воқеаларнинг ўтмиши қанчалик қўҳна бўлса, унинг шуҳрати ва руҳий кайфияти шунчалик баландроқ ва диний расм-русмларга яқинроқ деган тасаввур мавжуд.
Алоҳида қайд этиш жоизки, замонавий Тошкентнинг қоқ марказидаги Хованди Тоҳур ёдгорлик мажмуаси айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом университетининг ҳудудида жойлашган. Шу туфайли мажмуанинг атрофи девор билан ўралган ва қўриқланмоқда, унинг ичига фақат битта эшикдан, университетнинг иш соатлари пайтида кириш мумкин. Хованди Тоҳур мақбарасини асосан уюшган саёҳатчилар экскурсиялари, илмий ходимлар ёки уламолар ва тавассуф тариқати вакиллари зиёрат қилишмоқда. Бугунги кунда бу ерда оддий зиёратчиларни кам учратасиз.
-
17 Май17.05ФотоҒамгин кўзли булбулТошкентда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳайкали очилди
-
21 Июнь21.06Барча фильмларга — «марҳабо» деймиз!Мумтоз кинорежиссёр Али Ҳамроев Тошкент кинофестивали кинода мавжуд «ғуборларни ювиб ташлаши»га ишонади
-
03 Июнь03.06«Тергов ишлари тахминларга асосланган ҳолда нохолис олиб борилмоқда»Адвокат Сергей Майоров билан блогер Миразиз Базаров ишига доир суҳбат
-
10 Август10.08ФотоСуусамир водийсининг ҳаётбахш ичимлигиҚимиз тайёрлашнинг қўҳна сирини кимлар асраётгани ҳамда олис яйловга бишкекнинг нега керак бўлиб қолгани ҳақида
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
29 Июль29.07Фақат ўз одамлари учун очиқШайтонга қарши — «дезинфекцияланган тошлар»: коронавирусга қарши кураш Ҳаж амалларига қандай таъсир кўрсатгани ҳақида