Ўзбекистонда икки марта аҳолини рўйхатга олиш режалаштирилмоқда. Биринчиси, синовли аҳолини рўйхатга олиш 2020-2021 йилларда бўлиб ўтади. Бу ўзига хос рўйхатга олиш бўйича машғулот сифатида, 2022 йилда бўлиб ўтадиган асосий рўйхатга олишдан олдин оралиқ танлов йўли билан ўтказилади. Синовли рўйхатга олиш вақтида ушбу тадбирга нафақат рўйхатга олувчи ходимларнинг, балки аҳолининг ўзи ҳам қанчалик тайёрлиги маълум бўлади.
Бироқ ҳозирнинг ўзида расмийлар ушбу аҳолини рўйхатга олиш жараёнида муайян муаммолар юзага қалқиб чиқишидан ташвишланмоқдалар. Мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси шу чоққача аҳолини рўйхатга олишдан нима маъно борлигини очиқ-ойдин тушунмаяптилар ва биринчи имконият туғилиши билан ўзларини бу жараёндан четга олишга интиладилар. Одамлар биринчидан, давлатга ишонмай қўйганлар ва бу анъанага айланиб бўлган ва шунинг учун зарурат бўлмаса, кўзга ташланмасликка ҳаракат қилишади. Иккинчидан, улар ўзларига тегишли шахсий маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланишлари мумкинлигидан, фирибгарларнинг қўлига тушиб қолишидан ташвишланадилар.
Статистика ҳамма нарсани билишни истайди
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш жараёнига республика расмийлари пухта тайёргарчилик кўрган ҳолда киришмоқдалар. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг февраль ойида аҳолини рўйхатдан ўтказиш концепциясини тасдиқлади. Бир йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб экспертлар муҳокамасидан ўтган ҳамда парламент томонидан маъқулланган ҳужжат қонун шаклига кириб, давлат раҳбари томонидан имзоланди.
Қонунда айтилишича, аҳолини рўйхатга олишдан мақсад узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун республика аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумотларни олишдан иборат. Ҳужжатда аҳолини рўйхатга олиш жараёнининг барча асосий тушунчалари ва босқичлари санаб ўтилган. Фуқароларни қизиқтираётган асосий нарса эса – сўров варақчаси: давлатга улардан қандай маълумотлар керак бўлиб қолганини билиш керак?
Дастурда қуйидаги саволлар жойлаштирилган:
· Фамилияси, исми ва шарифи
· Туғилган санаси ва жойи
· ёши
· жинси
· миллати
· фуқаролиги
· яшаш жойи (турган ери)
· Нечта тилларни билиши
· Маълумоти
· Оилавий аҳволи
· Фарзандлар сони
· Уй хўжалиги таркиби
· Уй-жой шароити
· Бандлиги
· Тирикчилик учун маблағлар манбаи
· Миграция (ташқи ва ички).
Ушбу рўйхатга қўшимча саволлар фақат республика ҳукуматининг қарори билан киритилиши мумкин. Шу билан бирга, сўров варақчасига жавоблари давлат, тижорат ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа турдаги маҳфий ёки инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган маълумотлардан иборат бўлган саволларни киритиш мумкин эмас.
Анкеталарни тўлдириш билан махсус тайёргарликдан ўтган одамлар шуғулланадилар, улар барча зарур маълумотларни ёзиб борадилар. Агар фуқаролар берилган саволларга жавоб беришдан бош тортсалар, унда керакли маълумотлар маҳалла фуқаролари йиғинларининг идораларидан олинади. Ўзбекистонда қонун аҳолини рўйхатга олиш иштирокчисининг розилигисиз очиқланиши мумкин бўлмаган шахсга тегишли маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Процедура ўн йилда бир мартадан кам бўлмаган муддатда ўтказилиши лозим.
Аҳолини рўйхатга олиш биринчи марта ўтказилаётгани йўқ
Олдин айтиб ўтилганидек, бўлгуси аҳолини рўйхатга олиш жараёни мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб қолади. Аммо бу мамлакатда илгари ҳеч қачон фуқароларни рўйхатдан ўтказилмаганини англатмайди.
Ўзбекистон ҳудудида биринчи марта аҳолини рўйхатга олиш 1897 йилда ўтказилган. Ўшанда 3.9 миллион киши рўйхатга олинган бўлиб, бу ҳозирги 34 миллион рақамига умуман таққослайдиган даражада эмас. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида советлар ҳукмронлик қилган даврда ҳам бир неча марта аҳолини рўйхатдан ўтказилган. Сўнгги бор бу иш 1989 йилда амалга оширилган.
Ўтган асрларда аҳолини рўйхатга олинишининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида “Фарғона” нашрига тошкентлик ёзувчи ва тарихчи Борис Голендер сўзлаб берди.
— Аҳолини рўйхатга олиш – бошқарув, молиялаштириш ва келажакни прогноз қилиш учун жуда муҳим ресурс саналади. Раҳбарлар буни инқилобдан олдинги даврларда ҳам жуда яхши тушунишган. Боз устига, Туркистон Россия империяси учун ўрганилмаган ўлка эди. Аксарияти саводсиз ва рус тилида умуман сўзлашишни билмайдиган аҳоли ўртасида оралатиб статистик маълумотларни тўплашга тўғри келганди ўшанда. Туркистон ўлкасининг раҳбарлари аввалига Тошкентда аҳолини оралатиб рўйхатга олдилар, сўнгра бу ишни Туркистоннинг бошқа вилоятларида ўтказдилар. Бу ишни амалга оширмай туриб, ўлканинг иқтисодиётини ҳеч қанақасига ташкил этиб бўлмас эди. Туркистоннинг биринчи генерал-губернаторларидан бири, 1894-1898 йилларда Туркистон ҳарбий округининг қўмондони бўлган Николай Оттонович Розенбах ҳар бир вилоятда махсус статистика қўмиталарини ташкил этган ва бу тузилмалар, шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш ишлари билан шуғулланган.
Маълумотлар одамларнинг сўзларидан ёзиб олинар ва ўша фурсатнинг ўзида бир нечта қийинчиликлар юзага келишни бошлаган эди. Аҳолининг рўйхатга олишда статистик маълумотларни тўплаш ишида европалик аҳоли орасида ҳеч қандай муаммо туғилмади, аммо мусулмонлар орасида бу ишни амалга ошириш амри маҳол бўлиб қолди: ўшанда кимдир аҳолини рўйхатга олиш ўлкада итиқомат қиладиган эркакларни Россия императорининг армиясига хизмат қилишга олиб кетиш ниятида ўтказилмоқда, деган миш-мишларни тарқатди. Шунинг учун ҳам битта хонадонда ўртача нечта одам яшашини тахминан белгилашга тўғри келди. Бундан ташқари, бу ишларнинг ҳаммасини мусулмонларга солинадиган солиқларни белгилаш учун керак деган иддао билан ҳам боғладилар. Мусулмонлар ўз оилаларидаги фарзандларининг сонини ҳам яширишга уринишгани учун уларнинг сонини “сунъий” йўл билан ҳисоблашга тўғри келарди.
Бундан ташқари, одамларнинг миллати ва тилини аниқлашда ҳам муайян муаммолар мавжуд эди. Гап шундаки, Ўрта Осиёда одамлар ўртасида миллати бўйича ажратишлар йўқ эди, шаҳарликлар ўзлари ҳақида “биз мусулмонмиз” дейишарди. Мисол учун, аҳолининг фақат 8 фоизи ўзини ўзбек ҳисоблаган эди. Олдин шунақа бўлган: одам Самарқандда истиқомат қилган бўлса, ўзини самарқандликман, Бухорода яшаган бўлса, бухороликман деб келган.
Совет ҳукумати томонидан 1925 йилда Ўзбекистон республикасининг ўша пайтдаги пойтахти Самарқандда ўтказилган биринчи аҳолини рўйхатга олиш жараёнини ўрганиб чиққан филолог, журналист ва жамоатчилик арбоби Рубен Назарьянга кўра, унинг натижаларини объектив ҳисоблаб бўлмайди.
“Аҳолини рўйхатга олувчилар Самарқандда истиқомат қилаётганлар орасида кўчманчи оилаларнинг сони кўплиги боис, фуқароларни ҳисобга олишда қийинчиликларга дуч келдилар, шунинг учун ҳам асосан ўтроқ европалик аҳоли ўртасида иш олиб борилди, — дея ҳикоя қилади олим. – Шаҳарнинг мусулмонлар яшайдиган қисмида тил билмаслик ва тушунмаслик важидан аҳолини рўйхатга олиш расман ва юзаки ўтказилди”. Шунинг учун ҳам сўров ўтказилган 18 минг нафар самарқандликлар орасида ярмидан кўпини руслар ташкил этган, ўзбеклар эса шаҳарликлар орасида бор-йўғи 1,6% бўлган холос.
Назарьян ўзининг мақоласида расмийлар турар жой масаласига алоҳида эътибор қаратганларини таъкидлаб ўтган. Ва битта қизиқ тафсилот юзага чиқиб қолди – маълум бўлишича, Самарқанд аҳолисининг деярли ярми ўша пайтдаги белгиланган меъёрлардан кам бўлган яшаш майдонига эга бўлишган экан. Ўшанда бир кишига меъёр бўйича 6.8 квадрат метр майдони бўлиши керак эди, аммо кўпчилик амалда 1.4 квадрат метр билан кифояланиб яшаган экан.
Олдин қайд этилганидек, яшаш шароити тоифасидаги савол замонавий сўров варақаларига ҳам киритилган. Шунинг учун ҳам тез орада самарқандликлар юз йил давомида ўзларига тегишли майдонни кенгайтира олдиларми ва кенгайтирган бўлсалар қанчага, деган саволнинг жавобини олиш имконияти пайдо бўлади.
Илгари санашган, ҳозир санашяпти ва бундан кейин ҳам санайдилар
Биринчи қараганда, аҳолини рўйхатга олиш яқинда ўйлаб чиқарилган тадбирга ўхшаб кўриниши мумкин. Бироқ аслида аҳолини ҳисобга олиш институти минг йилдан зиёд анъаналарга эга. Бир неча минг йиллар олдин ҳам Қадимий Хитойда, Мисрда, Месопотамияда, Қадимий Юнонистонда ва Римда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилган. Ўша пайтларда бу иш биринчи навбатда солиқ тўловчиларнинг сонига аниқлик киритиш, урушга сафарбар қилишга яроқли қанча навкарлар борлигини билиш учун ўтказилган, шунинг учун рўйхатга фақат эркаклар киритилгани ҳам рост.
Бизнинг давримизда ушбу иккита вазифага бир талай бошқа мақсадлар ҳам қўшилган. Давлат нафақат фуқароларнинг жинсини, умумий сони билан қизиқади, балки мамлакат ҳудудида қайси миллат вакиллари истиқомат қилишлари, қайси тилда сўзлашаётгани, одамларнинг қандай маълумотга эга эканликлари ва ҳоказо маълумотларни билишни истайди. Буларнинг ҳаммаси давлатга келажакда қанча болалар боғчалари, мактаб ва поликлиникалар очишдан бошлаб, қанча турар жой бинолари-ю, қанча янги автомагистраллар қуриш кераклигини режалаштириш учун керак.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча мамлакатларга 2015 йилдан 2024 йилгача аҳоли ва уй-жой фондлари бўйича батафсил статистикани тақдим этишни тавсия қилган. БМТ маълумотига кўра, 2020 йилда дунё бўйича умумий аҳолиси бир миллиардни қамраб оладиган 50 та мамлакатда аҳоли рўйхатга олиниши кутилмоқда. Ушбу рўйхатда Япония, Индонезия, Таиланд, Жанубий Корея, Аргентина ва бошқа кўплаб мамлакатлар ўрин олган.
АҚШ ҳам 2020 йилда ўзининг умумий аҳолисини рўйхатга олишни режалаштирган – тадбир апрель ойида бошланиши керак. Бу тадбирга мамлакат расмийлари алоҳида эътибор қаратмоқдалар, Америкада аҳолини рўйхатга олиш якунлари бўйича сайловчилар округларининг хариталари тузилади, федерал маблағлар тақсим қилинади. Қайд этиш жоиз, АҚШда информацияга муносабат жуда ҳам эҳтиёткор: аҳолини рўйхатга олиш бюросининг ходими агар бирор кишининг шахсга оид маълумотларини очиқлаб қўйса, уни 250 минг АҚШ доллари миқдорида жарима ёки беш йиллик қамоқ жазоси кутади.
Хитой 2020 йил ноябрида республика тузилган вақтдан бошлаб еттинчи марта умумий аҳолини рўйхатга олишни бошлайди. Хитойнинг асосий муаммоси – аҳолини рўйхатга олиш иши ҳаммани қамраб ололмаслигида. Гап шундаки, Хитой 1979 йилдан бошлаб “Битта оилага – битта бола” сиёсатини қўллай бошлаган. Шу муносабат билан кўп болали қишлоқ аҳолиси йирик жарима ва жазоларга тортилмаслик учун биттадан ортиқ туғилаётган фарзандларини рўйхатдан ўтказмай келадилар. Айнан шунинг учун ҳам Чин-Мочиндаги аҳолини рўйхат олиниши якуни етарли даражада тахминий, ҳақиқатдан йироқ маълумотларни бериб келган. 2015 йилдан бошлаб болалар туғилиши устидан назорат енгиллашган, аммо оила аъзоларини ҳукумат вакилларидан яшириш одати барибир йўқ бўлиб кетмаган.
Европа иттифоқи мамлакатлари аҳолини рўйхатга олишни 2021 йилга қолдиришга қарор қилдилар. Россия эса кечиктиришдан фойда йўқ, деган хулосага келиб, ўн иккинчи бутунроссия аҳолини рўйхатга олиш тадбирини 2020 йилнинг 1 дан 31 октабрь оралиғида ўтказишни режалаштирмоқда.
Россия фуқароларининг ўзлари давлат хизматларининг ягона порталида электрон варақларни тўлдириш имкониятига эга бўлиши бу сафарги аҳолини рўйхатга олишдаги асосий янгилик бўлиб қолади. Айтгандек, МДҲ мамлакатлари орасида Беларусь ўтган йили биринчи бўлиб аҳолини рўйхатга олишни электрон воситалари ёрдамида амалга оширди. Бу йилги кузда амалга оширилиши режалаштирилаётган аҳолини рўйхатга олиш жараёнида Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам замонавий технологияларни қўллаши кутилмоқда.
Умуман олганда, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги таркибига кирган мамлакатлар 2020 йилга яқин муддат оралиғида аҳолини рўйхатга олишни келишиб олгандилар. Маълумотларни синхронлаштириш фойдадан ҳоли эмас, чунки шунда чет элларга пул ишлаб олгани вақтинчалик чиқиб кетган ҳамда доимий яшаш жойини ўзгартирган одамларни ҳисобга олган ҳолда миграциявий оқимлар бўйича реал маълумотларни олиш мумкин бўлади. Бундан ташқари, аҳоли сони бўйича ҳисоб-китоблар бутун МДҲ мамлакатлари ҳудуди бўйлаб меҳнат бозори бўйича маълумотларни олишга имконият беради.
Азиз Якубов, Лолита Юлдашева
-
03 Июнь03.06«Тергов ишлари тахминларга асосланган ҳолда нохолис олиб борилмоқда»Адвокат Сергей Майоров билан блогер Миразиз Базаров ишига доир суҳбат
-
10 Август10.08ФотоСуусамир водийсининг ҳаётбахш ичимлигиҚимиз тайёрлашнинг қўҳна сирини кимлар асраётгани ҳамда олис яйловга бишкекнинг нега керак бўлиб қолгани ҳақида
-
31 Июль31.07«Яна бир ҳафта ўтиб кетганида, тирик чиқмаган бўлардим»Ўзбекистонда беморлар касалхоналардан, тиббиёт ходимлари эса карантиннинг бекор қилинишидан қўрқишларининг сабаблари ҳақида
-
27 Июль27.07«Асқаровнинг ўлимидан кўпгина жиноятчилар манфаатдор эдилар»«Фарғона» АА Бош директори Даниил Кислов мурожаати
-
24 Июль24.07ФотоЎтмиш ёдгорликлариТошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди
-
30 Июнь30.06Army of CodersЎзбекистонда миллион дастурчи тайёрлаш бўйича вазифани қандай қилиб бажаришаётганлари ҳақида