Душанбе ҳокими лавозимини эгаллаб келган Тожикистон президентининг ўғли Рустам Имомали 17 апрель куни парламент юқори палатасининг (Мажлиси миллий) раиси этиб сайланди. Унинг номзоди маҳфий овоз бериш йўли билан бир овоздан маъқулланди. Парламент раиси лавозими Рустам Имомалини Тожикистон ҳокимияти иерархиясида иккинчи шахсга айлантириб қўйди. Амалдаги Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбарининг ўлими ёки мансаб лавозимини бажаришга лаёқатсиз бўлиб қолгани ҳолатида унинг ваколатлари янги сайланган президент ўз лавозимига киришгунига қадар парламент юқори палатасининг раисига ўтади.
Илгари бундай алоҳида ҳуқуқ 20 йил давомида Душанбенинг собиқ ҳокими, бир палатали парламент 2000 йилда икки палатали парламентга айлантирилганидан бери воиз (спикер) лавозимини эгаллаб келган Маҳмадсаид Убайдуллоевга тегишли бўлган.
Регионал келишмовчиликми?
Айнан Убайдуллоев узоқ йиллар давомида, пойтахт ҳокими лавозимидан истеъфога чиқарилгунига қадар давлатнинг нафақат де-юре, балки де-факто ҳам иккинчи шахси саналган. Келиб чиқиши (жанубий тожикистонликлар вакиллари бўлмиш) кўлоб кланининг бир қисми саналган нуфузли фархор клани вакили бўлган бу одам ўз вилоятининг вакиллари орасида катта обрўга эга бўлганидан ташқари, Раҳмонга янг яқин саналган одамлардан бири бўлган. Шу билан бирга, унинг Москвада нуфузли ҳомийлари бор ҳамда президентга рақобат қилиш салоҳияти эга сиёсатчи деб санашган.
Убайдуллоев 2017 йилда пойтахт ҳокими лавозимидан маҳрум этилганида эса унинг обрўсига путур ета бошлади. Ўшанда сиёсатчининг пойтахт ҳокими лавозимидаги фаолияти текширувдан ўтказилиши эҳтимоли мавжуд деган маълумотлар пайдо бўлганди, лекин шу йилнинг март ойидаёқ уни “Парламентаризмни ривожлантиргани учун” ҳурмат белгиси билан тақдирладилар. Мукофот Россия Федерациясининг Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко томонидан топширилди. Ўшанда кўпчилик экспертлар ушбу маъноли ишорани Москванинг Убайдуллоевга нисбатан яширин ҳомийлиги сифатида баҳолаган эдилар.
Душанбелик сиёсий шарҳловчи исми сир қолиш шарти билан “Фарғона” агентлигига билдиришича, Убайдуллоевнинг ўрнига Рустам Имомалининг тайинланиши қачонлардир президент Раҳмонни вилоятлараро курашда (1992-1997 йиллардаги фуқаролик уруши назарда тутилмоқда. – “Фарғона” изоҳи.) қўллаб келган кўлоб кучлари “иттифоқи”нинг узил-кесил парчаланганига далил бўлмоқда.
“Маҳмасаид Убайдуллоевнинг сиёсат майдонидан четлатилишини Кўлоб региони етакчиларининг сафида ўтказилаётган планли “тозаловнинг” давоми сифатида баҳолаш мумкин. Бу сўзсиз Раҳмоннинг мамлакат жанубидаги таянчини заифлаштириб қўяди ҳамда мухолифат учун муайян истиқболларини очиб беради. Бундан ташқари, жанубликлар орасида унинг сиёсатидан норози бўлган шахсларнинг янги вакиллари пайдо бўлиши мумкин”, – дея тахмин қилади эксперт”.
Транзитнинг янги босқичи
Тожикистон расмийларида, афтидан бунақанги хавотирлар йўқ. Душанбе изчиллик билан ҳукмдорлик тизгинини белгиланган шахсга узатиш жараёнини амалга ошириб келмоқда. Бу жараён 2016 йилда бошланган бўлиб, ўшанда мамлакат Конституцуиясига қатор ўзгартиришлар киритилди: хусусан, президентликка номзоднинг энг кам ёши 35 дан 30 гача туширилди (Рустам Имомали ҳозир 32 ёшда. – “Фарғона” изоҳи), ҳозирги президентга Миллат етакчиси мақоми тақдим этилган ва у президентликка ўз номзодини чекланмаган маротаба қўйиши мумкин.
Бу давр мобайнида эса Рустам Имомали бошқарув кўникмаларини эгаллаши учун турли давлат лавозимларида “обкатка”дан ўтди. Душанбе шаҳар ҳокими этиб тайинлангунига қадар у Давлат молия назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлигида, Божхона хизматида, Инвестициялар ва давлат мулки қўмитасида турли лавозимларда ишлади ҳамда Тожикистон Футбол федерациясига раислик қилди. Бироқ у пойтахт шаҳар ҳокими лавозимида ўзини кўпроқ кўрсата олди. Унинг бошқаруви даврида кўплаб архитектура лойиҳаларининг амалга оширилиши, шаҳарни ободонлаштириш, спорт ва болалар майдончаларининг қурилиши, фуқароларнинг шикоятларига ўз вақтида жавоб берилиши ҳамда Тожикистон пойтахтидаги қатор ўзгаришлар қайд этилмоқда. Танқидчиларга кўра, аҳолининг бўлгуси президентга мойиллигини таъминлаш учун изчиллик билан Рустам Имомали мисолида яхши натижаларга эришиш салоҳиятига эга шахснинг сиймоси яратилмоқда. Шу билан бирга, ҳокимнинг шахси ҳақидаги маълумотлар одамлар учун ҳамон номаълум бўлиб қолмоқда, негаки у шу чоққача ўзини ҳар қанақасига намоён этишдан тийган, шаҳар аҳолиси ва журналистлар билан учрашувлар ўтказмаган ҳамда оммавий баёнотлар билан чиқмаган.
Қирғизистонлик сиёсатшунос Наргиза Мураталиева Тожикистондаги ҳокимиятни мустаҳкамлашга йўналтирилган сценарийни олдиндан прогноз қилиш мумкин, бироқ унинг барқарорлигини иккиёқлама баҳолашга тўғри келади, дея ҳисобламоқда.
“Қисқа ва ўртача истиқболда режим юқоридаги барқарорлик даражасини намойиш этмоқда: мухолифатдаги партиялар босим остида, ҳукмдор Тожикистон Халқ-демократик партияси сиёсий соҳада устунликка эга, Раҳмон эса патронаж системасига, назорат остидаги суд органларига, оммавий ахборот воситаларига ҳамда қудратли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таянмоқда. Бироқ автократик режим узоқ муддатли истиқболда бунақанги таъсир кучига эга бўлишига кафолат бера олмайди. Давлат инситиутининг самарасизлиги ҳамда коррупция даражасининг кўтарилиб кетгани шароитида Тожикистоннинг сиёсий тизимида кўп сонли ички сиёсий таҳликалар ва дисбаланс сақланиб қолмоқда. Шунингдек, автократик режим тизимида фикрлар плюрализми йўқ, демак инқироз шароитида самарали бўла оладиган ностандарт ва креатив қарорларни ишлаб чиқариш ва амалга ошириш учун шароитлар йўқ. Бундан ташқари, коронавирус пандемияси ва ундан кейин келадиган иқтисодий инқироз Тожикистон режими ва унинг заиф иқтисодиёти учун ўзига хос стресс-тест бўлиб хизмат қилиши мумкин”, — дея қайд этади Наргиза Мураталиева.
Тожикистонда коронавирус юқтирилишининг бирорта ҳолати расмий тарзда қайд этилмаган, бироқ сўнгги кунларда содир бўлаётган ўлим ҳолатларини расмийлар оддий пневмония ва совиб кетган об-ҳаво билан боғлашмоқда. Агар мамлакатда вируснинг бор ёки йўқлиги ҳақида гапириш мумкин бўлмаса, унда Тожикистоннинг импортга ҳамда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг деярли 40 фоизи даражасигача кўтарилган меҳнат мигрантларининг пул жўнатмалари каби ташқи омилларга қарамлигини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодиётга салбий оқибатлари очиқ-ойдин. Шунинг учун ҳам Россия ва Хитойдаги иқтисодий кўрсаткичларнинг ёмонлашуви Тожикистон иқтисодитага тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, сўнгги йилларда ғарбий молиявий ташкилотлар республикадаги самарасиз бошқарув ва коррупция туфайли Тожикистонга кредитлар ажратишни унчалик истамай қолдилар.
Ички монополизация ва ташқи ўйинчилар
“Айни пайтда Тожикистондаги учта асосий – давлат раҳбари, парламент юқори палатасининг раҳбари ва президент администрациясининг раҳбари лавозимлари битта оиланинг қўлида жамланиб қолди (Имомали Раҳмон администрациясини президентнинг тўнғич қизи Озода бошқармоқда. – “Фарғона” изоҳи.). Боз устига, давлатдаги барча иқтисодий активлар ва даромадли соҳалар биринчи оила ва уларнинг қариндошлари ўртасида тақсимланиб бўлган, шунинг учун монополиялаштиришнинг кенгайиши билан қолган активлар учун кураш борган сари шавқатсиз равишда кучаяди”, — дейди комил ишонч билан душанбелик сиёсатшунос.
Ҳозирги тизимда ягона доминант фигура, бу президент бўлиб, барча сиёсий институтлар унинг қўлида жамланган. Давлат раҳбари бир вақтнинг ўзида ҳукумат раҳбари ҳамдир, у барча вазирларни, уларнинг ўринбосарларини, туман ва шаҳарлар ҳокимларини тайинлайди. Парламентнинг қуйи палатасида унинг партияси 63 ўриндан 46 тасини эгаллаган, қолган партиялар расмийларнинг назорати остида. 33 та сенатордан саккизтасини президентнинг шахсан ўзи тайинлайди. Бундай тизимнинг заиф жойи шундаки, иқтисодётдаги аҳвол ва фуқароларнинг фаравонлиги ёмонлашиши билан, ҳаробгарчилик ва таназзул учун айнан давлат раҳбари масъул бўлади.
“Мамлакатда мухолифат йўқлигига қарамай, расмийлар норозиликларнинг юзага чиқишидан хавфсирайдилар ҳамда ҳокимият тизгинини керакли қўлларга ўтказишнинг барча эҳтимолий йўлларини ўрганиб чиқадилар. Албатта, бунинг энг оддий йўли – Рустам Имомалини қонуний президентликка сайловлар ўтказиш орқали олиб келиш бўлар эди. Бироқ мен 2020 йилда Раҳмон лавозимини тарк этади деб ўйламайман. У ўз лавозимини ҳаддан зиёд севади ва кучдан қолмагунича ҳукмдорлик қилади. Бироқ оиласининг эҳтиёт чорасини кўриш учун ўғлининг сиёсий тизимдаги иммунитетини максимум даражада кўтариб қўйди”, — дея экспертнинг ишончи комил.
Шундайми ёки бошқачами, лекин Тожикистондаги сайловчилар сиёсий жараёнларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиш имкониятидан маҳрум қилинган. Республикада чинакамига сиёсий кураш йўқ, сайлов жараёни эса шаффоф эмас. Мамлакатда ҳаммасини қачонлардир Имомали Раҳмонни фуқаролик урушида қўллаган ва шу чоққача Россия Федерацияси ҳудудидан ташқарида энг катта ҳарбий базасини сақлаб турган Москва ҳал қилади, дея фикрлашга ўрганиб қолишган. Шунингдек, Душанбе учун энг асосий иқтисодий ҳомий ва инвесторга айланган Пекиннинг таъсирини ҳам ҳисобдан чиқариб бўлмайди. Мазкур ҳолатда эҳтимол Россия ҳам, Хитой ҳам Тожикистондаги кучларнинг ҳозирги баланси сақланиб қолишидан манфаатдор бўлиши мумкин.
“Биз давлатнинг инвестицияларни жалб эта олиш салоҳияти ЯИМ ўсишининг омилларидан бири эканлигини биламиз. Жаҳон банки маълумотига кўра, 2019 йилда Тожикистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларда Хитойнинг улуши 75 фоизни ташкил этади. Хорижий инвестицияларнинг бу каби шаклланган структурасида Хитой ҳар ким билан, шу жумладан, мамлакатнинг янги раҳбарияти билан ҳам тил топиша олади. Бироқ шу билан бирга, Ғарб дунёсини ҳисобга олмайдиган бўлсак, ташқи ўйинчилар учун аслида режимнинг асосий фигуралари сақланиб қолгани қулайроқ. Бундай ҳолатда аввалги мажбуриятлар ва келишувларнинг муддати автоматик тарзда узайтирилади, холос”, — дея қайд этади Наргиза Мураталиева.
Россиялик сиёсатшунос-шарқшунос Алексей Малашенко ҳам Москва статус-квонинг сақланиб қолишидан манфаатдор деб ҳисобламоқда:
“Тожикистонда ҳукмдорлик кимнинг қўлида бўлмасин, энг асосийси – икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар яқин бўлсин, республика Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирсин, ҳеч нарса ўзгармасин. Москвалик сиёсатчилар муайян шахсларга одатланиб қоладилар, улар билан ҳамкорликда иш олиб борадилар, аммо уларнинг ўрнига бирорта янги одам келса, уларда қандайдир хавотир пайдо бўлади”, — дея қайд этади у.
Ҳасан Муҳиббий
-
28 Июнь28.06Шаҳардаги мавҳум эркинликХитой мустамлакачилиги Урумчидаги уйғурларнинг фитратини қандай қилиб ўзгартираётгани ҳақида
-
25 Июнь25.06Ўзбекистоннинг илк ташрифиТошкент илк бор ўз ҳарбийларини Москвадаги Ғалаба парадига юборди. У ерда аскарлар қўшнилар билан қўшилиб кетди
-
03 Июнь03.06Ҳоким одамларнинг жонига тегди, ҳокимга эса тош бориб тегдиСўх воқеалари Фарғона вилояти ҳокимининг ишдан кетишига энг сўнгги далил экани тўғрисида
-
17 Январь17.01«Эрк» бир чамалаб кўрдиЎзбекистоннинг биринчи мухолифатдаги партияси фаоллари Адлия вазири билан нималар тўғрисида суҳбатлашгани тўғрисида
-
10 Декабрь10.12«Биз пўстин, қалпоқ, қўлқопда ухлаймиз»Совуқ тушиши билан Ўзбекистонда бирин-кетин электр узилиши ҳолатлари кузатилмоқда
-
06 Декабрь06.12Сиз қуриб беринг – биз бузамизШҲТ-2016 саммити олдидан реконструкция қилинган Тошкент маҳалласини “Москва кўп қаватли турар-жойлари” учун бузишади