Қозоғистонда яна интернетни узиб қўйишди. Вазият барқарорлашгандек туюлганига қарамай, алоқа кунига бир неча соат тикланяпти холос. Шу билан бирга, одамларнинг кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари фойдаланиши имконсиз – уларни блоклаб ташлаяптилар.
Қозоғистон деярли бир ҳафтадан бери ахборот блокадасида бўлишига қарамай, «Фарғона» нашри таҳририятига ушбу мамлакат Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлигидан сайтимиздан «ноқонуний материаллар»ни ўчириб ташлашга доир «бахт мактуби» келиб тушди.
Қозоғистон цензура маҳкамаси бир кун аввал чоп этилган «Террорча транзит» номли мақоламни «ноқонуний» деб таснифлади. Бироқ, улар мақолада келтирилган маълумотларнинг айнан қайси бири «ёлғон маълумот» ва «Қозоғистон жамияти ва давлати учун хавф туғдирувчи» эканини тушунтириб беришга бошини қашиб ҳам қўймадилар.
Мен вазирликка мазкур мактубни мустақил оммавий ахборот воситаларига босим, эркин фикр ва умуман сўз эркинлигига тўсқинлик қилиш, деб ҳисоблашимни билдирдим. Шунингдек, қуйидагиларни қўшимча қилмоқчиман.
Агар давлат идоралари менинг сўзларимга раддия берган ҳолда менга ҳам ҳудди шундай илтимос билан мурожаат қилсалар, бундан жуда хурсанд бўлардим. Улар камина муаллифлигидаги мақолани мавҳум ва тўлиқ «ёлғон» деб атамай, балки уни бўлак-бўлакларга бўлиб, айрим гапларим ҳақиқатга мос келмаслигини асосли равишда исботлаб берадилар. Қани, марҳамат қилсинлар!
Айниқса, фавқулодда вазият жорий этилган пайтда бевосита намойиш иштирокчиларига, жумладан уларнинг ташкилотчиларига савол бериш имкониятидан маҳрум бўлган журналист ҳар қандай ҳолатда ҳам «билиб туриб ёлғон маълумот» тарқатмайди. У фақат ўйлаган нарсасини ёзади. Ва унинг хато ва камчиликларга йўл қўйишга тўлиқ ҳаққи бор. Давлат органлари эса биз — журналистларга қаерда ва қандай хатога йўл қўйганимиз ёки нотўғри иборалар ишлатганимизни хушмуомалалик ва мулойимлик билан тушунтиришлари лозим. Албатта, аниқ факт ва ҳужжатларни тақдим этган ҳолда.
Менимча, давлат ҳокимияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари ўртасида айнан мана шундай мулоқот тарзи замонавий жамиятда норма сифатида қабул қилинган. Хўжайиннинг бақиришию ва суддан ташқари блоклаш эмас.
Қозоғистон расмийлари мустақил оммавий ахборот воситаларини «олдиндан ёлғон маълумотларни тарқатишда» айблаш ўрнига, содир бўлаётган воқеалар ҳақида жамият ва дунёни тўлиқ маълумотлар билан таъминлаши лозим. Ҳақиқий ёки ҳеч бўлмаганда ишончли тарзда кўринадиган маълумотлар билан.
Масалан, нафақат журналистларни, балки ўз фуқароларингизни ҳам ташвишга солаётган қуйидаги саволларга жавоб бериш лозим.
❓ Элбоши ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга нима бўлди? Сўнгги 12 кун ичида у қаерда бўлди ва нима учун у воқеаларга ҳеч қандай тарзда изоҳ бермаяпти?
❓ Назарбоевнинг яқинлари, жумладан жияни Қайрат Сатибалдининг сўнгги воқеалардаги ўрни қандай?
❓ Нега Олмаотадаги ўта қўриқланадиган МХҚ биноси бандитлар томонидан осонликча босиб олинди ва талон-тарож қилинди?
❓ Марказий Осиё мамлакатлари, Афғонистон ва Яқин Шарқдан келган хориж жангчилари қандай қилиб Қозоғистон ҳудудига осонликча кириб келдилар?
❓ Нега қурбонлар рўйхати эълон қилинмаяпти? Уларнинг қанчаси террорчи, қанчаси тинч аҳоли вакиллари?
❓ Нега Твиттердан Тўқаевнинг жангарилар ва зўрланган аёллар ҳақидаги постлари ўчириб ташланди – бу ҳам тасдиқланмаган ва туҳмат қилувчи маълумотлар эдими?
❓ Нега шаҳарларни қуролли шахслардан «тозалаш» фонида фаоллар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини тинч намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олишлар давом этмоқда? Мамлакат мустақил касаба уюшмаларининг бир нечта етакчилари бирданига қаерга гумдон бўлди?
Умид қиламанки, президент Токаевни Қозоғистондан минглаб чақирим олисда ўтирган журналист ёки блогер нималар ёзгани эмас, балки унинг халқи бир кун келиб бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ҳақиқатни билиб олармикан ёки йўқ, шу нарсалар кўпроқ ўйлантиради.
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди