Ўтган йил 15 августдан 16 августга ўтар кечаси Афғонистон пойтахти Кобул жангсиз «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари назоратига ўтди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас толиблар қаршиликнинг сўнгги маскани – тожиклар яшайдиган Панжшер вилоятини эгаллаб олдилар ва ўз ҳукумати таркибини эълон қилдилар. Бу ҳукуматни ҳали дунёнинг бирорта давлати тан олмади; толибларга қарши тарқоқ қуролли гуруҳлар бир неча вилоятларда партизанлар урушини олиб боришмоқда. Бироқ, толиблар ҳеч бўлмаганда чет эл ёрдами билан халқни оммавий очликдан қутқариб қолишга муваффақ бўлолди.
Толиблар ҳокимият тепасига келганидан бир йил ўтиб Афғонистонда нималар содир бўлаётгани ва улар охир-оқибат нималарга олиб келиши мумкинлиги – «Фарғона» материалида.
Аёллар масаласи
Афғонистон жамияти вакиллари, хорижий дипломатлар ва халқаро экспертларнинг толиблар ҳокимиятни эгаллаб олинганидан кейинги асосий хавотирларини эслатиб ўтамиз:
▶️ толиблар 1996-2001 йиллари Афғонистонда илк ҳукмронлик даврида бўлгани каби аёлларни ўз ҳуқуқларидан маҳрум қиладилар;
▶️ собиқ ҳукумат амалдорлари ва ҳарбий хизматчиларидан ҳамда сўнгги 20 йил ичида хорижий қўшинлар билан ҳамкорлик қилган одамлардан ўч оладилар;
▶️ гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва уларни хорижга етказиб бериш ҳажмини оширадилар.
Келинг, ушбу хавотирларнинг қай бири, қай шаклда рўёбга чиққанини кўриб чиқамиз.
Аёллар масаласидан бошлаймиз. Афғонистонда толиблар ҳукмронлиги даврида аёллар ҳуқуқлари сезиларли даражада чекланган эди. Радикал ҳаракат ҳокимият тепасига келгач, аксарият аёлларга давлат идораларида ишлаш тақиқланган, уларнинг хусусий компаниялардаги иштироки ҳам камайган. Сентябрь ойининг ўрталаридаёқ Хотин-қизлар ишлари вазирлиги Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигига айлантирилди.
Сўнгги бир йил ичида афғон аёллари «Толибон» сиёсатига қарши намойишлар уюштирдилар. Радикал ҳаракат жангариларининг бир неча фаол аёлларни ҳибсга олиши мамлакат ичида ҳам, ташида ҳам норозиликларга сабаб бўлди.
Ўтган 12 ой ичида толиблар раҳбарияти аёлларга нисбатан бир қанча фармонлар чиқарди. Шундай қилиб, 2021 йил 3 декабрда аёллар ҳуқуқларини ислом шариати асосида таъминлашга қаратилган олти моддадан иборат фармон эълон қилинди. Ушбу фармонга кўра, ҳеч ким ўз манфаати эвазига бировга аёлни тортиқ қила олмайди (бундай ҳолат америкапараст ҳукумат даврида ҳам, ундан олдин ҳам қишлоқларда қўлланилган).
2022 йил 7 май куни Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги аёлларнинг ҳижоб кийишига доир қарор чиқарди. Мазкур қарор моддаларидан бирида фармонга бўйсунмаган аёлларнинг васийлари жазога, жумладан, қамоққа олиниши айтиб ўтилган.
Аммо Афғонистонда ва унинг ташқарисида резонансга сабаб бўлган энг муҳим воқеа 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабда ўқишини тақиқлаш бўлди. Толиблар бу тақиқни бир неча бор «техник муаммолар» баҳонасида изоҳлашга уринишди – бироқ, кўп ойлар давомида муаммолар ҳал этилмади ва қизлар ҳамон таълим олиш имкониятидан маҳрумдирлар.
Репрессия ва гиёҳванд моддалар
Толиблар ҳокимиятни қўлга киритгандан кейинги биринчи матбуот анжуманида собиқ ҳукумат одамлари ва ҳарбий хизматчиларига амнистия ваъда қилганига қарамай, Афғонистонда ушбу тоифадаги фуқароларга нисбатан репрессиялар бошланди ва ушбу ҳолат ўн минглаб зиёли афғонларнинг мамлакатни тарк этишига туртки бўлди.
Афғонистоннинг турли вилоятларида собиқ амалдорлар ва ҳарбий хизматчиларнинг қийноқларга солинаётгани ва ўлдирилётгани ҳақида хабарлар мунтазам тарқалди.
Толибларнинг ватандошларни қайтариш бўйича комиссияси иш бошлаганидан сўнг қатағон пасая бошлади – бу жорий йилнинг баҳорида содир бўлди. Комиссия ўтган август ойида Афғонистонни тарк этган собиқ сиёсий тузумнинг ўнлаб юқори мартабали амалдорлари ва ҳарбий хизматчиларини қайтишга муваффақ бўлолди. Қайтганлар орасида афғон ўзбеклари раҳбари, маршал Абдул-Рашид Дўстумнинг энг яқин сафдошларидан бири Низомуддин Қайсарий ҳам бор. У июнь ойининг охирида Кобулга учиб келди.
Шу билан бирга, Афғонистонда 20 йилдан бери ишлаб келаётган япониялик ҳамкасбим толиблар асосан пуштунларни мамлакатга қайтаришга рози эканлигини айтади («Толибон» раҳбарияти асосан пуштунлардан иборат, ҳаракатнинг ўзи эса, аслида, ислом идеаллари ортига яширинган пуштун миллатчи ташкилотидир). Қолаверса, уларнинг кўпчилиги собиқ ҳукумат даврида порахўр сифатида танилган амалдорлар. Масалан, DABS давлат энергетика компаниясининг собиқ раҳбари Аманулла Ғолиб бунга мисол.
Гиёҳванд моддаларга келсак, вазият ноаниқ. Бир томондан, толиблар героин ишлаб чиқариш учун хом ашё бўлган кўкнори этиштиришни тақиқлади. Бошқа томондан, афғон фермерлари уни этиштиришда давом этмоқдалар, чунки уларда пул топишнинг бошқа имконияти йўқ.
Жорий йилнинг август ойи бошида Тожикистон президенти ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги директори Ҳабибулло Воҳидзода Афғонистонда «Толибон» радикал ҳаракатининг ҳокимият тепасига келиши билан Афғонистонда наркотик моддаларни чегарадан олиб ўтишга уриниш ҳолатлари кучайганини айтади.
«Маълумотлар таҳлили ва вазият мониторинги шуни кўрсатадики, 2021 йил августидан, яъни толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг, 2022 йил июнига қадар биргина Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош вилоятида уч тоннадан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинган. Таққослаш учун: 2020 йил давомида худди шу чегара ҳудудида бор-йўғи 1185 кг наркотик модда мусодара қилинганди», — дейди Воҳидзода.
Ўтган йиль ноябрь ойида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ушбу мамлакатда 2021 йили афюн ишлаб чиқариш 8 фоизга ошгани, 320 тоннага яқин соф героин жаҳон наркотик бозорларига чиқарилганини маълум қилганди.
Шу билан бирга, ҳукмронлик йилида толиблар собиқ ҳукумат йиллар давомида эриша олмаган муайян муваффақиятларга эриша олдилар. Бу ҳақда мақоланинг иккинчи қисмида сўз боради.
Давоми бор.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
28 Июль28.07Темир йўли йўлидаги конференцияТошкентда нима учун Афғонистонга доир конференция ўтказилгани ҳақида
-
19 Июль19.07«Урушгандан кўра, савдолашган афзал»Ўзбекистон Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига хавфсизлик муаммоларини иқтисодиёт орқали ҳал этишни таклиф қилди
-
14 Июль14.07Савдо, маданият, хавфсизликТошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро конференцияда олий мартабали меҳмонлар иштирок этадилар
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?