Толиблар ўз кучини намойиш этмоқчи

Афғон радикал ҳаракати улкан армия тузиш ҳаракатида
"Ой-М" ракета комплекси толиблар парадида. Афғонистон Миллий ТВ сюжетидан кадр

«Толибон»* радикал ҳаракати ўз армияси сонини 200 минг кишига етказмоқчи. Бу ҳақда толиблар армияси бош штаби бошлиғи Қори Фасиҳуддин Фитрат баёнот берди. «Келгуси йил армия сонини 150 мингдан 170 мингга оширишга ва аста-секин 200 мингга [ҳарбий хизматчиларга] етказишга қарор қилдик», — деди у.

2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилган пайтда «Толибон» жангарилари сони 100 минг кишига етган эди. Толиблар илк бор 2022 йил февралида ўз армиясини етарли даражада ошириш ниятини эканликларини эълон қилишди. Кейин улар ўз назорати остидаги қуролли кучлар сонини 150 мингга етказиш мақсадида бўлганини маълум қилдилар. Улар бу вазифани тезда уддасидан чиқишди. Ҳозирда «Толибон» армияси Марказий Осиёдаги постсовет мамлакатлари армиясидан каттароқдир. Масалан, толиблар қуролли кучлари Ўзбекистон армиясидан бир неча баробар кўп.

Радикал ҳаракат қўшинлари нимадан иборат ва улар ўз қўшниларига қандай таҳдид солиши мумкин – «Фарғона» буни аниқлашга ҳаракат қилди.

Партизанликдан аскарлик сари

Толиблар жангсиз Кобулга кириб, пойтахтни назорат остига олишидан олти ой олдин экспертларнинг аксарияти 2021 йил 11 сентябрга келиб хорижий қўшинлар Афғонистондан тўлиқ олиб чиқиб кетилган тақдирда ҳам америкапараст афғон ҳукумати Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари ҳаво ҳужумлари ёрдамида ўз армияси билан бир неча йил мамлакатни назорат қила олишини башорат қилишганди.

2021 йил баҳорида радикал ҳаракат ўзининг анъанавий «баҳорги ҳужуми»ни бошлади. Ҳудудининг катта қисмини тоғлар эгаллаган мамлакатнинг ўзига хос иқлими, қишда тоғ йўлларининг қалин қор остида қолиши сабаб кенг кўламли ҳарбий амалиётлар одатда кузнинг охиридан тахминан баҳорнинг мартигача тўхтайди.

2021 йил баҳори ҳам бундан мустасно бўлмади. Бир йил олдин, Қатарда толиблар Қўшма Штатлар билан тинчлик шартномасини имзолади, шунинг учун чет эл қўшинлари ҳарбий ҳаракатларда деярли қатнашмади. Шунга қарамай, радикалларга қарши 350 000 дан ортиқ Афғонистон ҳукумати хавфсизлик кучлари (расмий маълумотда шундай эди): армия, полиция, ҳукумат тарафдори бўлинмалар, турли ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг юқори профессионал махсус кучлари мавжуд эди. Хорижий иттифоқчилар уларни ўқ-дорилар, разведка маълумотлари билан таъминлаб, толиблар тўпланган ҳудудларга даврий ҳаво ҳужумларини амалга ошириб туришди.

Ўша пайтда радикалларнинг қўшини 70 минг кишига баҳоланган. Бу партизан армияси эди. Уларнинг на самолёти, на оғир артиллерияси, на зирҳли техникалари (Толиблар ҳукумат қўшинларидан чекланган миқдорда енгил зирҳли машиналарни қўлга кириторлгандилар, лекин улар муҳим рол ўйнамаганди) бор эди. Тўғри, «Толибон» отрядлари ҳукумат кучларига қараганда анча юқори мотивацияга эга эди.

Амалдаги ҳукуматни коррупция емириб бўлганди, чет эл иттифоқчиларнинг тарк этиши ҳукуматни мутлоқ тушкунликка солди, сиёсий режимнинг ўзи эса 20 йил давомида афғон халқига «ёрқин келажак»ни инъом қилолмади.

Менимча, атиги олти ой ичида толибларнинг бутун Афғонистонни эгаллаб, пойтахтга жангсиз кириб боришида асосий ролни айнан мотивация ўйнаган. Кобулни қўлга киритиш пайтида толиблар қўшини сони 100 мингга етди — уларга яқинда ҳукумат тарафдори бўлган қўшинларнинг бир қисми келиб қўшилди ва мунтазам афғон армиясининг бўлинмалари ҳам улар томонга оғди. Радикал ҳаракат сафлари ҳукумат назорати остидаги ҳудудлардаги «Толибон» тарафдорлари билан ҳам тўлдирилди. Ҳукумат кучлари илгари жойлашган ҳарбий базаларни эгаллаб олиш натижасида толиблар шу қадар замонавий қуролларга эга бўлдики, бунга қайсидир қўшни давлатнинг Мудофаа вазирлиги ҳавас қилса арзийгулик эди. Энди радикаллар партизан армиясидан тўлақонли мунтазам армия тузишлари аниқ эди.

Техника ва қўшинлар сони

2022 йил февралида, ҳокимият тепасига келганидан деярли олти ой ўтгач, толиблар ниҳоят чет эл қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан ва афғонпараст армияси мағлубиятга учраганидан кейин қанча қуролга эга бўлганини ҳисоблаб чиқишди: 300 мингта енгил қурол, 26 мингта оғир қурол ва 61 мингга яқин ҳарбий техника мавжуд эди. Бу ҳақда радикал ҳаракат томонидан тузилган Мудофаа вазирлиги вакили маълум қилди. Бу вақтга келиб, «Толибон» олган 80 та ҳарбий вертолётнинг ярмини таъмирлашга муваффақ бўлди — чет элликлар уларни атайлаб ишдан чиқариб, ташлаб кетишганди.

Жангарилар қўлга киритилган хориж қуролларининг аниқ сони ҳақида ёлғон гапирган бўлишлари ҳам мумкин, аммо тармоқда радикал ҳаракат ҳақиқатан ҳам улкан арсеналларни қўлга киритгани ҳақида кўплаб фотосуратлар ва видеолар эълон қилина бошланди.

Қолаверса, толиблар узоқ вақтдан бери афғон учувчилари қўшни Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб қочилган, Мозори Шариф ва Кобулдан олиб кетилган ҳарбий самолётларга даъво қилиб келишарди. АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, уларнинг 46 таси Ўзбекистонда, 18 таси Тожикистонда бўлган. Ўғирланган самолётлар орасида Ми-17, UH-60 вертолётлари ва PC-12, C-208, AC-208 и A-29 самолётлари бўлган. Толиблар ҳокимиятни эгаллашидан олдин Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари (ҲҲК) 160 га яқин самолёт ва вертолётларга эга эди.

«Толибон» ўз ҳаво кучларини яратишни ички сиёсатининг асосий устувор йўналишлардан бири деб эълон қилди — бу мамлакатда ривожланаётган гуманитар инқироз фонида юз берди. Улар қуруқликдаги қўшинларни нисбатан тез мунтазам армия ҳолатига келтиришга муваффақ бўлишолди: махсус кучларни ташкил қилиш ва тайёрлаш, зирҳли техника ва артиллериядан фойдаланишни ўзлаштириш, кечаги партизанлардан хизмат қоидаларига риоя қиладиган ҳарбий хизматчиларни яратишни амаллай олишди. Шунингдек, собиқ америкапараст ҳукумат зобитларини мамлакатга қайтариш ёки хизматга ёллаш бўйича ишлар олиб борилди (шу билан бирга, толиблар собиқ афғон аскарларини репрессияга дучор қилишганди).

Вақт ўтиши билан ҳаво кучлари билан боғлиқ муаммо — балки толиблар истаган даражада бўлмасада — ҳал қилинди. Ҳарбий авиация иштирокидаги биринчи операция 2021 йил ноябрида бўлиб ўтди. Кейин «Толибон» махсус кучлари «ИШИД-Хуросон»* жангарилари томонидан қўлга олинган Кобулдаги ҳарбий госпиталнинг томига тушди. Кейинчалик турли самолётлар, асосан вертолётлар толибларнинг бошқа операцияларида (жумладан, Ғарб, Эрон ва Тожикистон томонидан раҳбарлари илиқ кутиб олинаётган Миллий қаршилик фронтига қарши), шунингдек уларнинг парадларида иштирок этди.

Ҳозирда «Толибон» қуролли кучлари мамлакат ичида уларга қарши турувчи турли гуруҳларга, биринчи навбатда ИШИД-Хуросон ва Миллий қаршилик фронтига қарши амалиётларда иштирок этмоқда.

Вақти-вақти билан улар чегарадаги можароларда — ё Эрон ёки Покистон ҳарбийларига қарши операцияларда иштироқ этмоқда. Радикал ҳаракат жангарилари ва Марказий Осиёнинг постсовет мамлакатлари ҳарбийлари ўртасида ҳозиргача бирор қуролли ҳодиса қайд этилмаган.

Марказий Осиё мамлакатлари толиблар армиясидан нималарни кутиши мумкин?

Бугунги кунда толиблар армияси сон жиҳатидан Марказий Осиё мамлакатлари армиясидан кўп. 2021 йил расмий маълумотларга кўра, Қозоғистон армиясида 70 мингга яқин ҳарбий хизматчи бўлган. Ўзбекистонда — 55 минг киши (бу Global Fire Powerнинг норасмий маълумотлари, у Қозоғистон армияси сонини 45 минг киши деб белгилаган). Худди шу Global Fire Power маълумотларига кўра, туркман армияси 30 минг ҳарбий хизматчига, Қирғизистон армияси эса 15 минг нафар ҳарбийга эга. Тожикистон армияси энг кам сонли аскарга эга — 9,5 мингта. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, ушбу мамлакат Миллий гвардиясида қарийб 7,5 минг киши хизмат қилади ва бу амалда мамлакатдаги иккинчи армия ҳисобланиб, ўз имкониятлари бўйича оддий армиядан қолишмайди ва Тожикистон ичида ҳам, хорижда ҳам ҳар қандай ишни бажара олади.

Шундай қилиб, толиблар Марказий Осиёдаги постсовет давлатларининг барча армиялари сонидан кўпроқ бўлган ўз армиясини яратиш тараддудида.

Бироқ, бу ерда гап нафақат сон жиҳатидан эмас, балки техник устунлик устида ҳам бормоқда. Бу жуда нисбий кўрсаткич, чунки энг замонавий қуролларга эга бўлиш етарли эмас, улардан самарали фойдалана билиш ҳам лозим. Саудия Арабистонининг юқори технологияли армиясининг Ямандаги фуқаролар урушига аралашуви бунга яққол мисол бўла олади: натижада парадда замонавий технологияларни кўз-кўз қилиб қуролланган саудияликлар эски совет қуроллари билан қуролланган, бироқ уларни қўллашда катта тажрибага эга яманлик ҳутий партизанларини мағлуб эта олишмади. Толибларга келсак, улар жангларда турли хил қуроллардан фойдаланиш бўйича катта тажрибага эга, буни Афғонистон чегарасидан шимолдаги бирорта давлат ҳақида айтиб бўлмайди.

Қобулда яксон этилган советлар ҳарбий техникаси. Александр Рыбин фотосурати, «Фарғона» АА

Ҳозирда «Толибон» қуролли кучлари асосан ички муаммоларни ҳал қилиш билан овора. ИШИД-Хуросон ва Миллий қаршилик фронтига қарши кураш уларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Ҳозирча қўшни давлатлар ҳудудларига нисбатан ҳужумкор ҳаракатлар ҳақида гап-сўз йўқ.

Афғонистондаги оғир иқтисодий вазият ва этник можароларни ҳисобга оладиган бўлсак, толиблар армияси қанчалик кўп бўлмасин, шимолий қўшниларига ҳозирча хавф туғдирмайди, дейиш мумкин.

Бундан ташқари, «Толибон»нинг расмий мафкураси Афғонистон ичида улар тушунчасидаги «шаръий қоидаларни ўрнатиш» дан иборат. Шу боис, ҳозирча қўшни давлатлар фақат миграция масалалари ва иқтисодий лойиҳалар ҳақида гап кетгандагина толибларга назар ташлаши, қолган пайт ўз ишларини хотиржам давом эттиришлари мумкин.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).