Россия расмийлари армияга сафарбарликнинг иккинчи тўлқини эҳтимолини кўриб чиқмаётганини бир неча бор таъкидлаган. Шунга қарамай, Украинада бир йилдан ортиқ давом этаётган махсус ҳарбий операцияда (МҲО) иштирок этиш учун одамларни ёллаш ишлари давом этмоқда. Баҳорда мазкур жараён шаҳдам қадамлар билан бошланди — ёлловчилар яна меҳнат муҳожирларини нишонга олишди. Бироқ, ҳозирда Марказий Осиёдан ишлашга келган одамларни фронтга ўзига хос тарзда «таклиф этишяпти» – масжидлар ва ибодатхоналар яқинида шунга ўхшаш ҳаракатлар юз бераётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлмоқда.
Барча воситалардан фойдаланган маъқул
Апрель ойи бошида Интернетда Челябинскдаги масжиддан бир видео пайдо бўлди, у ерда камуфляждаги одам ибодатга келганларни Россия Қуролли кучлари сафига қўшилишга чақиради. Шу билан бирга, спикер армияда олти ой ёки бир йил ўтгач, хизмат қилганлар Россия фуқаролигини тезлаштирилган тартибда олиши мумкинлигини асосий аргумент қилиб қўрсатади.
Россия МҲОни тўхтатмоқчи эмаслиги инобатга олинса, турган гап мигрантлар армия штабларида «ҳаттотлик» қилиш учун эмас, балки тўғридан-тўғри уруш зонасига сафарбар этиш учун чақирилаётгани аниқ.
Бунда ҳатто «даъватчи»нинг ўзи ҳам у ердан одамлар саломат рус паспорти билан қайтиб келишадими ёки «юк 200» (инсон жасади шундай номланади-таржм. изоҳи) сифатида қайтадими, бунга кафолат бера олмайди.
Одамларни фронтга ёллаш Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам олиб борилмоқда. Мисол учун, Пензадаги масжид яқинида контракт хизмати «рекламаси» ёзилган варақаларнинг тарқатилаётгани ҳоллари кузатилган. Локация шуни кўрсатадики, ёлловчилар Марказий Осиё давлатларидан келган ёш мусулмонларни нишонга олишган. Бу тушунарли ҳолат, зеро мигрантларнинг кўпчилиги баъзан рўйхатдан ўтиш ва бошқа рухсатномаларни олиш учун сарсон бўлишади. Кўпинча уларни фирибгарлар сохта ҳужжатлар билан алдашади, полиция эса ўз навбатида ҳибсга олади ва жаримага тортади. Бу ерга жиддий ниятда узоқ вақт ишлашга келганлар учун РФ фуқаролигини олиш бюрократик қоғозбозликдан ва хавфсизлик кучларининг ўзбошимчаликларидан ҳимоя қилувчи «ҳужжат» бўлиб кўринади.
Бироқ, бу ерда «ечимнинг нархи» инсонни ўйлантириши керак – қандайдир паспорт ҳарбий ҳаракатлар ўчоғига тушиб қолишга ва у ерга «тайёр гўштга айланиб қолиш»га арзийдими?!
Шу билан бирга, «Сахарова» миграция маркази раҳбарияти фаоллашиб қолди, маълумки бу ерда Москвада яшаш ва ишлашни хоҳловчи чет элликларга меҳнат патентлари берилади. «Сирена» Телеграм ахборот канали марказ ходимига таяниб, 4 апрель куни бу ерда Россия армиясида контракт хизмати учун «ташвиқотнинг иккинчи тўлқини» бошлангани ҳақида хабар берди. Барча мигрантларга олдиндан тожик ва ўзбек тилларига таржима қилинган буклетлар берилади ва шартномаларни расмийлаштириш пунктига юборилади. Ташриф буюрувчининг розилиги билан барча ҳужжатлар жойида расмийлаштирилади.
«Охирги сафар ҳаммаси оғзаки эди. Агар бирор киши рози бўлса, унинг патент олиш учун аризаси розилик ҳақидаги изоҳ билан таъкидланган, шундан сўнг улар чақирилган. Кейин маълум бўлдики, тожикларга [бошқа давлатлар ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда қатнашишга] рухсат берилмаган, фақат ўзбеклар таклиф қилинган. Энди бўлса ҳаммасини бараварига таклиф қилишмоқда», — дейди Сахарова маркази вакили.
Давлат хизматчисининг сўзларига кўра, ҳарбийлар чет элликларга бир қатор афзалликларни ваъда қилишмоқда:
✅ Россия фуқаролигини соддалаштирилган ҳолда олиш;
✅ ойига камида 190 минг рубль (2300 доллардан ортиқ) маош;
✅ қўшимча имтиёзлар — тиббий, пенсия, уй-жой масаласида.
Ўз навбатида, мигрантларга қўйиладиган талаблар оддий: фронтга вояга етган, русийзабон ва соғлом йигитлар керак.
14 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ҳарбий хизматга мажбурлар учун электрон чақирув қоғози тўғрисидаги қонунни имзолаганидан сўнг вазият янада кескинлашди. Ҳужжатга кўра, хизмат ёшидаги россияликлар чақирув қоғозларини «Госуслуга» портали орқали олишади. Шу пайтдан бошлаб йигит военкомат бўлимига келгунига қадар мамлакатни тарк эта олмайди. Агар 20 кун ичида у ҳарбий комиссарликка келмаса, бошқа чекловлар кучга киради: унга кўчмас мулк билан боғлиқ операциялар тақиқланади, кредит ололмайди, тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтолмайди ва автомобиль бошқаролмайди.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, бу қонун илгари чақирув олгандан кейин ҳам ўз ватанини шошилинч равишда тарк этиши мумкин бўлган «бош тортувчилар»га қарши курашишга қаратилган. Бу янги тартиб Россия паспортини олган Марказий Осиё давлатлари фуқароларига ҳам тегишли. Масалан, муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича адвокат Гулнора Дербишевага кўра, Россия фуқаролигини олган Қирғизистон фуқаролари орасида сафарбарликдан қутулиб қолганлар кўп бўлган. Бироқ, энди улар ҳарбий хизматга чорловни четлаб ўтиши қийин бўлади, чунки расмийлар ҳарбий хизматга мажбур бўлганларнинг электрон реестрини яратади ва автоматик равишда четга чиқишга тақиқ ўрнатилади. Дербишева Рақамли трансформация вазирлигининг тегишли реестри яқин орада ишга тушишини башорат қилади, шу сабабли у фуқароликка қабул қилинган «россияликлар»га имкон қадар тезроқ Россия ҳудудини тарк этишни тавсия қилди.
Куз марафони-2022
Эслатиб ўтамиз, Россия армиясига, шу жумладан чет элликларни ёллашнинг биринчи тўлқини ўтган йилнинг кузида бошланган эди. Бундан ташқари, Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилган эди, бироқ бир кун олдин Москва мэри Сергей Собянин «Сахарова»да ихтисослаштирилган ҳарбий рўйхатга олиш ва жўнатиш бўлимлари очилганини эълон қилганди.
Шартнома бўйича ҳарбий хизматчиларни қабул қилиш марказларининг шаклланишига Давлат Думаси томонидан қонун лойиҳасининг маъқулланиши сабаб бўлди, унга кўра, армияда бир йиллик хизматдан сўнг, мигрантлар яшаш учун рухсатномани четлаб ўтган ҳолда Россия паспортини «узоқ кутмасдан ва бошқа бюрократик ҳаракатларсиз» олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Ҳар қалаш, патент олиш учун ариза топшираётганлар танлаш ҳуқуқигага эга эдилар — Қуролли Кучлар билан келишувга рози бўлиш ва фронтга кетиш ёки Россияга «тинчгина меҳнат қилгани» келганлигини даъво қилиш. Масалан, ўзбекистонлик бир йигит ҳарбий хизматни ўташ қоғозига ўзи билмаган ҳолда имзо қўйгани, шунинг учун патент олиш учун ҳужжатларни тезроқ топширгани маълум. У хатосини тушуниб, ортга қайтади. Натижада, мигрант тан олганидек, «Сахарова»даги мулозим ундан фронтга бориш истаги ҳақида яна бир бор сўрайди ва салбий жавоб олганидан сўнг, чет эл фуқаросига «кераксиз суҳбатлар ва жарималарсиз» Москвада ишлашига рухсат берилади.
Бироқ, агар РФ Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК) чет элликларни ҳарбий хизматни ўташдан бош тортган тақдирда Россия фуқаролигидан маҳрум қилиш ғоясини илгари сурганида, вазият янада қийинлашиши мумкин эди. Бундан ташқари, департамент вакили Кирилл Кабанов бу қоида фақат Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўлланилиши кераклигини таъкидлаганди. Расмийларнинг фикрига кўра, сўнгги ўн йил ичида Россия паспортини олган ушбу давлатлар фуқаролари, агар улар Украинага жанг қилиш учун боришни истамасалар, уларнинг фуқаролиги бекор қилиниши керак эди. Бундан ташқари, нафақат уларнинг ўзлари, балки оила аъзоларининг ҳам фуқаролиги бекор қилинарди. Бироқ, бу ташаббус ИҲК кабинетларидан ташқарига чиқмади.
Таъкидлаш жоизки, Россия департаменти ўз ватандошларини чет эл армиясига ёлланганлик учун жиноий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантириб, қисман сафарбарликка муносабат билдирган Ўрта Осиё республикалари ҳукуматига қарши мувозанат сифатида шундай қадам қўйди. 21 сентябрдан сўнг дарҳол Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон дипломатлари худди шундай баёнот билан чиқишди. Кейинроқ Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳам ватандошларга бошқа давлат томонида жанговар ҳаракатларда қатнашиш Жиноят кодекси моддаси бўйича жазоланишини эслатди. Айтганча, деярли барча республикаларда «ёлланганлик» учун ўн йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
Ўзбекистонда Мусулмонлар диний идораси ҳукуматни қўллаб-қувватлаган ҳолда фатво эълон қилди ва унга кўра
Россия ва Украина ўртасидаги можаро жиҳод эмас, мўминларнинг ушбу жангда иштирок этиши гуноҳдир.
Эркинликнинг нархи
Бироқ, айрим муҳожирлар ўз давлатининг огоҳлантиришларига эътибор бермай, ҳамон урушга кетишяпти. Бу, хусусан, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан 16 апрель куни эълон қилинган Украинадаги жанговар ҳаракатларда қозоғистонликларнинг иштироки бўйича ўнта жиноий иш қўзғатилгани шундан далолат беради. Тўғри, қўмита гумонланувчилар қайси тарафда жанг қилаётгани ва фронтга қандай бориб қолганига аниқлик киритмаган.
Гап шундаки, чет элликларнинг бир қисми ўз хоҳишларига қарши урушга бориб қолишган. Агар ишчи мигрантларда ҳарбий хизматни «четлаб ўтиш» имкониятлари бор бўлса, бироқ Россия турмаларига тушиб қолган ўрта осиёликларда бундай имкониятлар чекланган. Маълумки, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси (ЧВК) зоналардан аскарларни жуда фаол жалб қилган. ЧВК асосчиси ва раҳбари Евгений Пригожин шахсан колонияларни айланиб чиққан ва у ерда келажакда озодлик вада қилиб, ўз бўлинмаси байроғи остида маҳбусларни ёллаган.
Албатта, зўрлаш ёки талончиликда айбланиб 8-10 йилга озодликдан маҳрум этилганлар учун МҲОда бир ярим йил иштирок этгандан сўнг, президентнинг афв этиш шаклида озодликка чиқиш жозибадаор кўринади. Бироқ, бунинг битта «лекини» бор — бунинг учун фронтда тирик қолиш керак. «Вагнер»нинг ашаддий жангларда фаол иштирокини ҳисобга олсак, бу жуда қийин масла.
Ўрта Осиёликларнинг ихтиёрий ёки зўрлик билан ЧВК сафига кириб қолганларнинг тақдири борасидаги кам сонли маълумотлар ҳам шундан далолат беради.
Жорий йилнинг февраль ойи охирида «Озодлик» (РФда хориж агенти сифатида тан олинган Озодлик радиосининг ўзбек хизмати) таҳририяти Москва вилоятидаги «Вагнер» қабристонига оид материал эълон қилган эди. Унда айрим қабрларга хочлар ўрнатилмаган эди, зеро у ерда мусулмонлар дафн этилганди. Журналистлар Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган олти кишининг шахсини аниқладилар. Уларнинг барчаси судланган ва жазосини Россия колонияларида ўташган. Дафн қилинган жойдаги ёзувларга қараганда, собиқ маҳбуслар 2022 йилнинг октябридан 2023 йилнинг январига қадар вафот этишган.
Ўзбекистонликларнинг махсус ҳарбий операцияда иштирок этгани фактини ҳатто Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ҳам тан олган. Март ойида ДХХ Россия қамоқхонасида бўлган, кейинроқ Украинада вафот этган қорақалпоғистонлик фуқаронинг ўз ватанига етказилганини эълон қилган эди.
Умуман олганда, расмийлар тез орада Россия фуқаролигини олиш, имтиёзлар, пул ёки эркинликни вада беришмасин — Украинада жанг қилишга рози бўлган одамларнинг аксарияти армия билан эмас, балки «ажал билан шартнома» имзолайдилар.
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди