Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл»да содир этилган теракт Россияда сўнгги ўн йилликлардаги энг қонли хунрезлик бўлди. Қурбонлар 130 дан ортиқ, жароҳатланган одамлар юз элликдан ортиқ ва бу рақамлар якуний эмас, бир вақтлар концерт зали бўлган жойдаги вайроналарни тозалаш ишлари ҳали якунига этмаган. Ҳужум учун жавобгарликни «Исломий давлат»нинг Афғонистондаги бўлими* («ИШИД Хуросон», «Вилоят Хуросон», ISIS-K номи билан ҳам танилган) ўз зиммасига олди. Қўшма Штатлар расмийлари бу баёнотнинг тўғрилигини тасдиқладилар. Россия хавфсизлик идоралари ҳозирча бу ҳақда изоҳ бермади.
24 мартга ўтар кечаси ИШИД* террорчилик ташкилотига алоқадор Телеграм каналлари «Крокус Сити Холл»га қилинган ҳужумнинг биринчи шахс томонидан суратга олинган видеосини тарқатди. Бир дақиқалик видеонинг муқаддимасида айтилишича, қирғин Москва вилоятидаги Красногорскда содир бўлмоқда. Видеода террорчилар «Крокус» фойесида одамларни отиб ташлаётгани, шундан сўнг жангарилардан бири полда ётган тирик одамнинг бўғзига пичоқ тортганини кўриш мумкин. Видеодаги қаҳрамонлар «Аллоҳу Акбар» деб бақиришарди. Уларнинг юзлари хиралаштирилган, овозлари ўзгартирилган, лекин кийимлари Брянск вилоятида қўлга олинган гумонланувчи кимсалар билан бир хил.
23 март куни эрталаб Россия хавфсизлик кучлари Брянск яқинида терактнинг тўрт нафар айбдори қўлга олинганини маълум қилди. ФХХ (ФСБ) маълумотларига кўра, террорчилар Украина билан чегарани кесиб ўтишни режалаштиришган, улар Украина томонида «тегишли алоқалар»га эга бўлишган. Гумонланувчиларни сўроқ қилиш видеолари Russia Today телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян ва Baza Телеграм канали томонидан эълон қилинган. Ҳибсга олинганлардан бири тожик тилида гапирган. Таржимон орқали сўнгги бир ойдан бери хостелда яшаганини айтган. У гумонланувчилар кетаётган оқ рангли «Рено» русумли автомашинани такси ҳайдаш учун Абдулло исмли шахснинг қариндошларидан сотиб олган.
Террорчи экани айтилаётган яна бир шахс ўзини 1998 йили туғилган Шамсудин Фариддинов деб таништирган. Эркак Туркиядан 4 март куни келганини айтади. Одамларни ўлдириш учун улар унга «пул» — 500 минг рубль ваъда қилишган. Унга ва унинг шерикларига қуроллар номаълум шахслар томонидан етказиб берилган. Шамсудин жиноятни Telegramда танишган «воиз ёрдамчиси» билан суҳбатдан кейин содир этган.
Яна бир гумонланувчи реанимация бўлимида сўроқ қилинган, у Ивановодаги сартарошхонанинг собиқ сартароши 19 ёшли Муҳаммад Файзов бўлиб чиққан. Қўлга олиш чоғида йигит кўзидан жароҳат олган.
Кейинроқ Телеграм каналларида тўртинчи гумонланувчининг сўроқ қилинаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Боши қонли матога ўралган эркак ўзини Ражаб Ализода деб таништиради. У ва унинг шериклари қуролларни қаерга ташлаганлиги ҳақида сўралганда, эркак аниқ жавоб бера олмаган. Унинг сўзларига кўра, улар Брянск вилоятига автоматларсиз келишган. Сўроқ бошланишидан олдин кадр ортидаги овоз шундай дейди: «Мен ёнингда ўтирибман. Сени битта қулоғинг қолди». «Фонтанка» нашрига кўра, баъзи журналистлар қувғин пайтида маҳбус қулоғидан ўқ еган, деб тахмин қилишган. Бироқ, тез орада ушбу версиянинг ноўрин эканини исботловчи видео оммага эълон қилинди. Унда камуфляждаги эркак тиззаси билан уни ерга михлаб қўйгани тасвирланган. Шундан сўнг, маҳбус қулоғининг бир қисми кесилади ва оғзига тиқиб қўйилади.
Расмийларнинг ҳеч бири бу видеога баҳо бермади. Шу билан бирга, «Московский комсомолец» нашрининг хавфсизлик кучларидаги манбаси бундай усулдан «керакли маълумотларни иложи борича тезроқ олиш ва ислом ақидапарастларини «тилга киритиш» учун фойдаланишга мажбур бўлишганини» айтган. Улар учун қулоқларини йўқотиш шармандалик ва шаҳид бўлиш имконсизлигини англатади, деб тушунтиради нашр. Бундан ташқари, жиноятчининг қулоғи кесилган видео тасодифан Интернетга тушиб қолмаган, балки потенциал террорчиларни қўрқитиш учун атайин «сиздирилган».
Россия Давлат думаси депутати Александр Хинштейннинг сўзларига кўра, гумонланувчилар кетаётган машинадан Тожикистон фуқароларининг паспортлари топилган. Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги уларнинг Россия фуқаролиги бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни рад этган эди. Ҳужумга алоқадорликда жами 11 киши ҳибсга олинган. Қолган етти кишининг фуқаролиги ва ҳужумдаги роли ҳақида хабар берилмаган, бироқ ижтимоий фаоллар Россияда миллатчилик кайфиятининг кучайиб бораётганини аллақачон қайд этишмоқда. Ивановода номаълум шахслар гумонланувчилардан бири бир муддат ишлаган сартарошхонани ёқиб юбориши билан таҳдид қилишмоқда. Ижтимоий тармоқларда такси ҳайдовчилари билан ёзишмаларнинг скриншотлари тарқалмоқда, у ерда йўловчилар таксичилар фуқаролигини аниқлаб, буюртмани бекор қилишни сўрашмоқда. Ниҳоят, РИА Новости давлат агентлиги Давлат думасининг Қрим вилояти депутати Михаил Шереметнинг махсус ҳарбий операция вақтида Россияга мигрантларнинг киришини чеклаш бўйича таклифини эълон қилди. «Афсуски, бугунги кунда одамлар қандай ниятда кириб келаётганини аниқлашга вақтимиз йўқ, чунки барча саъй-ҳаракатлар ва воситалар мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилишга қаратилган», — дея тушунтиради у.
«Террор ҳужуми билан боғлиқ вазиятнинг бир неча мураккаб қатламлари мавжуд. Шуни таъкидлашни истардимки, тожиклар терактда иштирок этишган, тожиклар эса динга берилган бўлишади. Қолаверса, бу кўзга ташлансин учун амалга оширилган. Ишонч билан айтиш мумкинки, мақсад Россияда миллатлараро ва конфессиялараро зиддиятни қўзғатишдир, бу нафақат ички сиёсий беқарорликка, балки халқаро вазиятга ҳам таъсир қилади. Жумладан, Россия-Марказий Осиё линияси бўйлаб», — дейди қозоғистонлик сиёсатшунос Данияр Ашимбаев.
Айни пайтда, барча Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари терактдан сўнг дарҳол уни қоралаб, Россия халқига ҳамдардлик билдирдилар ва 24 март куни тушдан кейин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда террорчиларнинг «миллати, ватани, дини бўлмаслиги»ни таъкидлаб ўтган.
Ғарбнинг огоҳлантириши
Американинг CNN телеканали манбалари даъво қилишича, ўтган йил ноябрь ойидан бери разведка идоралари «Исломий давлат»нинг афғон бўлими бўлмиш ИШИД-Хуросон Россиядаги объектларга ҳужум қилиш ниятида экани ҳақида доимий разведка маълумотларини олган.
Март ойи бошида АҚШнинг РФдаги элчихонаси «экстремистлар Москвада одамларнинг кўп йиғиладиган жойларига ҳужум қилиш режаларини тузаётгани ҳақидаги хабарларни кузатаётганини» айтиб, ўз фуқароларини ҳушёр бўлишга чақирган. 19 март куни Россия президенти Владимир Путин Ғарбнинг терактлар ҳақидаги огоҳлантиришларини провокация деб атади. Россия раҳбарининг таъкидлашича, Ғарб давлатлари разведка хизматлари вакилларининг сўзлари шантаж ва мамлакат аҳолисини қўрқитишга уринишларга ўхшайди.
Дарҳақиқат, Россия ФСБси 7 март куни Москвадаги ибодатхоналардан бирининг ташрифчиларига ҳужум қилишга тайёрланаётган «Вилоят Хуросон» ташкилотининг икки аъзоси йўқ қилингани ҳақида хабар берганди. Улар жангариларни (улар Қозоғистон фуқаролари экани маълум) Калуга вилоятидаги шахсий уйда қўлга олишга уринишган, бироқ жангарилар қаршилик кўрсатишган ва ҳалок бўлган.
Ҳозирда «Вилоят Хуросон» ИШИДнинг энг фаол бўлинмаларидан бири ҳисобланади. Гуруҳ ўз номини бир вақтлар Афғонистон, Эрон, Покистон ва Туркманистонни қамраб олган минтақадаги қадимий халифаликдан олган. ИШИД-Хуросон Афғонистон шарқида 2014 йил охири — 2015 йил бошида пайдо бўлган. У Ироқ-Сурия ИШИДнинг марҳум етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга қасам ичган «Толибон»дан ажраб чиққан толиблар ва маҳаллий жангчилардан иборат бўлган.
Ҳарбий таҳлилчи ва турк армияси собиқ полковниги Мурат Аслан Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида ИШИДнинг афғон бўлинмаси ўзининг «радикал ва шафқатсиз усуллари» билан танилганини айтади.
«Менимча, уларнинг мафкураси уларни мақсад танлашда илҳомлантиради. Аввало, Россия Сурияда АҚШ каби ИШИДга қарши курашмоқда. Демак, улар бундай давлатларга душман сифатида қарашади», — дея таъкидлайди у.
«Ҳозир улар Москвада. Илгари улар Эронда бўлишганди ва биз яна кўплаб пойтахтларда ҳужумларни кўришимиз мумкин», — дея қўшимча қилади эксперт.
ИШИД-Хуросон ўз тарафдорлари сонини Марказий осиёликларни ёллаш орқали кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Агар унинг нафақат қатлга, балки теракт уюштиришга ҳам алоқадорлиги тасдиқланса, айб тўлиқ ҳолатда бундай кучли ҳужум тайёрланаётганини пайқамай қолган Россия хавфсизлик кучлари зиммасига тушади. Аммо гуруҳ ўз брендини «жиҳод» бўлмаган учинчи томонга тақдим этган сценарийни бутунлай истисно қилиб бўлмайди. Бундай сценарийни тергов бошида «украинлар изи»ни кўраётган Кремлдагилар ҳам инкор этмайди. Интернетда иккала версияни қовуштиришга уринишлар мавжуд, бироқ бундай тахминларни исботлаш имконияти жуда кам.
* * *
Россияда 24 март терактда ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни деб эълон қилинди. «Крокус» вайроналарига минглаб одамлар гуллар олиб келишмоқда. Йўқолганларнинг яқинлари ўз одамлари ҳақида маълумот олишга ва шахсни аниқлаш тадбирларида қатнашмоқда. Хабарларда савдо марказидан юздан ортиқ одамни хавфсиз жойга олиб чиққан 15 ёшли Ислом Халиловни муҳокама қилишмоқда. Шу билан бирга вайрон бўлган концерт зали эгаси «Крокус Интернешнл» компанияси раҳбари терактдан сўнг уни қайта тиклашга ваъда берган. Ёнғин оқибатида зал бутунлай ёниб кетган, томи қулаган. «Биз террорчилар томонидан қурбон бўлган одамларни ҳеч қачон унутмаймиз. Жиноятчиларнинг ифлос қўлларидан вайрон бўлган иншоот қайта тикланади», — дейилади компания баёнотида.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
** «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
27 Сентябрь27.09«Футболчилар ўйинини ўйнайверсин, футболни эса бошқалар бошқаради» — бундай тезиснинг яшашга ҳаққи йўқАлишер Аминов — Тошкентда бўлиб ўтган FIFPro Бош ассамблеяси ва Ўзбекистонда спортни бошқариш тизимининг ҳуқуқий асослари ҳақида
-
18 Сентябрь18.09Эрмитаж ва WOSCU — ҳамкорлик натижалариЎзбекистон маданий мероси Эрмитажни қанчалар ҳайратга солгани ҳақида. Павел Лурье маърузаси
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
28 Август28.08ФотоПариждан СамарқандгаЭшкак эшиш каналида катта пойгалар бўлиб ўтди