Қозоғистонда Жиноят кодексининг 180-моддаси – «Сепаратчилик (айирмачилик) фаолияти бўйича ҳукмлар тез-тез чиқарилади. Бу оғир жиноят бўлиб, унинг бадали қамоқ жазосидир. Бироқ, бундай ишларга алоқадорларнинг мутлоқ кўпчилигини «онлайн сепаратчилар» — сиёсатдан ва фаолликдан йироқ интернетда тилига эрк берган одамлар ташкил этади. Улар кимлар ва нима учун давлат уларни таҳдид деб билади – бу ҳақда «Фарғона» материалида ўқинг.
Яқинда Шарқий Қозоғистон вилоятининг Уст-Каменогорск шаҳри суди икки маҳаллий аҳолини айирмачиликда айблаб, беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг февраль ойида ушбу кимсалар чат-рулеткада Шарқий Қозоғистон вилоятини Қозоғистон таркибидан ажратиш бўйича референдум ўтказиш зарурлиги ҳақида гаплашиб, натижа бермаса, ҳудудни зўравонлик билан тортиб олишга чақиришган. Республика Бош прокуратураси қўшимча маълумот бермаган ҳолда ҳукм ҳақида хабар берди.
Бир ҳафта олдин, 6 июнь куни Конаевда (Олмаота вилоятидаги шаҳар) яшовчи Андрей Астахов Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилгани учун уч йилга қамалган эди. Эркак Қозоғистондаги вазиятдан норози бўлгани учун қўшни давлат раҳбаридан ёрдам сўраб видеомурожаат ёзган. Бундан ташқари, у қозоқ расмийлари ва президентига таҳдид қилган.
«Владимир Владимирович, ёрдам беринг, қутқаринг. Ўйлайманки, бизни эшитасиз», — деб ўз мурожаатини якунлайди Астахов. У Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 174-моддаси 1-қисми («Ижтимоий низо қўзғатиш») билан айбланган.
2023 йил 30 май куни суд интернетдаги чат-рулеткада россиялик номаълум эркакдан Петропавловскни тортиб олишни сўраган қозоғистонлик аёл Татьяна Серебряковага ҳукм чиқарди. Бир ярим дақиқалик суҳбат 2021 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган.
«Бизнинг Петропавловскни, Шимолий Қозоғистон вилоятини Қрим каби ўзингизга қўшиб олинг», — деган Серебрякова. Унинг суҳбатдоши суҳбат ёзувини дарҳол интернетга жойлаштирган, бироқ тергов икки йилдан сўнг, айбланувчи буни аллақачон унутиб бўлганидан сўнг бошланади. Аёл судда ҳазиллашганини айтган, бироқ унга Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 180-моддаси («Сепаратизм фаолияти») билан айблов қўйилган, уч йилга ўртача хавфсизлик даражасидаги муассасада жазо ўташга ҳукм қилинган. Серебрякова ижтимоий ишчи тайинланган ногирон эрига ғамхўрлик қилган. Унинг 13 ёшли қизи васийлик органларига топширилган.
Қрим воқеаларидан олдин ва сўнг
Қозоғистон шимолидаги «катта қўшни»га яқин жойларда россияпарастлик кайфияти сўнгги йилларда юз бераётган ҳодиса эмас. Мустақилликка эришгандан сўнг республикада вақти-вақти билан тарих, тил ва бошқа омилларга таяниб, ҳудуднинг бир қисмини босиб олмоқчи бўлган кучлар пайдо бўлганди, бироқ уларнинг барча уринишлари аҳоли орасида қўллаб-қувватланмаган. СССР парчаланганидан сўнг, казаклар ҳаракати Қозоғистоннинг шимолий ва шарқида россияпарастлик кайфиятининг бошида бўлган, аммо вақт ўтиши билан у ўз кучини йўқотиб, бир-бирига зид бўлган кўплаб ташкилотларга бўлиниб кетган.
Қозоғистонда «учига чиққан сепаратист» деб аталган казаклар вакилларидан бири ва 1996 йили Кокшетау вилоятида руспарастлар қўзғолони ташкилотчиси атаман Виктор Антошко бўлган. Қўзғолон кўтаролмаганидан сўнг у Россияга қочиб кетгани ҳақида хабар берилган ва яқин вақтгача унинг тақдири номаълум эди. Бироқ, ўтган баҳорда Омскнинг БК55 нашрида «Казак халқи атаманлари кенгаши» номидан Россия президентига очиқ хат пайдо бўлади, унда Владимир Путиндан Виктор Антошкога соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини бериш сўралган.
Хабарда айтилишича, Антошко Қозоғистоннинг русийзабон аҳолиси ҳуқуқларини ҳимоя қилган, бироқ республика расмийлари уни ва унинг оила аъзоларини таъқиб қила бошлаган ва уни мамлакатни тарк этишга мажбур қилишган. Бу вақт давомида у Россияда ноқонуний яшаган. «Фақат 2014 йил апрель ойида у 6-рота қўмондони ўринбосари сифатида «Восток» бригадаси таркибида Донецкни мудофаа қилишда қатнашиш учун Донбассга жўнаб кетган», деб тушунтиради мактуб муаллифлари РФ президентидан унга Ватан олдидаги махсус хизматлари учун фуқаролик беришни сўрашар экан.
Яна бир «рус қўзғолони»га 1999 йили қозоқ хавфсизлик ходимлари томонидан чек қўйилган. Шундан сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси Уст-Каменогорскда ҳокимиятни эгаллаб олишга ва у ерда «Россия Республикаси»ни эълон қилишга тайёрланаётган «Рус» ташкилотининг 22 нафар аъзоси (улардан 12 нафари Россия фуқаролари) ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. Гуруҳни москвалик Виктор Казимирчук (Пугачев) бошқарган.
Шу билан бирга, маҳаллий рус ташкилотлари, шунингдек, Казимирчукнинг ўзи ҳам қўзғолон кўтаришга уринишганини рад этган:
«Қозоғистон рус, славян ва казак ташкилотлари уюшмаси раҳбарларининг маълумотларига кўра, Виктор Пугачев камида икки ой давомида Уст-Каменогорскда бўлган ва турли маҳаллий жамоат ташкилотларига минтақанинг Қозоғистондан бўлиниш ташкилотчиси сифатида ўз хизматларини таклиф қилган», деб ёзган эди 1999 йили «Независимая газета»си омади юришмаган ғалаён ҳақида. — Республика рус жамияти раҳбарининг сўзларига кўра, Юрий Бунаков, Виктор Пугачев ва унинг баъзи шериклари руҳий носоғлом одамлар бўлган, Уст-Каменогорскдаги ўша жамоат ташкилотлари вакиллари бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига, жумладан, МХҚга бир неча бор хабар беришган. Бироқ, икки ой давомида бу террорчиларга ҳеч ким тегмаган».
Фитначилар ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоевнинг АҚШга ташрифи арафасида қўлга олинган. Тезда авж олган жанжал бирданига барҳам топган. Омади чопмаган қўзғолончилар турли хил жазоларни олган. Пугачев 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, шундан етти йил қамоқда ўтирган, кейин эса Россияга қайтган. Кейинги ўн йиллар ичида Қозоғистоннинг «шимолий ҳудудлари» ҳақидаги мунозаралар тўхтаган, аммо 2014 йил воқеалари ҳаммасини ўзгартириб юборган.
***
Қозоғистон Қрим воқеалари билан боғлиқ ҳеч қандай қўрқувни бошдан кечирмаган ва кечирмайди ҳам, дея президент Тўқаев 2019 йили Германия ОАВларига берган интервьюсида таъкидлаган эди. Бироқ, 2014 йил апрелида, Қрим «ўз манзилига қайтганидан» бир ой ўтмай, Қозоғистонда сепаратизмга чақириқлар учун жазони кучайтиришга қарор қилишади. Депутатлар ушбу моддани янги Жиноят кодекси лойиҳасига иккинчи ўқишига киритадилар (дастлаб ҳужжат кўриб чиқилмаган эди). Янги моддага кўра сепаратчиликка оммавий чақириқлар учун 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, ташвиқот учун — 10 йил, давлат ҳудудининг дахлсизлигига қарши ҳаракатлар (масалан, референдум ўтказишга уриниш) учун — 15 йил қамоқ жазоси назарда тутилади.
Илгари Қозоғистонда фақат ҳудудни зўравонлик билан ўзгартиришга чақирувлар тақиқланган эди (ҚР Жиноят кодексининг 170-моддаси). Янги кодекс қабул қилингандан сўнг, расмийлар сепаратизмни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай ташвиқотни, шу жумладан тинч йўлдаги ташвиқотни жазолаш имкониятига эга бўлдилар, улар ҳозирда бундан фаол фойдаланмоқдалар. «Менимча, сепаратизм учун жиноий жавобгарлик жорий этилди дейиш тўғрироқ, қонун кучайтирилди дегандан кўра» — дейди адвокат Жоҳар Ўтебеков ушбу тузатишлар ҳақида.
2014 йил 24 август куни ўша пайтда раҳбарлик қилган Нурсултон Назарбоев «Хабар» телеканалига берган интервьюсида агар Қозоғистонда давлат тилидан ташқари барча тиллар қонуний равишда тақиқланадиган бўлса, мамлакат «иккинчи Украинага» айланиши мумкинлигини очиқ айтганди. Бир неча кундан кейин Россия президенти Владимир Путин Украина сценарийси Қозоғистонга ўтиши мумкинлигига доир қўрқувни кучайтирадиган баёнот беради.
Бу ҳақда Назарбоев ўзининг «Менинг ҳаётим. Мустақилликдан озодлик сари»: «2014 йили матбуот анжуманида В.В. Путин менга илиқ муносабат билдириб: «У ҳеч қачон давлат бўлмаган ҳудудда давлат яратди. Қозоқларда давлатчилик бўлмаган. Шу маънода у постсовет маконида ҳам, Қозоғистон учун ҳам ноёб шахс», деганди. Албатта, Владимир Владимирович буни менга илтифот сифатида айтган. Ишончим комилки, у қўшни давлат тарихини инкор этиш фикридан узоқ бўлган. Шу билан бирга, «Қозоқларда давлатчилик бўлмаган» иборасини турлича тушуниш мумкинлиги ҳам ҳақиқат. Бу баёнот мамлакатимизда катта резонансга сабаб бўлди».
Кейинги йилларда россиялик сиёсатчилар ва жамоат арбоблари бу баёнотни турли йўллар билан бир неча бор такрорладилар ва ҳар сафар Қозоғистон халқининг кучли ғазабига дучор бўлдилар.
2020 йил декабрида ҳукмрон «Единая Россия» партияси аъзоси Вячеслав Никонов Биринчи каналда Қозоғистон ҳудудини «Россия ва Совет Иттифоқининг катта совғаси» деб атади. Шундан сўнг республика Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг муваққат ишлар вакили Александр Комаровга нота топширди, шундан сўнг Никонов «қардош Қозоғистон халқига нисбатан энг илиқ туйғуларини» ифодалаб, ўзини нотўғри тушунишгандек кўрсатишга уринди. Бироқ, кейинчалик унинг ҳамкасби, депутат Евгений Федоров ҳам худди шундай фикрни илгари сурди ва СССР парчаланганидан кейин Қозоғистон ўз ерларни «совға» ёки «ижарага олинган ҳудуд» шаклида қўлга киритганини айтганди.
Ўтган йил охирида Федоров Қозоғистонни «мутлақо қонуний табиатга эга бўлмаган» ҳудуд деб атаган, қозоғистонлик ҳамкасблари унга психиатрга мурожаат қилишни таклиф қилишган.
Кремль депутатларнинг шахсий фикрларини инкор этиб, Россиянинг қўшниларига нисбатан ҳудудий даъвоси йўқлигини таъкидлаган бўлса-да, Қозоғистон ҳукумати уларга қарши ҳар бир бундай ҳужумга ўта асабий муносабатда бўлди, аста-секин гайкалар буралиб, ўз ҳудудидаги бундай муҳокамаларни шафқатсизларча бостирадиган бўлди.
Аслида, россиялик сиёсатчиларнинг баёнотлари нафақат икки давлат ўртасидаги муносабатларни бузди, балки Қозоғистон фуқаролари ўртасида «диван сепаратизми» ва келишмовчиликнинг кучайишига сабаб бўлди.
Иккала давлат оммавий ахборот воситаларида россиялик сиёсатчиларнинг «шимолий ҳудудлар» ҳақидаги баёнотлари уларни қўллаб-қувватлаган қозоғистонликларга нисбатан суд ҳукмлари билан алмаштирилди. Ушбу жараёнлар Россия жамоат арбобларининг янги ҳужумларини келтириб чиқарди ва ўзаро даъволар янги босқичга кўтарилди.
Масалан, 2022 йил август ойида Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг ВК саҳифасида Қозоғистонни «сунъий давлат» деб атаган хабар пайдо бўлди. Бир неча дақиқадан сўнг пост ўчирилди ва Медведев унинг саҳифасини бузишганини айтди. Бироқ, эртаси куни Петропавловск шаҳар суди сепаратизмда айбланган эр-хотиннинг иши тафсилотларини айтиб беришга қарор қилди, гарчи иш ўзи бир неча ой олдин кўриб чиқилган бўлсада.
Гап Петропавловсклик эр-хотин Евгений ва Елена Потоплар ҳақида бормоқда. Елена бухгалтер бўлиб ишлаган, эри электрчи бўлган. 2021 йил декабрь ойида улар Украина фуқароси билан чатрулетка орқали гаплашиб, Шимолий Қозоғистон вилояти Россияга бириктирилиши кераклигини айтишган. Судда эр-хотин ўзларининг айбсизлигини таъкидлаб, шунчаки уларнинг жиғига тегишганини айтишган. Сепаратчилик моддаси бўйича уларнинг ҳар бири беш йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
СССРни қўмсаб
Мустақиллик арафасида қозоқларнинг республикадаги сон жиҳатидан улуши тахминан 40% ни ташкил этган, бу тахминан руслар билан бир хил бўлган. Ҳозир Қозоғистонда титулли этник гуруҳнинг улуши 70 фоиздан ошади ва ўсишда давом этмоқда. Демак, мамлакатдаги иқлимни айнан қозоқлар белгилаб беради, барча ижтимоий жараёнларга, жумладан, миллатлараро муносабатларга ҳам таъсир қилади*.
Шу билан бирга, Қозоғистон раҳбариятининг баъзи қадамлари, масалан, шаҳар ва кўчаларнинг совет номлари қозоқчага ўзгартирилиши, ўзларини озчиликда деб билган, аммо барибир салмоқли қисмини ташкил этувчи руслар томонидан жуда оғриқли қабул қилинади, айниқса, мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида.
Яқин совет ўтмишини қайта кўриб чиқишга уринишлар ҳам оғриқли кечади. Бу йил Қозоғистон тарихи бўйича етти жилдлик янги китоб нашрга тайёрланмоқда, унинг муаллифлари «совет даврининг салбий кўринишларига эътибор қаратишга уринган». Бу асар Президент Тўқаев топшириғи билан республикадаги барча тарих дарсликларининг асосини ташкил этади.
Айни пайтда совет ўтмишини соғиниш Қозоғистондаги россияпараст одамларга хос хусусиятдир. 2023 йил декабрь ойида республика фуқароси Совет Иттифоқини қайта тиклаш ғояси учун беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бунга аёлнинг Instagramда (РФда экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли) Шарқий Қозоғистон вилоятининг Олтой шаҳридаги Ленин ҳайкали бузилаётгани тасвирланган суратга қолдирган изоҳи сабаб бўлган.
«Эртами кечми Шарқий Қозоғистон Россияга қўшилади (...) ва биз бошқа ёдгорликлар қаерга жўнашини кўрамиз. Ленинни сиз ўрнатмагансиз ва уни олиб ташлаш сиз учун эмас, айниқса шу тарзда», — деб ёзган судланувчи.
У сепаратизм моддаси билан айбланган. Аёл ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, афсусда эканини ва Қозоғистонни севишини айтган. Суд аёлга жазо муддатини беш йилга кечиктирган, чунки у 13 ва 7 ёшли икки фарзандини ёлғиз тарбиялаятган бўлган.
Ниҳоят, сўнгги йиллардаги энг шов-шувли суд жараёни «Меҳнаткашлар халқ кенгаши» деб аталмиш ташкилот иштирокчилари устидан ўтказилган суд жараёни бўлди. 19 нафар Петропавловск аҳолиси ушбу ташкилотга бирлашиб, ўзларини «СССР меросхўрлари» деб эълон қилишган. 2023 йил март ойида улар йиғилиш ўтказиб, замонавий Қозоғистонни тан олмаслигини ва республика ҳукуматига бўйсунмасликларини эълон қилишган. Учрашувдан олинган лавҳалар интернетда тарқалган, шундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари бунга эътибор қаратган. «Кенгаш» иштирокчиларининг ҳаракатларида экспертлар сепаратизм ва давлат хавфсизлигига путур етказиш ташвиқоти аломатларини кўрган. Ноябрь ойида «СССР меросхўрлари» айбдор деб топилади: ташкилотчи, 48 ёшли автомеханик Вячеслав Зудерман тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг издошлари етти йилга қамалган.
Ўзаро бефарқлик
Мустақилликка эришгандан сўнг Қозоғистондаги руслар сони деярли икки бараварга камайди – 1989 йилдаги 6,23 миллион кишидан 2022 йил бошида 3,43 миллион кишигача. Махсус ҳарбий операция бошланишидан олдин, одамларнинг кўчиб кетиш тенденцияси давом этган — мигрантлар қўшни мамлакатда кўпроқ истиқболларни кўрардилар. Кетганларнинг кўпчилиги Қозоғистондаги уруҳ аймоқчилик ва мартабага эришиш қийинлигидан шикоят қилишган, уларнинг баъзилари қозоқ тилини ўрганишни хоҳлашмаган, баъзилари эса миллатчилик кайфияти кучайганини таъкидлашган.
«Мамлакатда этник гуруҳлар ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг кучайиши кузатилмаяпти, бироқ 2009 йилдан бошлаб ўзаро манфаатдорлик пасайиши тенденцияси кузатилмоқда», — дейди «Стратегия» ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Гулмира Илеуова. «Бошқача қилиб айтганда, жамиятда ўзаро бефарқлик шаклланмоқда, бу эса аста-секин инкорга айланади», дейди у spik.kz га берган интервьюсида.
Шу билан бирга, Гулмира Илеуова республикадаги Қозоғистон-Россия қарама-қаршилигига оид тасаввурларни «хато» деб атайди ва аслида у намоён қилинаётгандек кучли эмаслигини айтади.
Қозоғистонда русларга нисбатан дискриминациянинг ёрқин ҳолатларидан бири сўнгги пайтларда пайдо бўлган «тил патруллари»дир. Унинг иштирокчилари дўконлар ва давлат муассасаларида қозоқ тилидан қандай фойдаланилаётганини текширишади. Остонада бундай фаолият мутлақо қўллаб-қувватланмайди ва уни провокация ва «ғор одами миллатчилиги» деб атайдилар. Шунга қарамай, Россия ташвиқоти Қозоғистондаги русийзабон аҳолининг ҳуқуқбузарликлари исботи сифатида «тил патруллари»га фаол мурожаат қилишмоқда. Аммо бу ерда шуни тушуниш керакки, бундан сиёсий очко тўплайдиган рус арбобларининг баланд овозда ва тез-тез эмоционал баёнотлари реал ҳаётда ҳеч нарсани англатмайди — энг юқори даражада, икки давлат ўртасидаги муносабатлардаги риторика бутунлай бошқача.
Россия ва Қозоғистон раҳбарлари мунтазам равишда дўстлик ва яхши қўшничилик ҳақида гапириб, потенциал мураккаб мавзуларни кўтармасликни афзал кўрадилар.
Россиянинг Олмаотадаги Бош консули Евгений Бобровнинг Қозоғистондаги дипломатик миссиясини республикада рус тилидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги баёнотларидан сўнг якунлагани бунга мисол бўла олади.
2022 йил декабрь ойида Россия элчиси Алексей Бородавкиннинг Қозоғистондаги «миллатчилар ва русофобия» ҳақидаги баёноти кенг резонансга сабаб бўлди. Кейинроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров элчининг баёноти нафақат Россия департаменти позициясини, балки «Алексей Николаевичнинг ўзиниям позициясини акс эттирмаслигини» айтди. Ўз навбатида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийлари Бородавкин сўзлари учун узр сўраганини маълум қилди.
Сўнгги йилларда Россия ва Қозоғистонда оммавий кечирим сўрашлар одати оммалашди. Айирмачилик моддаси бўйича айбланганлар ҳам жазодан қочишнинг бу усулига тез-тез мурожаат қилишган, аммо бу уринишлар беҳуда бўлган.
«Бу ерда биз бундай одамнинг эртага шунчаки кечирим сўрашига, у маст бўлгани ёки улар айтганидек, «мени номимдан чатбот ёзгани» учун ҳамма нарсаси кечиришга йўл қўймаслигимиз керак. Агар биз бу туйнукни ёпсак, псевдоайирмачиларимиз ёки, эҳтимол, сепаратчиларимиз шунчаки йўқ бўлиб кетишади. Бу каби масалаларни кўтаришдан олдин етти ўйлаб, бир кесишади», деганди ўтган баҳорда депутат Айдарбек Ходжаназаров норози бўлиб, давлат ҳодиса сабаби билан эмас, балки унинг оқибатлари билан курашишга кескин қарор қилганини яққол кўрсатаркан.
Дарҳақиқат, Қозоғистон раҳбарияти ўз фуқароларининг айримлари нега қўшни давлат ташвиқотига мойил бўлаётгани, бундай фуқаролар қанча экани, уларнинг жамиятга солаётган таҳдиди шу даражадаки, уларни ўша жамиятдан ажратиб қўйиш зарурати шунчалар муҳим бўлса, деган саволларга самимий жавоб бериши керак.
* «Стратегия» ижтимоий-сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Гулмира Илеуованинг spik.kz сайтига берган интервьюсидан иқтибос.
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди
-
22 Октябрь22.10Ҳаводан олинган сув«Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди
-
22 Октябрь22.10Сургундаги воизТаъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?