18 июнь куни Россия Федерацияси Давлат думаси мамлакатга келаётган хорижликлар устидан назоратни кучайтириш бўйича ўзгартиришлар киритувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжат ташаббускорлари парламент қуйи палатасининг беш нафар депутати бўлган, бироқ унда аввалроқ Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан таклиф қилинган нормалар ҳам мавжуд. Амалдаги тартибларга таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, мигрантларнинг Россияга кириши ва чиқариб юборилиши, шунингдек, уларнинг мамлакатда яшашини тартибга солиш жараёнида асосий ролни айнан полиция эгаллайди. Расмийлар мигрантлар ҳаётини қанчалик қийинлаштирмоқчи ва бу Россия Федерацияси ва асосий ишчи кучи етказиб берувчилари – Марказий Осиё мамлакатларига қандай таъсир қилиши — «Фарғона» материалида.
Мажбуриятлар ва тақиқлар
Давлат думаси депутатлари томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасида турли хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўплаб тузатишлар киритилган, уларнинг рақамлари кўзни қамаштиради. Аслида ушбу ҳужжатлар тўплами бир нечта муҳим янгиликларни ўз ичига олади.
Масалан, чет элликларнинг Россия Федерациясида бўлиш шартлари ҳақидаги моддани янгилаш режалаштирилган. Бу ташриф буюрувчиларнинг мажбуриятларини белгилайди, уларга мамлакатга кириш ва яшаш ҳуқуқини беради. «Россия қонунчилигига риоя қилиш» каби узундан-узоқ формулалар билан бир қаторда, ўзгартиришлар ташаббускорлари ўзига хос хусусиятларни белгилаб қўйганлар:
👉 атроф-муҳитга, моддий ва маданий қадриятларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;
👉 Россия Федерацияси аҳолисининг минтақавий ва этник-маданий турмуш тарзи хилма-хиллигини ҳурмат қилиш;
👉 давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига аралашмаслик;
👉 Россия Федерациясининг ички ва ташқи сиёсатига аралашмаслик;
👉 анъанавий россияликлар маънавий-ахлоқий қадриятларини ҳурмат қилиш, шу жумладан ноанъанавий жинсий муносабатларни тарғиб қилиш ва совет халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси ҳақидаги тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатишнинг олдини олиш;
👉 юқоридаги бандларнинг барчасини бузган жисмоний шахслар ва ташкилотларга молиявий ва бошқа ёрдам беришдан бош тортиш.
Катта эҳтимол билан, Россияга келаётган ҳар бир чет эл фуқаросини назорат пунктида «холислик ҳужжати» деб аталадиган тегишли шаблонни имзолашга мажбур қилишади. Матннинг аниқ мазмуни номаълум, масалан, чет эллик ўз мажбуриятларини бузган тақдирда Россияни тарк этишга ваъда берадими ёки йўқми, бу номаълум.
Мигрантларга бепул хизмат кўрсатувчи адвокат Валентина Чупикнинг фикрича, мамлакатга киришда «Россия Федерациясига холислик шартномаси» чет элликларнинг ҳуқуқларини сезиларли даражада чеклайди.
«Масалан, Россия халқларининг анъаналари ва урф-одатларини ҳурмат қилиш тўғрисида қоида мавжуд, аммо бу таърифга нималар тегишли эканига доир рўйхат йўқ. Хоҳлаган нарсани бу ерга киритиш мумкин. Шундай қилиб, ташриф буюрувчи ўзи билмаган ҳолда кимнидар ҳафа қилиб, «холислик шартномасини» бузиб қўйиши мумкин, — дея мушоҳада қилади эксперт. «Давлат ҳокимияти органлари фаолиятига аралашмаслик» банди бундан ҳам қўрқинчли бўлиб, мигрант имзо қўйиш орқали Россия давлат хизматчиларининг ҳар қандай ўзбошимчаликлари устидан шикоят қилиш ҳуқуқисиз итоаткорлик билан қабул қилиш мажбуриятини ўз бўйнига олади».
Қонун лойиҳасида миграция ёки бошқа қоидани бузган чет элликни Назорат остидаги шахслар реестрига киритишга имкон берувчи «депортация режими»ни жорий этиш ҳақида сўз боради.
Ушбу маълумотлар базаси РФ Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан бошқарилади. Полицияга шахсларни реестрга киритиш, қонунбузарларнинг, агар шундай қарор қабул қилинган бўлса, депортация қилинмагунча мамлакатда бўлишини назорат қилиш, шунингдек, агар фуқаролар жарима тўлаган, миграция ҳужжатларин тузатган бўлса, Россияни тарк этган ёки вафот этган бўлса уларни «қора рўйхат»дан чиқариш вазифаси юклатилган.
Назорат қилинадиган шахслар реестри ҳамма учун очиқ бўладими ёки йўқми, бу номаълум. Депутатлар манфаатдор давлат органлари, шунингдек, «Россия юридик ва жисмоний шахслари» маълумотлар билан танишишлари мумкинлигини қонунга киритишган. Бунинг учун рўйхатдан ўтишингиз керакми ёки «Госуслуги «орқали тизимга киришингиз мумкинми, бу ҳам жумбоқлигича қолмоқда. Чет элликлар учун маълум бир ташрифчининг реестрда бор-йўқлиги ҳақида маълумот сўраш имконияти мавжудку ахир.
Аммо Давлат думаси депутатлари реестрга киритилган мирантларга нисбатан қўлланиладиган бир қатор тақиқларни кўрсатиб ўтишган. Ушбу мақомдаги одамларга қуйидагилар мумкин эмас:
❌ юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш ёки якка тартибдаги тадбиркорга айланиш;
❌ кўчмас мулк ва автомашиналарни сотиб олиш, шунингдек, бундай объектларни ўзи учун рўйхатдан ўтказиш;
❌ автомобильни бошқариш ва ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топшириш;
❌ банк ҳисобварақларини очиш, пул ўтказмаларини амалга ошириш ва ҳисоб ва карталардан ойига 30 минг рублдан ортиқ маблағни сарфлаш (жарималарни тўлашдан ташқари);
❌ кредитлар ва микрокредитлар олиш учун ариза бериш;
❌ турмуш қуриш;
❌ яшаш жойини ички ишлар органларининг рухсатисиз ўзгартириш;
❌ назорат остидаги шахс рўйхатга олинган РФ субъектидан ташқарига чиқиш.
Валентина Чупикнинг сўзларига кўра, ушбу тузатишларнинг энг салбий томони шундаки, ҳар қандай полициячи мигрантларни арзимаган қонунбузарлик ҳолатида ёки ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилса, уларни «назорат режими»га киритиш ҳуқуқига эга бўлади.
««Режим» яшаш жойига мажбуран боғланишни ва уни маълум бир туман полиция ходими назорат қилишини кўзда тутади. Агар, масалан, Ички ишлар вазирлигининг ходими ўзбошимчалик қилган бўлса, у ҳолда миграция рўйхатидан ўтган жойдан чиқиб кетиш тақиқланганлиги сабабли, чет эллик аслида ташқарига чиқиш ҳуқуқисиз уй қамоғида бўлади. Албатта, унинг ўз ҳуқуқий ҳолатини тартибга солишида катта муаммоларга дуч келади», — деб тушунтиради адвокат.
Эслатиб ўтамиз, қонун лойиҳасига кўра, назорат остидаги шахслар реестрига киритилган фуқароларга «Россия Федерациясида келган жойини ёки яшаш жойини федерал ижроия органи ҳудудий бошқармаси рухсатисиз ўзгартириш тақиқланади». Бундан ташқари, чет эл фуқароси ўзи истиқомат қиладиган Россия Федерацияси субъектидан ташқарига чиқишга рухсат этилмайди. Расмий равишда уйдан чиқишни тақиқлаш ёки уй қамоғи режими белгиланмаган, аммо амалиёт шуни кўрсатадики, маҳаллий полиция ходимлари бундай чекловларни ўзларича талқин қилишлари мумкин. Бундан ташқари, тақиқлар рўйхатида полицияга «эрк» берадиган банд мавжуд: «Россия Федерацияси қонунчилигида назарда тутилган бошқа чекловлар». Бу ерда ҳар қандай кодекс ёки қоидага мурожаат қилиш мумкин ва униформадаги одамлардан априори қўрқадиган мигрант, эҳтимол, қонунга зид бўлсаям, ҳукумат вакили қарорига рози бўлади.
Чупикнинг сўзларига кўра, янги нормалар миграция қидирув тизимига ҳам таъсир қилади.
«Ҳозирги вақтда Россияда тинтувлар фақат аниқ жиноий ҳуқуқбузарликлар учун ўтказилади, полиция қидирувдаги шахсларни ушлаб туриш ва ҳужжатларини текширишга қонуний ҳуқуққа эга. Агар қонун лойиҳаси қабул қилинса, Ички ишлар вазирлиги мутлақо ҳар қандай шахсни, хусусан, осиёлик қиёфадаги шахсни фақат миграция қидируви рўйхатида эканлиги гумони билан ушлаб, «назорат остида бўлиш тартиби»га жойлаштириши мумкин бўлади.
Чупикнинг ишончи комилки, бу ҳолат мамлакатдаги коррупция кўламини сезиларли даражада ошириши мумкин, айниқса «Россия давлат хизматчилари тўлиқ жазосиз қолаётган» бир пайтда.
Полицияга қонунни бузган чет эл фуқаросини депортация қилиш ҳуқуқини берувчи қарор анча баҳсли бўлиб чиқди.
Ҳозирда фақат суд чет элликларни мамлакатдан чиқариб юбориши мумкин. Мазкур масала бўйича қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида давлат ҳокимияти органлари ваколатларини фақат бир органга жамлаш орқали жараённи бирлаштириш, шунингдек, гумонданаётган шахсларни судга олиб келиш вақтини ва молиявий харажатларини камайтириш истаги айтилган. Умуман олганда, бу йўл билан қонунбузарлар мамлакатдан тезкор «чиқариб ташланади».
Мутахассислар депутатларнинг важларига қўшилишмайди. Мисол учун, миграция ва этник гуруҳлар бўйича тадқиқот гуруҳи РАНХиГС раҳбари Евгений Варшавер «Коммерсант»га киритилган тузатишларни шарҳлар экан, суддан ташқари депортация қилиш хавфли ва коррупциявий бўлишини айтади, зеро бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мигрантлар ва уларнинг иш берувчилари устидан деярли чексиз ваколат беради.
Миграция тартибидаги яна бир ўзгариш Россияда визасиз қолиш муддатини қисқартиришдир — олти ойлик 90 кундан бир йиллик 90 кунгача ( кетма-кет бўлиши шарт эмас).
Бироқ, Чупикнинг фикрича, бу норма меҳнат миграциясига деярли таъсир қилмайди.
«Янги қонун Россия ҳудуди орқали транзит юк ташувчи чет эллик ҳайдовчиларга таъсир қилади, улар визасиз кунларнинг қисқариши туфайли бундай саёҳатларни тўхтатиши мумкин. Шунингдек, бу тартиб чегара зонасида, масалан, Россия ва Қозоғистон ўртасида мунтазам қатнов билан шуғулланувчи одамларнинг ҳаётини анча мураккаблаштиради», — дея тушунтиради эксперт.
Кутилган қоидалар
Депутатлар томонидан тайёрланган қонун лойиҳаси нисбатан яқинда пайдо бўлган бўлса-да, аслида меҳнат миграцияси билан боғлиқ қўшимчалар тўплами бир неча йил аввал ишлаб чиқилган эди. Бундай ҳужжат Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Ислоҳотлар Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» концерт залидаги терактдан сўнг, Россияга келаётган чет элликлар устидан назоратни кучайтириш бўйича таклифлар жамиятда ва ҳокимият йўлакларида тез-тез эшитила бошлаганидан кейин долзарб паллага чиқди.
Жорий йил апрель ойида вазирлик матбуот хизмати ҳукуматга эски қонун лойиҳасининг янгиланган вариантини тақдим этгани ҳақида хабар берганди. Баъзи фикрлар депутатларнинг эътиборини тортган ва Дума томонидан кўриб чиқилаётган ҳужжатга киритилган, бошқарилари четда қолган. Шунга қарамай, улар Валентина Чупикнинг эътиборидан четда қолмаган, унинг фикрича кейинчалик расмийлар янги нормаларнинг иккинчи тўпламига ўтишлари мумкин. Ҳозирча, ИИВ яна нималарни таклиф қилаётнини кўриб чиқайлик.
Хавфсизлик тузилмаси турли процедураларни рақамлаштиришни давом эттиришни режалаштирмоқда. Шундай қилиб, мигрантлар «Госуслуга» рўйхатидан ўтганидан сўнг бериладиган электрон ташувчига эга ID-карта кўринишидаги универсал ҳужжат ишлаб чиқилган. Тахминларга кўра, бу «пластик бўлаги» чет эл фуқаросининг миллий паспорти ўрнини босади ва текширув пайтида полиция фақат шахснинг янги гувоҳномасини талаб қилади. Чет элликка доир максимал маълумотлар унинг хотирасида сақланади: бармоқ излари, тиббий кўрик натижалари, солиқ рўйхати ва бошқалар.
«Универсал ҳужжатда фақат тўлиқ исм-шариф, туғилган сана, фуқаролиги ва берилган санаси аниқ кўрсатилади. Қолган маълумотларга кириш ҳуқуқи фақат полицияга берилади, — дейди Чупик. Шундай қилиб, ҳатто ID-карта эгасининг ўзи ҳам Россияда қонуний яшаётгани ва назорат остидаги шахслар реестрида бор-йўқлигини билмайди».
Адвокатнинг қўшимча қилишича, шу йўл билан ИИВ ходимлари чет элликларни алдаш, патент ёки меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини оғзаки равишда сохталаштириш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади. Шу баҳона билан мигрантни ҳибсга олиш билан қўрқитиш, охир-оқибат пора олиш учун осон, дейди Чупик. Унинг сўзларига кўра, полицияга ушбу ҳужжатни тортиб олиш ҳуқуқи берилади ва усиз шахс автоматик равишда ноқонуний мигрантга айланади.
РФ Ички ишлар вазирлиги мамлакатда қолиш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни жамлаштиришдан ташқари, чет элликларни ишга жойлаштиришни тартибга солувчи бир нечта янгиликларни таклиф қилди. Чупикнинг сўзларига кўра, россиялик иш берувчиларга ҳар қандай муҳожирни ишга олиш тақиқланади — улар алоҳида бўш иш ўринлари учун рухсат олишлари керак бўлади, кейинчалик бу рухсатнома махсус комиссия томонидан тасдиқланади ва электрон реестрга жойлаштирилади.
«Аслида бу ташриф буюрувчилар, жумладан, талабалар, яшаш учун рухсатнома эгалари ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқаролари учун меҳнат визалари жорий этилишини англатади», — дея хулоса қилади ҳуқуқшунос.
Чупикнинг сўзларига кўра, иш берувчилар бир тўда ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланишга тайёр эмаслар, шунинг учун ноқонуний меҳнат бозори гуллаб-яшнайди ва чет элликларга кўпинча «конвертда» иш ҳақи таклиф қилинади.
Яна бир янги норма вазиятни янада оғирлаштириши мумкин — шахсий даромад солиғи бўйича аванс тўловлари тизими. Яъни, мигрант ҳали биринчи маошини қўлга олмаган, лекин баъзи маблағлар аллақачон давлат бюджетига киритилиши керак. Бундан ташқари, иш берувчига фискал жавобгарликни юклаш режалаштирилган, бу эса ташриф буюрадиган мутахассисни расман ишга қабул қилмаслик учун қўшимча сабаб бўлади.
«Агар мигрант қонуний жойлашса ҳам, унда муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Айтайлик, хўжайин олдиндан солиқ тўловини ўтказишни унутган ёки бухгалтер хато қилган ёки компаниянинг ҳисобида пул йўқ. Натижа битта бўлади: ходим қоидабузар деб ҳисобланади ва чет эл фуқароси учун чекловлар қўйиб, назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилади. Ва 15 кунлик кечикишдан сўнг, автоматик равишда Россия Федерациясига 10 йилга киришни тақиқлаш билан депортация белгиланади», — деб тушунтиради Чупик.
Эксперт ҳозирда миграция рўйхатидан ўтказиш учун сохта манзилларни сотаётганлар каби сохта ширкатлар пайдо бўлишини башорат қилади. Агар янги меъёрлар тасдиқланса, бундай идоралар маълум бир ҳақ эвазига ташриф буюрувчиларнинг маълумотларини бўш иш ўринлари электрон реестрига киритиш ва шахсий даромад солиғини олдиндан тўлашда ёрдам бериш бўйича хизматлар кўрсата бошлайди.
Бундан ташқари, патентда унинг эгаси бир касбда ва ҳужжатда кўрсатилган Россия Федерациясининг бир субъектида ишга кириши мумкинлигини кўрсатиб, ишлаш учун рухсатномалар форматини ўзгартириш ғояси мавжуд.
«Фаолият доираси ёки яшаш жойидаги ҳар қандай ўзгаришлар рухсатноманинг қайта расмийлаштирилишига олиб келади, яъни инсон яна тиббий кўрикдан ва бошқа процедуралардан ўтишига ва бунинг учун яна ҳақ тўлашига тўғри келади. Ва агар мигрант патент олганидан кейин икки ой ичида иш тополмаса, у ҳолда Россияни бир йилга тарк этиши керак бўлади. Чет элликлар учун иш берувчини ўзгартириш фойдасиз бўлади, яъни улар қулликда қоладилар ёки норасмий ишлашни афзал кўрадилар», — деб таъкидлайди Чупик.
Натижада нима бўлади?
Валентина Чупикнинг фикрича, агар юқоридаги барча тузатишлар қабул қилинса, Россияда қонуний миграция амалда тўхтайди.
«Мигрантларга янги қонунларнинг барча талабларига риоя қилишдан кўра, ноқонуний яшаш осонроқ бўлади. Шундай қилиб, мамлакатга қоидалар бўйича эмас, балкиолдиндан бошқача ўйинларга тайёр одамлар кела бошлайди. Натижада, РФ тахминан беш миллион жуфт ишчи қўлини, биринчи навбатда, малакали мутахассисларни йўқотади», — дея башорат қилади ҳуқуқшунос.
Янги қоидалар россиялик иш берувчиларга ҳам ноқулай шароитлар яратади. Экспертнинг сўзларига кўра, кўплаб бизнес вакиллари чет эл фуқаросини давлат рўйхатидан ўтказиш билан овора бўлмайди, чунки вақти-вақти билан полиция ходимлари ва солиқ текширувларини пора билан рози қилиш уларга арзонроқ тушади.
Росстат маълумотларига кўра, бир қатор соҳаларда меҳнат мигрантлари асосий қисмни ташкил қилади. Масалан, қурилишда – 85 фоиз, уй-жой коммунал хўжалигида – 72 фоиз, савдода – 67 фоиз, қишлоқ хўжалигида – 55 фоиз. ИИВ ва депутатлар томонидан ишлаб чиқилган қонунлар кучга кириши билан санаб ўтилган ҳудудлар панага яширинади. Мигрантлар меҳнат нархининг ошиши кузатилади, бу эса инфляция ва истеъмол нархларининг ошишига олиб келади.
«Коррупциянинг авж олиши ва ноқонуний меҳнат бозорининг ривожланиши жиноятларнинг, биринчи навбатда, солиқ тўлашдан бўйин товлашнинг янада кучайишига олиб келади. Натижада россияликларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаровонлиги пасаяди, бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлади», — деб ҳисоблайди эксперт.
Ҳеч кимга сир эмаски, Россия Федерациясига ишлаш учун келаётган хорижликларнинг асосий улуши Марказий Осиё давлатларига тўғри келади. Қуруқ гап бўлмаслиги учун Россия Ички ишлар вазирлигининг статистик маълумотларини тақдим этамиз, унга кўра 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат органлари миграция учётига қўйиш учун 9 миллиондан ортиқ ҳужжатларни расмийлаштирган ва уларнинг 30% га яқини уч давлат фуқаролари ўртасида тақсимланган: 1,6 миллион – Ўзбекистон, 960 минг – Тожикистон ва 400 минг – Қирғизистон.
Шундай қилиб, Россияда хорижликлар устидан назоратни кучайтириш собиқ СССРнинг Марказий Осиё республикаларига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
«Ватанига қайтган кўп одамлар ўз уйларида Россия даражасидаги маошли ишларни топа олмайди. Ахир АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида виза режими мавжуд, Туркия, БАА ва Қозоғистонда даромад камроқ», — деб тушунтиради Чупик. «Миллионлаб оилалар даромадсиз қолади ва мазкур республикаларда ишсизлик муаммоси кескинлашади».
Шу сабабли, адвокатнинг таъкидлашича, минтақа ҳукуматлари Россия расмийларига қандайдир тарзда босим ўтказишлари керак бўлади, шунда улар мигрантларнинг яшаши ва ишлашига доир қоидаларни кучайтиришдан бош тортадилар. Масалан, Россияга қарши санкцияларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш орқали. Ёки улар зудлик билан ўз ватандошлари учун янги меҳнат бозорларини излашлари керак ва бу унчалик осон эмас, чунки Европа ва Америкада ишчи визаларни беришни унчалик исташмайди.
«Одамлари Россияга ишлаётган мамлакатлар ҳукуматларининг кескин, мажбурий равишда янги меҳнат бозорларини излашга мажбур бўлиши, уларнинг РФ билан муносабатларини ёмонлашувига олиб келади», — деб ҳисоблайди адвокат.
Чупикнинг ишончи комилки, янги миграция қонунларининг қабул қилиниши Россияда ҳам, Марказий Осиё мамлакатларида ҳам миллионлаб одамларга зиён ва азоб-уқубатлар олиб келади, шунингдек, ушбу давлатларнинг миллий манфаатларига зарар етказади.
«Шунинг учун сиёсатчилар кўплаб салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун бундай нормаларнинг қабул қилинишига йўл қўймасликлари керак», — дея хулоса қилади эксперт.
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
27 Сентябрь27.09«Футболчилар ўйинини ўйнайверсин, футболни эса бошқалар бошқаради» — бундай тезиснинг яшашга ҳаққи йўқАлишер Аминов — Тошкентда бўлиб ўтган FIFPro Бош ассамблеяси ва Ўзбекистонда спортни бошқариш тизимининг ҳуқуқий асослари ҳақида
-
18 Сентябрь18.09Эрмитаж ва WOSCU — ҳамкорлик натижалариЎзбекистон маданий мероси Эрмитажни қанчалар ҳайратга солгани ҳақида. Павел Лурье маърузаси
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида
-
28 Август28.08ФотоПариждан СамарқандгаЭшкак эшиш каналида катта пойгалар бўлиб ўтди