XVIII асрнинг биринчи ярми Марказий Осиё учун бир қатор хорижий интервенциялар билан ажралиб туради ва уларнинг ҳар бири минтақа тарихини бутунлай ўзгартириши мумкин эди. Шимоли-ғарбдан руслар, жанубдан форслар ва шарқдан жунғорлар навбатма-навбат Марказий Осиё давлатларига бостириб кирадилар, бироқ уларнинг ҳеч бири пировардида бу ерда узоқ вақт собит қололмайди. Агар 1717 йили рус қўшинларининг Хива юриши асорати минтақага унчалик таъсир қилмаган бўлсада, форслар ва жунғорлар босқинлари анча кенг миқёсда бўлиб, фақат вазият тақазоси билан маҳаллий халқлар бутунлай забт бўлиш ва ассимиляциядан қутулиб қолгандилар.
Бир неча йил давомида Бухорони ҳам, Хивани ҳам ўз қўлига ушлаб туришга муваффақ бўлган форсларга келсак, Шоҳ Нодир ўлимидан сўнг унинг империяси қонли фуқаролар тўқнашуви гирдобида қолади ва босиб олган ерларининг аксарият қисмини бой беради. Жунғорлар билан вазият бошқачороқ эди — улар XV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни Олтин Ўрда харобалари устида Қозоқ хонлиги пайдо бўлган вақтдан бошлаб Марказий Осиёда гегемонликка даъвогарлик қилишган.
Ҳатто қозоқ давлати ҳам билвосита жунғорларнинг босқинчилик сиёсати туфайли вужудга келганига қарамай, бу икки халқ бир неча асрлар давомида тинимсиз уруш олиб боради ва бу ҳол XVIII асрнинг биринчи ярмига келиб ўзининг энг юқори чўққисига чиқади. 1720-йиллари жунғорларнинг Марказий Осиёга бостириб кириши бутун қозоқ халқини ҳалокат ёқасига олиб келади ва унинг тарихига «Улкан мусибатлар даври» сифатида киради.
Келинг, жунғорлар қаердан келиб чиққани ва уларнинг босқинчилик интилишлари қанчалик кенг тарқаганига аниқлик киритайлик.
Чингизхоннинг чап қаноти
Жунғорлар, тўғрироғи, ойратлар давлатини кўпинча инсониятнинг сўнгги кўчманчи империяси деб аташади. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки унинг шажараси бевосита Тинч океанидан Шарқий Европагача бўлган улкан ҳудудда Чингизхон ва унинг авлодлари томонидан яратилган Мўғул империясига бориб тақалади.
Ойратлар ҳақида биринчи марта XIII аср бошларида Темужинлар империясининг ташкил топиши ҳақида ҳикоя қилувчи «Мўғулларнинг махфий тарихи» хроникасида тилга олинган. Тарихчиларнинг фикрича, ойратлар чўл зонасидан бироз юқорироқда, Байкал минтақаси ўрмонларида, Юқори Енисейда, Саян ва Ангара ўлкаларида яшаган бир гуруҳ мўғул қабилалари номи билан аталган. Ушбу версия, шунингдек, мўғул афсоналарига кўра, ойратлар «ўрмон халқлари»га тегишли бўлганлиги билан ҳам дастакланади. «Ойрат» сўзининг ўзи мўғулча «ўрмон одамлари» ёки «ўрмон қабиласи» сўзидан олинган кўринади.
Аввалига ойратлар Чингизхоннинг энг принципиал рақиби Жамухани қўллаб-қувватлаганлар. Унинг иттифоқчилари орасида, хусусан, «ойрат Худуха-беки» тилга олинади. Мўғулларнинг афсоналарига кўра, бу ҳукмдор сеҳргар бўлиб, бир пайтлар Найман хони (қадимги турк-мўғул халқи, келиб чиқиши борасида ҳалигача бир фикр йўқ) Буюрук билан биргаликда Чингизхон аскарларини учириб юбориш учун бўрон қўзғатишга қарор қилади. Бироқ, ҳаммаси режадагидек бўлмаган: «Улар ўз сеҳрларини ишга солишни бошладилар, аммо ёмон об-ҳаво тескари томонга оғиб, жала ва бўрон билан уларнинг устидан қуюлди. Бу ерда уларнинг ўзлари қоқилиб, сирғалиб, тубсизликка туша бошладилар. Ва барча ҳар томонга тарқалиб кетди: «Афтидан, биз самони ғазаблантирдик», дедилар.
Жамуха мағлубиятга учраб, қатл этилганидан сўнг, ойратлар Чингизхон томонига ўтишга шошиладилар: «Қуён йилида (1207) Жўчи (Чингизхоннинг тўнғич ўғли — «Фарғона» изоҳи) Ўнг қўл қўшини билан Ўрмон халқларига юзланди. Буха йўлбошчи бўлиб хизмат қилган. Аввало, ойрат Худуха-беки ўзининг Туман-ойратлари билан таслим ифодаси ила пайдо бўлди. У пайдо бўлгач, Жочининг йўлбошчиси бўлди».
Шундай қилиб, 1207 йилдан бошлаб, ойратларнинг тақдири мўғул ҳокимияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Кўринишидан, улар иккинчи исм — жунғорлар сифатида Чингизхон хизматида бўлишган. Темужиннинг кўчманчи армиясида ойратлар чап қанотни, мўғул тилида – «Зунғар» ни ташкил этганлар, шундан халқнинг номи ҳам, улар эгаллаб турган мамлакат — Жунгария ҳам келиб чиққан.
Бундан ташқари, ойратлар хитой йилномаларида элетлар (олотлар, элутлар), ислом дунёси ва рус манбаларида эса қалмоқлар (қалмиқлар) номи билан маълум бўлган. Гарчи Ғарбий мўғуллар деб аталадиган халқларнинг этимологияси билан боғлиқ баҳслар ҳалигача тўхтамаган бўлса ҳам, биз кўпроқ ўрин топган версияга риоя қилишга ҳаракат қиламиз.
Мўғуллар империясида ойрат зодагонлари ҳукмрон синф билан сулолавий ришталарга ва имтиёзли мавқега эга бўлишган. Найманлар Чингизхон томонидан мағлубиятга учрагач ва мўғуллардан қочиб Ғарбга — Дашти-Қипчоққа (Дунайдан Иртишгача бўлган дашт сарҳадлари) кўчиб ўтгандан сўнг, ойратлар уларнинг ўрнини, яъни Олтойдаги Хитой, Мўғулистон ва Қозоғистоннинг замонавий чегараларида бўлган ерларни эгаллаб олишган. Кейинчалик, ойрат қўшинлари Чингизхон меросхўрларининг юришларида — Хубилайнинг Хитойдаги Сун империясини босиб олишида ва мўғулларнинг Яқин Шарқ юришларида, Бағдодни вайрон қилиб, араблар халифалигига чек қўйган юришларида қатнашганлар. Ойратлар Мисргача етиб боришган, у ерда қисқа вақт ичида улардан бири Китбуга ҳатто Султон тахтига ўтирган.
XIV асрда Мўғул давлатчилиги таназзулга юз тутади; дастлаб, Марказий Осиёдаги Чиғатой улуси парчаланиб, унинг харобалари устида туркийлар ва мўғуллар дунёси ўртасида буфер давлат бўлмиш Мўғулистон вужудга келади; кейинчалик Олд Осиёда ҳулагуийлар Илхонлиги қулайди; деярли бир вақтнинг ўзида Олтин Ўрдада ғалаён бошланади; ва ниҳоят Чингизхон набираси Хубилай томонидан яратилган Юан империяси қулайди. Хитойлар хорижий босқинчиларни ўз ҳудудидан қувиб чиқарадилар, уларнинг ҳукмдори даштга қочиб кетади, у ерда замонавий Мўғулистон ерларида янги давлат — Шимолий Юанни эълон қилади.
Гарчи собиқ империядан хира соя қолган бўлса-да, бу ерда, Қрим ёки Бухоро хонлигида бўлгани каби, Чингизхон авлодлари ҳозирги давргача ҳукмронлик қилишади. Кейинги уч юз йил ичида фақат бир марта Чингизийлар тахтдан маҳрум бўладилар ва буни ойратлар амалга оширишади.
Тўртликнинг юксалиши
Мўғул хонлиги ёки хоқонлиги номи билан ҳам танилган Шимолий Юан ўз тарихи давомида қонли фуқаролар тўқнашувлари билан ларзага келган марказлашмаган кўчманчи давлат эди. Расмий равишда олий ҳокимият Чингизийларнинг Буюк Хонига тегишли бўлишига қарамай, уларнинг аксарияти кучли қабила бошлиқлари қўл остидаги қўғирчоқ эди.
Бу давр мўғул манбаларида «Қирқ ва тўрт» (Döchin Dörben) номи билан ҳам маълум бўлиб, яъни Шарқий мўғулларнинг қирқ тумани ва ғарбий мўғулларнинг тўрт тумани, яъни ойратлар маъносини англатади. XIV аср бошларига келиб, иккинчиси бир нечта ижтимоий-этник бирлашмаларга — Торгутлар, Хошутлар, Дэрбетлар, Чорослар ва бошқа кўплаб ижтимоий-этник бирлашмаларни шакллантиришга муваффақ бўлади.
Мўғул хонлигининг дастлабки йилларида салтанат икки қисмга бўлинган — шарқда Чингизхоннинг бевосита авлодлари, ғарбда эса ойратлар ҳукмронлик қилган. Бу даврда улар назорат қилган ҳудуд шимолда Юқори Енисейдан жанубда Гоби чўлигача ва ғарбда Мўғулистон чегараларидан шарқда ҳозирги Улан-Баторгача бўлган бўшлиқни эгаллаган. 1399-йили ойрат тайшилари (қабила бошлиқлари) XVII асргача, яъни Ғарбий мўғуллар бир неча мустақил давлатлар, жумладан, Жунғор хонлиги тузилгунига қадар у ёки бу шаклда давом этадиган иттифоққа бирлашганлар.
XV асрнинг биринчи ярмида ойратлар ўзларининг шарқий биродарлари билан Мўғул хонлигида гегемонлик учун курашиб, турли даражадаги муваффақиятларга эришадилар. 1402 йили тайши Угэчи Хашигу Юан Хон унвонини бекор қилади ва тахтни ўзи эгаллайди. Унинг ўлимидан сўнг ойратлар орасида Чорос уруғининг вакили тайши Маҳаму энг нуфузли шахс эди. Маҳаму авлодлари нафақат ойратлар иттифоқида етакчилик қилишади, балки кейинчалик тўлиқ жунғорларга раҳбарлик қиладилар.
Маҳамунинг меросхўрлари — Тогон ва Эсэн даврида ойратлар ҳукмронликнинг энг юқори чўққисига чиқадилар. Тогон тахтга қўғирчоқ хон ўтқазиб, аслида Мўғулистонни ўзи бошқарган. У империянинг тикланишига тайёргарлик кўра бошлайди, Чингизхон давридек бўлмасада, ҳеч бўлмаганда Хубилайхон давридек Хитойни яна забт этиш ниятида бўлади. Ўз навбатида, унинг ўрнини эгаллаган Эсэн мўғул қўшини билан Хитой қўшинини бутунлай мағлуб этади, императорни асирга олади ва ўз муваффақиятидан шунчалик илҳомланиб, хон ҳокимиятини эгаллаб олади ва мўғул тахтидаги ягона чингизий бўлмаган шахсга айланади.
Бироқ, узурпатор ҳукмронлиги узоқ давом этмайди — бошқа тайшилар Эсэнни ўлдиришади ва унинг ўлими билан Мўғулистонда ойратларнинг таъсири пасая бошлайди. Аммо биз учун бу давр Ойрат экспансияси векторини ўзгартириш нуқтаи назаридан катта қизиқиш уйғотади — ойратлар Мўғулистонда ўз позицияларини йўқотгандан сўнг, уларнинг ташқи сиёсатдаги интилишлари ғарбга юзланади. Совет академик-шарқшуноси Илья Златкиннинг таъкидлашича, «Хитойдан узилиб қолгач, шарққа чиқиш учун курашда мағлубиятга учраган ойратлар ғарб ва шимолда жуда фаол кучга айланди: Шарқий Туркистон, Дашти Қипчоқ чўллари ва Марказий Осиёда содир бўлган тарихий воқеаларга сезиларли таъсир кўрсатишган».
Ўзбекларга қарши
Мўғулистонга қарши Марказий Осиёга биринчи юришларни дастлаб Эсэн-тайши амалга оширганди. У маҳаллий султон Увайсхонни икки марта қўлга олади, у ўрта аср тарихчиси ва давлат арбоби Муҳаммад Ҳайдарнинг ёзишича, ойратлар билан 61 марта жанг қилган ва фақат бир ҳолатда ғалаба қозонган: «Хон кофир қалмоқларга қарши қуролланиб, тинмай жанг қилган. Кўпинча улардан мағлубиятга учраганига қарамай, у уларга қарши муқаддас урушни тўхтатмаган. Икки марта ўша кофирлар қўлига тушиб қолган... Маълум бўлишича, хон қалмоқлар билан олтмиш бир марта жанг қилган, бир марта ғалаба қозонган, бошқа ҳолларда эса қочиб қолган. Ҳақиқатни фақат Аллоҳ билгучидир».
Натижада Увайс ўз ерларининг бир қисмини ҳозирги Шинжон ҳудудини ойратларга беришга мажбур бўлади, Эсэн билан қариндош бўлиб қолади ва ўз қароргоҳини ҳозирги Олмаота шаҳрига яқинроқ бўлган Еттидарёга кўчиради.
Ойратларнинг Марказий Осиёдаги навбатдаги нишони Абулхайрхон бошчилигидаги кўчманчи ўзбеклар давлати эди. Олтин Ўрданинг якуний қулаши ва ундан кейин содир бўлган ички низолардан сўнг, Чингизийлардан бўлган бу ҳукмдор ҳозирги Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россиянинг бир қисмини босиб олган ҳолда мустақил марказлашган давлатни яратишга муваффақ бўлган. Абулхайрхон Сирдарё бўйида ўрнашади, пойтахтини Сигноқга (Қизилўрдадан 150 километр жануби-шарқда) кўчиради, у ердан Самарқанд ва Бухорога босқинлар уюштиради, бу ерларни эса Темур меросхўрлари бошқарарди.
Ойратлар кўчманчи ўзбеклар давлатининг юксалишига чек қўяди. 1457 йили Эсэннинг ўғли Уч Темур Абулхайрхон юртига 16 аср тарихчиси Масъуд ибн Усмоний Қухистонийнинг гувоҳлик беришича, улкан қўшин билан бостириб келади.
Қўшинлар Сигноқ яқинида тўпланишади. Ойратлар охир-оқибат ишончли ғалабага эришадилар, гарчи Абулхайрнинг ўзи, афтидан, бу жангда қатнашмаган ва Сигноқ деворлари орқасида паноҳ топишни афзал кўрган. Шундан сўнг Уч Темур қўшини атрофдаги ерларни талон-тарож қила бошлайди ва охир-оқибат Тошкентга етиб келади.
Айрим тадқиқотчилар Абулхайрхон мағлубияти натижаси унинг Ойратларга вассал қарамлигида, деб ҳисоблайдилар. Қандай бўлмасин, хоннинг мавқеи заифлашади ва бундан бошқа иккита Чингизийлар — Керей ва Жонибек фойдаланиб қолишади. Улар Сирдарёдан шарққа, Чу ва Талас дарёлари томон кўчиб ўтиб, Мўғулистон ҳукмдорлари кўмагида кейинги асрларда Ойратлар зарбини ўз зиммасига оладиган Қозоқ хонлигига асос солишади.
Жунғорларнинг пайдо бўлиши
Деярли бутун XVI аср давомида ёш Қозоқ хонлиги юксалиб, ўз чегараларини кенгайтириб, ғарбда нўғайларга, шарқда эса ойратларга қарши муваффақиятли курашлар олиб борди. Форс тарихчиси Восифийнинг ёзишича, қозоқлар ўзларининг шарқий чегараларини ҳимоя қилиш учун Жатан қалъасини қуришган. «Унинг баландлиги шундайки, – деб ёзади Восифий, – орзу қуши учун унинг чўққисига учиб чиқиши бемаъни гаплардан бири, арқоннинг юқори хонадон карнизигача етиб бориши эса орзулардан биридир; унинг оғирлиги ер ости сигирининг белини синдирган ва ўша тоғ моҳир қиличининг қирраси осмон шерининг кўкрагини йиртиб ташлаган».
Жумладан, XVI аср турк тарихчиси Сейфи Челебий қозоқлар билан уларнинг шарқий қўшнилари ўртасидаги тўқнашувлар ҳақида шундай ёзади: «Қашғар мамлакатининг нариги томонида қозоқлар деган халқ яшайди. Уларнинг на шаҳарлари, на қишлоқлари бор. Булар кўчманчи халқлар. Уларнинг икки юз минги бор. Улар хонининг исми Тевеккел. Улар бир вақтлар Қалмоқ мамлакатининг бир қисмини талон-тарож қилиб, қайтиб кетишган.
Бу орада, ойратларнинг ўзлари Шимолий Юаннинг барча собиқ ҳудудларини бир ҳокимиятга бирлаштиришга ҳаракат қилаётган мўғулларга қарши ўжар курашлар олиб боришади. Даянхон ва унинг невараси Абатай бир мунча вақт ўз мустақиллигини йўқотган ойратларни забт этишга муваффақ бўлишган.
XVII асрнинг биринчи ярмида ойратлар буддизмни оммавий равишда қабул қиладилар. Тўлақонли давлат тузилмаларининг пайдо бўлиши — Тибетдаги Хошут хонлиги, Олтой ва Тян-Шан ўртасидаги ҳудудда Жунғор хонлиги — бу даврга тўғри келади. Айнан шу минтақа Жунгария номини олади.
Ойратларнинг бир қисми кейинчалик ғарбга – Қалмоқ хонлиги пайдо бўлган Волга қирғоқларига кўчиб кетишади. Тарихшуносликда бу кўчиш айланма маневр бўлган, унинг ёрдамида ойратлар бутун Ўрта Осиёни қисиб қўймоқчи бўлган, деган қарашлар ҳам бор, лекин кўпчилик нуфузли тадқиқотчилар бу нуқтаи назарга шубҳа билан қарашади.
Жунғорларнинг давлат ташкил этувчи халқ сифатида шаклланиши Эсэннинг авлоди — Ойрат Иттифоқининг сўнгги раҳбари чорос уруғидан Хара-Ҳула-тайши номи билан ҳам танилган Гумэчи фаолияти билан боғлиқ. 17 асрнинг биринчи чорагида у ўз қабиладошлари ўртасидаги ўзаро курашларга чек қўяди, қозоқларни мағлуб этади ва Шарқий мўғулларнинг ойратларни бўйсундиришга уринишларини қайтаради. Гумэчининг ўғли Эрдэни-Ботур бўлиб, Жунғор хонлигининг биринчи ҳукмдори (хунтайжи) бўлган.
Россиянинг Черепанов йилномаси (XVIII асрнинг иккинчи ярмидаги тарихий ҳикоялар тўплами) Жунғор хонлигининг пайдо бўлишини тилга олади: «Ўша йиллари Қалмиқ тайшаларида Зенгор ҳокимияти юксалади, зеро Қоракўлнинг ўғли Батур-тайша ўзининг эҳтиёткорлиги ва жасорати билан тарқоқ Қалмоқ республикаларини ўз тайшалари билан бирлаштиради ва Бухоронинг бир қисмини босиб олади ва 1635 йилдан бошлаб у Батур-тайша контайша деб атала бошланди».
Ўз навбатида, рус тарихчиси Леонид Бобров Жунғор давлатининг пайдо бўлишини цивилизация жараёнлари нуқтаи назаридан муҳокама қилар экан, шундай ёзади: «Осиё тарихининг ўрта асрлар охиридан янги давр бошларигача бўлган даври «кичик мўғуллар босқини даври» деб номланади. Бу Кўчманчи ва Деҳқон ўртасидаги кўп асрлик қарама-қаршилик ниҳоят иккинчисининг фойдасига якунланган давр эди. 15—17-асрларда илгари қудратли бўлган кўчманчи халқлар бирин-кетин ўтроқ деҳқончилик империялари ҳукмронлигини тан оладилар, суверен кўчманчи давлатларнинг ҳудуди эса худди йилқи теридек қисқариб боради. Аммо, парадоксал томони шундаки, айнан шу даврда Буюк Дашт энг кучли давлатлар билан деярли тенг кураш олиб боришга қодир сўнгги кўчманчи империяни вужудга келтирганди».
Чингизхон империяси сингари, жунғор ҳокимияти ҳам барча йўналишларда кенгайишга ҳаракат қилади, аммо шимолда руслар билан тўқнашувлари локал жанглардан нарига ўтмаган бўлса, шарқда ва жанубда манжурлар Хитойи билан қарама-қаршилик кўпроқ мудофаа характерига эга бўлган, ғарбда эса Эрдэни-Батур ва унинг авлодлари жуда агрессив сиёсат олиб боришган. Натижада, бу 100 йилдан ортиқ давом этган тўқнашувга олиб келади, тинчлик даврлари қонли жанглар, шаҳарлар ва кўчманчиларни қамал қилиш ва вайрон қилиш билан кенг кўламли ҳарбий юришлар билан алмашиб туради.
Уруш ва геноцид
XVII аср ўрталарида Эрдэни-Батур 15 минглик қўшин билан бостириб кирганида, қозоқлар жунғорларнинг биринчи ҳужумига бардош беришга мажбур бўладилар. Гарчи, афтидан, бу вақтга келиб қозоқ ерларининг бир қисми жунғорларга қарам бўлиб қолганди. Рус казаклари Петров ва Куницин 1616 йили Тоболск воеводига шундай хабар беришади: «Колматц ўлкасида Қозоқ Буюк Ўрдаси ва Қирғиз Ўрдаси ҳозирда уларга бўйсунган ва итоаткор, колмаклар эса иккала ўрдада ҳам кучли».
Собит версияга кўра, бор-йўғи олти юз аскари бўлган қозоқларнинг Жангир хони Эрдэни-Батур қўшини йўлида, Жунғор Олатовининг жануби-ғарбий этакларидаги Орбулоқ дарёси дарасида мустаҳкамланишни буюрган. Жунғорлар пистирмага тушиб, жиддий йўқотишларга учрайдилар – бу жангда қозоқлар биринчи марта ўқотар қуролдан кенг фойдаланишган, деб ҳисоблашади. Бухоро қўшини Жангир хонга ёрдамга келганида, Эрдэни-Ботур қўшинини Жунгарияга қайтариб кетишга қарор қилади.
Бироқ, кейинги йилларда жунғорлар қасос оладилар – улар билан бўлган жангларнинг бирида Жангир хон ўлдирилади ва қозоқлар кўчманчи босқинчилар кўчиб ўтган Олатов этакларини тарк этишга мажбур бўладилар.
Қарама-қаршиликнинг навбатдаги босқичи XVII асрнинг 80-йилларида содир бўлади. Бу вақтга келиб жунғор қўшини фитиль милтиқлари билан оммавий қуролланиб, рақибларидан устунликка эришади. Қуроллар Россиядан контрабанда йўли билан олиб келинади — баъзи маълумотларга кўра, Жунгарияга мунтазам равишда «30 ва ундан ортиқ аравада» ўқотар қуроллар юборилган. Бундай савдога маҳаллий рус амалдорлари ҳомийлик қилгани аниқ.
1681 йили жунғор хони Галдан Бошоғу Етти-Сув ва Жанубий Қозоғистонни эгаллайди, унинг жияни Цеван-Рабдан қўшини билан Сирдарёга етиб келади. Босқинчилар Тошкент, Чимкент, Тараз ва деярли бутун Фарғона водийсини босиб олишади. Жунғорлар қозоқ Тауке хонининг бир қанча қўшинларини мағлуб этишади, уларнинг ўғилларидан бирини асирга олишади. Бироқ, шу билан бирга, Хитойни аллақачон босиб олган ва у ерда Цин сулоласига асос солган манжурлар шарқдан жунғорлар ерига бостириб киради. Шундай қилиб, Галдан-Бошоғту ўз қўшинларини Марказий Осиёдан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлади, илгари босиб олинган шаҳарларни озод қилади.
Жунғор хонлигида Цеван-Рабдан ҳукмронлиги даврида Таукехон вафотидан сўнг биргина ҳукмдоридан айрилган қозоқлар, ўз тарихининг энг оғир даврларидан бирини бошидан кечиради. 1718 йили жунғорлар Балхаш бўйида 30 минг кишилик қозоқ қўшинини тор-мор этиб, ғарбга қараб, Арис дарёсига етиб борадилар ва у ерда маҳаллий жангчилар устидан навбатдаги ғалабага эришадилар. Шундан сўнг Цеван-Рабдан манжурлар билан тузилган сулҳдан фойдаланиб, бутун эътиборини Марказий Осиёни истило қилишга қаратади.
1723-1727 йиллари Қозоғистон тарихига «улкан мусибатлар даври» сифатида кирган. Босқинчиларнинг тазйиқи остида Катта жузнинг қозоқ уруғлари ўз ота-боболари ерларини ташлаб, ғарбга, Сирдарёдан нарироққа кетишга мажбур бўладилар. Кичик ва Ўрта жуз қозоқлари Хива ва Россия империяси чегараларига кўчиб ўтишган. Қўшинлари ҳатто Самарқандга ҳам етиб борган жунғорларнинг босқинидан кўрган йўқотишларни ҳисоблаш қийин, аммо замонавий қозоқ тарихчилари минтақадаги барча қозоқ аҳолисининг 40 фоизигача ҳалок бўлган деб ҳисоблаб, 700-800 минг кишилик рақамлардан фойдаланадилар. Агар бу тахминлар бўрттирилган бўлса ҳам, ҳар ҳолда, Чингизхон давридан бери Марказий Осиё бундай ҳалокатли босқинга дучор бўлмаганди.
ХХ аср қозоқ олими ва маърифатпарвари Чўқон Валихонов ўз ватандошлари бошига тушган мусибатларни қуйидагича таърифлайди (дарвоқе у рус анъаналарига кўра Марказий Осиё аҳолисини қирғизлар деб атаган): «XVII асрнинг биринчи ўн йиллиги қирғиз халқи ҳаётида даҳшатли давр бўлди. Жунғорлар, Волга қалмиқлари, Яик казаклари ва бошқирдлар турли томондан уларнинг улусларини вайрон қилдилар, чорва молларини ҳайдаб кетдилар ва қирғизларнинг бутун оилаларини асирга олдилар. Совуқ қиш, музлик ва очлик тақдир синовидек бахтсизликларни кўпайтирди... 1723 йил қирғизлар учун ҳалокатли йил сифатида халқ хотирасида сақланиб қолган… Ҳар ерда ваҳший жунғорлар қирғизларни таъқиб қилгани сабаб, улар сайғоқлар каби мол-мулки, болалари, қариялари, уй-рўзғор буюмлари ва озиб кетган чорва молларини ташлаб жанубга қочишган».
Бироқ, жунғорлар яна ўзларининг ғалабаларидан фойдалана олмайдилар — манжурлар билан уруш қайта бошланади ва Цеван-Рабдан эътибори яна шарққа қаратилади. Жунғор хони ўлимидан сўнг қисқа муддатли нотинчликлардан сўнг, унинг вориси Галдан-Цэрэн Марказий Осиёга ҳужумини давом эттиради. Қозоқларнинг ашаддий қаршиликларига қарамай, XVIII асрнинг 40-йилларига келиб жунғорлар Катта ва Ўрта жузларда, Фарғона водийсининг аксарият шаҳарларида (Қўқон ҳукмдори Абдулкарим бой шаҳарни янги девор билан ўраб, жунғорларга қарши курашган) ва Тошкентда ўз ҳокимиятини ўрнатади. Узоқ вақт давомида жунғорларга қарши турли зафарлар билан курашган Кичик жуз хони Абулхайр Россия империясидан ҳомийлик ва ҳимоя сўрашга мажбур бўлади.
Ўша пайтда жунғорларнинг деярли 100 минг кишилик қўшини бор эди. У нафақат қуроллар, балки дастлаб руслар томонидан, кейин эса жунғорлар томонидан қўлга олинган швед қуролчиси Йохан Ренат томонидан яратилган замбараклар билан қуролланган эди. Цин Хитойи билан урушда маълум муваффақиятларга эришган Галдан-Цэрэн қўшинига қарши туриш учун Марказий Осиёдаги бирорта давлатда ресурслар йўқ эди.
Бироқ, маълум бўлишича, Жунгария давлати ўз таъсирини оширишга имкон берадиган мустаҳкам кучга эга эмас эди. Галдан-Цэрэн вафотидан кейин ўтган ўн йил ичида жунғор тахтини учта ҳукмдор эгаллайди, уларнинг охиргиси Дабачи даврида хонликни манжурлар босиб олади.
Улар нафақат ойрат давлатчилигини бутунлай йўқ қиладилар, балки жунғорларни халқ сифатида йўқ қилишга ҳам уринадилар. Геноциднинг бир қисми сифатида юз минглаб одамлар манжур аскарлари томонидан ўлдирилади, кўплари очлик ва касалликдан ҳалок бўлади ва жунғорларнинг фақат кичик бир қисми Россияга ва ўзларининг кечаги душманлари — охир-оқибат давлатчиликни сақлаб қолишга муваффақ бўлолган қозоқлар ерларига қочиб кетишади.
Шу билан, юқорида номи тилга олинган Леонид Бобров хулоса қилганидек, «жаҳон сиёсатининг мустақил субъекти сифатида кўчманчи халқлар ва кўчманчи империялар тарихи тугайди».
-
03 Декабрь03.12Илғор технологиялар ва инсон иродаси бирлашгандаРоссия компанияси Тошкентда замонавий бионик протезларни тақдим этди
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
20 Ноябрь20.11«Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаса уят бўлади»Александр Крестинин — «Локомотив» даги фаолияти, ўзбек ва қирғиз футболи ҳақида
-
18 Ноябрь18.11ФотоТақвимга қарамасданТошкентда Янги йил арчаси ёқилди
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
01 Ноябрь01.11Феноменал РенессансТошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди