Қари билганни пари билмас

Келажак ёшлар қўлида деган матални қайта кўриб чиқишга тўғри келади шекилли
i.pinimg.com сайти фотосурати

Маълумки, ривожланган Ғарб мамлакатларида аҳолининг ўртача ёши мунтазам ошиб бормоқда. Бу тенденция Марказий Осиё давлатларига ҳам таъсир қилмоқда, аммо бу ерда унинг ўзига хос хусусиятлари бор. Меҳнат миграцияси шу нарсаларга олиб келяптики, статистика бўйича ёшлари кўп бўлган республикаларда катталар сони кўпроқ экани аён бўлмоқда. Бундай ҳолат уларни ноанъанавий усуллар билан ҳал этишга ундайдиган кутилмаган муаммоларга дуч қилмоқда.

Болалар ва ўсмирлар ҳисобга олинмайди

Ўзбекистон аста-секин, лекин барқарор равишда қариб бормоқда. Албатта, бу шаҳар кўчалари том маънода оқсоқоллар билан тўлиб кетяпти, дегани эмас. Бироқ, 2024 йили республика аҳолисининг ўртача ёши 2004 йилдаги 24,8 ёшга нисбатан тахминан 29,3 ёшни ташкил этган. Албатта, Япония халқи (ўртача ёши 49 ёш) ёки италияликлар (47 ёш) бундай «қариш» устидан кулиб, бундай муаммо қани энди бизда бўлсайди, дейиши мумкин. Бироқ, тенденция аниқ: Ўзбекистон қариб бормоқда ва бу ҳолат турли оқибатларни келтириб чиқариши табиий.

Миллатларнинг қариётгани қисман соғлиқни сақлаш тизимининг яхшиланаётгани ва умр кўриш давомийлиги каби ижобий тенденциялар билан изоҳланади. Жумладан, Ўзбекистонда кўп йиллардан буён аҳоли ўртасида ўлим даражаси нисбатан камайган. Ўлим даражаси ўнлаб йиллар давомида пасайиб бормоқда. 1991 йили ҳар минг киши бошига 6,2 одам тўғри келган бўлса, 2000 йили 5,5 та ва 2022 йили эса 4,8 та кишини ташкил этди. Бу кўпми ёки озми?

Халқаро меъёрларга кўра, агар умумий ўлим даражаси минг кишига 35 ва ундан юқори бўлса, у — ўта максимал, 25 дан 35 гача ўлим — жуда юқори, 15 дан 25 гача — оддий, 10 дан 15 гача — ўртача, 10 дан паст бўлса — паст деб ҳисобланади. Шундай қилиб, Ўзбекистон дунёда ўлим даражаси энг паст бўлган давлатлар қаторига киради. 2023 йилдан буён республикада ўлим даражаси бироз ошган бўлса-да, нисбатан пастлигича қолмоқда.

Кексалар сони ортиб бораётганига қарамай, Ўзбекистон нисбатан ёш давлат ҳисобланади. Бу, асосан, туғилишнинг юқори экани туфайли содир бўлмоқда. Албатта, республика Нигер ва Сомали кўрсаткичларидан узоқда, бу ерда ўртача ёш мос равишда 15,3 ва 15,4 ёшни ташкил қилади. Бироқ, бу ачинарли рекордлар — бу мамлакатларда туғилиш даражаси юқори, аммо чақалоқлар ўлими ҳам жуда юқори.

Қариб бораётган халқнинг асосий муаммоси ҳаммага маълум: меҳнат қилаётганлар тобора кўпроқ кексаларни қўллаб-қувватлашига мажбур бўлишади. Италияда 2020 йили битта ишчига битта нафақахўр тўғри келган. Аҳолининг ўртача ёши 41,5 ёшни ташкил этган Россияда вазият бироз яхшироқ: бу ерда 2024 йили ҳар бир пенсионерга 1,76 ишчи тўғри келган. 2018 йили РФ Пенсия жамғармаси бошқаруви раиси Антон Дроздов «учдан бирга» нисбатини оптимал деб атаган. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир пенсионерга учта ишчи тўғри келиши керак. Россия бундан ҳали анча узоқда, лекин у ўз муаммоларини қисман меҳнат мигрантлари, биринчи навбатда Марказий Осиёдан келганлар ҳисобига ҳал қилмоқда.

Бу ҳолат ўзаро манфаатли бўлиб туюлиши мумкин: Россияда иш бор, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ишчилар бор. Бироқ, аслида, ҳамма нарса ҳам жўн эмас. Расман Ўзбекистон ёш республика, чунки бу ерда ёш, меҳнатга лаёқатли фуқаролар кўп. Бироқ, ҳар йили миллионлаб бу фуқаролар бошқа мамлакатларга ишлаш учун кетишади. Шундай қилиб, мамлакатда ёшларнинг ҳақиқий фоизи сезиларли даражада камаймоқда. Қолаверса, нафақат ёшлар, балки меҳнатга лаёқатли ёшлар кетишмоқда. Бунда республикада қолган болалар ва ўсмирлар ҳисобланмайди: статистик нуқтаи назардан, улар, албатта, миллатни ёшартиради, лекин ишчи кучи муаммосини ҳал қилмайди.

Шундай қилиб, қизиқ бир ҳодиса пайдо бўлади: аҳолисининг ўртача ёши паст бўлган, расман ёш деб ҳисобланаётган мамлакат, аслида, сезиларли даражада каттароқ бўлиб чиқади. Фуқароларнинг бошқа мамлакатларга ишлаш учун кетаётгани туфайли республика қай даражада «қарияпти»?

Миллион бу ёққа, миллион у ёққа

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил март ойи охирига келиб бу давлатнинг 2 миллиондан ортиқ фуқароси хорижда меҳнат қилган бўлса, уларнинг ярми Россияда бўлган. Ваҳоланки, Россия расмий маълумотларига кўра, 2024 йил сентябрь ҳолатига кўра, РФда 1,792 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат қилган. Бу кўрсаткичнинг ўзи таъсирли, аммо ҳисоботда ноқонуний мигрантлар ҳисобга олинмагани учун ҳақиқий маълумотлар бундан ҳам юқори деган фикр бор.

Умуман олганда, меҳнат мигрантларига оид статистик маълумотлар ўта тахминий ва манбаларига қараб жуда фарқ қилади. Шу тариқа, Президент Мирзиёев матбуот котиби Шерзод Асадов 2016 йили Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сони ўртача 4 миллиондан 6 миллион кишигача бўлганини маълум қилганди. Россиянинг расмий маълумотларига асосланиб, ҳозирда Россияда 2 миллионга яқин ўзбекистонлик ишлаяпти, деб тахмин қиламиз. Савол: қолганлари қаерга кетди? Жавоб аниқ кўринади: уларнинг бир қисми ўз ватанига қайтган, бир қисми Россияда ноқонуний қолган, яна бир қисми Россия фуқаролигини олиб, статистикадан чиқарилган, қолганлари эса бошқа давлатларга ишлаш учун кетган.

Шу ерда эса биз кутилмаган оқибатларга дуч келамиз, жумладан: турли мамлакатларга меҳнат мигрантларини етказиб берувчи Ўзбекистоннинг ўзи ҳам ишчиларсиз қолмоқда. Бу баёнот фантастикадек кўринади — иш билан таъминлаш муаммоси ҳали ҳам кескин бўлган мамлакатда бир неча миллион кишининг четга кетиши, наҳотки, ички меҳнат фронтини қуритиб қўяётган бўлса?

Республикада меҳнатга лаёқатли ишсизлар етарлича кўп, аммо улар қандай иш билан шуғулланиши мумкин? Жавоб кўнгилдагидек эмас: асосан оддий ва малакасиз ишларни. Яқинда юз берган воқеа бунга далил бўла олади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ва Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни «Янги Тошкент» дея аталмиш шаҳарни қуриш учун ватанга қайтишга ундаш мақсадида бирлашди. Бу йирик давлат лойиҳаси бўлиб, ҳозирда уни бажариш учун ўн минг қурувчи талаб қилинади. Лекин ростдан ҳам шундай вазифани бажариш учун четдаги одамларни чақириш шартми? Наҳотки, ўттиз етти миллион киши яшайдиган мамлакатда ўн минг жуфт ишчи кучи топилмаган бўлса?

Маълум бўлишича, масаланинг ечими осон эмас экан. Бу ерда яна расмий статистика ва ишларнинг ҳақиқий ҳолати ўртасида зиддият пайдо бўлади. Муайян муаммоларни ҳал қилиш учун умуман ишчилар эмас, балки мутахассислар керак. «Янги Тошкент»га бетончи, сувоқчи, чилангар, электр монтёр, тош тарошловчилар каби 38 та касб-ҳунар бўйича ишчилар керак. Бундай мутахассислар хорижда ўз малакасини оширади ва ўша ерда ишлашади. Аммо, Ўзбекистонда бундай мутахассислар етишмайди.

Шунинг учун уларни қайтаришмоқчи, уларга саккиз соатлик иш куни, уч маҳал бепул овқат, кийим-кечак ва ётоқхона ваъда қилинмоқда. Шу билан бирга, ойлик иш ҳақи 8 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача (тахминан 625 – 1170 доллар) бўлади. Бу кўпми ёки озми, тушуниш учун статистикага мурожаат қилайлик. 2024 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 5,3 миллион сўмни (412 доллар) ташкил қилган. Бу шуни англатадики, таклиф қилинадиган шартлар маҳаллий стандартларга мос келади, айниқса бепул овқатланиш ва турар жой ҳисобга олинса. Ва бу минг доллардан ортиқ маош ҳатто Россия стандартлари бўйича ҳам ёмон эмас.

sputniknews.uz сайти фотосурати

Шубҳасиз, керакли миқдордаги малакали ишчилар топилади, аммо уларни чет элда қидириш керак бўлади. Бу меҳнат миграциясининг кутилмаган қўшимча эффектини кўрсатади: чет элга мардикор сифатида кетган одамлар нафақат хорижий мамлакатларда, балки ўз ватанида ҳам иш топишга қодир бўлган малакали мутахассислар сифатида қайтиб келишади.

Олтин заҳира ва сохта-дебиллик

Қариётган миллатнинг алоҳида муаммоси бор, у ҳам бўлса — кексалардир. Уларга қулай яшаш шароити, яхши тиббий хизмат ва пенсия керак. Бир қарашда, буларнинг барчаси фақат харажатлардан иборат. Аммо, бу нафақахўрларга ишламайдиган, «қўлини ювиб, қўлтиққа урган», атрофга мазза қилиб олазарак бўладиган одамлар сифатида қаралса.

Аслида эса, кексалар орасида фаол, шижоатли, малакали инсонлар кўп. 2024 йил Ўзбекистонда 580 мингга яқин пенсионер ишлаган. Бу маълум маънода республиканинг олтин захираси эканини таъкидлаш жоиз. Албатта, пенсионерлар қурилиш майдончаларида оғир нарсаларни кўтариб юришлари ёки далаларда пахта теришлари эҳтимолдан йироқ, лекин улар буни талаб қилмайди. Улар жисмоний меҳнатни талаб қилмайдиган ишларни бажаришга анча қодир, шу билан бирга улар ўз ишларини ёшларга қараганда эҳтиёткорлик ва масъулият билан бажарадилар. Шундай қилиб, баъзи ишларда нафақахўрлар ҳатто ёшлардан ҳам афзалроқдир.

Кексаларнинг устун томонлари нимада? Биринчидан, булар, қоида тариқасида, меҳнат интизоми ва масъулияти, гарчи идеалдан узоқ бўлса ҳам, ҳозиргидан юқори бўлган совет даври тобланган одамлардир. Иккинчидан, уларга иш топиш қийинроқ ва агар улар халтурага йўл қўйишса, нафақахўрларнинг биргина гўзал кўзлари учун уларни биров ишда олиб қолмайди.

Бундан ташқари, кекса одамларнинг одатлари ва ҳаётга муносабати бироз бошқача. Улар Интернетга қарам эмас ва ўз ишларини тезроқ тугатишга ва навбатдаги онлайн стримни томоша қилишга шошилишмайди. Шундай қилиб, улар виртуал дунёга ёпишиб қолган ёшларга қараганда реал ҳаётни маъқул кўрадиган кимсалардир. Бу ерда Матфей Инжилидаги хушхабарни эслаш ўринлидир: «Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади». Ёшлар хазинаси – интернет ва ижтимоий тармоқлар, уларнинг юраги ҳам, ақли ҳам ўша ерда. Аммо кексаларнинг онги ва юраги офлайнда, улар кўпроқ тажрибага эга ва ҳаётни яхшироқ тушунишади. Ҳа, улар баъзи ишларни ёшларга қараганда секинроқ бажаришлари мумкин, лекин улар буни анча пухтароқ қилишади.

Ҳеч кимга сир эмаски, Интернетда ўзоқ қолиб кетиш инсоннинг ақлий қобилиятига салбий таъсир қилади. Ҳатто «информацион соҳта дебиллик» деган атама ҳам мавжуд. У нафақат болаларда, балки гаджетларни суиистеъмол қиладиган катталарда ҳам ривожланади. Ахборотнинг сохта заифлиги пассивлик, импульсив ҳаракатлар, эътиборнинг этишмаслиги, ишда заиф концентрация, хотира муаммолари, мавҳум фикрлашни тушунмаслик ва бошқалар билан тавсифланади. Ҳатто барча керакли маълумотларни олаётганда ҳам, одам уни тўғри хазм қилолмайди. Шундай қилиб, ёшларга хос бўлган гаджетларга қарамлик иш сифатига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Кекса одамлар бу маънода кўпроқ ишончлидир.

Албатта, пенсионерлар мамлакатдаги барча ишларни ўз зиммаларига ололмайдилар, лекин улар ёш авлодга самарали ёрдам беришга қодир. Ўзбекистон раҳбарияти эса буни тушуниб, кексаларни ижтимоий муаммоларни ҳал этишга жалб эта бошлади. Хусусан, Президент Мирзиёевнинг 2024 йил 26 ноябрда кучга кирган фармонида Ўзбекистон маҳаллаларида оилаларни камбағалликдан чиқариш, соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга фаол оқсоқолларни жалб этиш белгиланган. Оқсоқоллар вазифасига амалий ишлар киради, масалан:

👉 кам таъминланган аҳолига юқори даромадли экинлар этиштириш бўйича томорқа ерларидан самарали фойдаланишда кўмаклашиш;

👉 кўчма дўкон ёки мини-ишлаб чиқариш ускунасини бўлиб-бўлиб ижарага олишга ёрдам бериш;

👉 кам таъминланган оилалар фарзандларини ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, ҳунарманд ва усталарга бириктириш;

👉 оилалар томонидан ижтимоий шартномада белгиланган мажбуриятлар бажарилишини назорат қилиш;

👉 муаммоли оилалар билан ишлаш ва ҳоказо.

Шундай қилиб, пенсия ёши Россияда бироз ҳунук янграйдиган «бир амаллаб ўлимгача яшаб олиш эмас», балки жамият ҳаётида фаол ва жуда муҳим иштирок этиш давридир. Ўзбекистонда кексаларга катта ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланаётгани ва жиддий қабул қилинаётгани боис пенсионерларнинг «олтин заҳираси» республика иқтисодиётини янада ривожлантиришнинг самарали воситасига айланиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ