Аркадаг фойдаси учун киритилган голлар

Туркман футболчилари миллион доллар ютиб олишди. Аммо пул Бердимуҳамедов фондига ўтказилди
"Аркадаг" футболчилари. TDH сайти фотосурати

Туркманистоннинг янги Аркадаг шаҳрида Осиёнинг учинчи кучли клуб турнири – ОФК Чақирув лигасида ғолибликни қўлга киритган худди шу шаҳар номидаги футбол жамоаси учун байрам тантанаси бўлиб ўтди. Йигитларни чинакам қаҳрамонлар каби кутиб олишди, улар автобусда шаҳар бўйлаб сайр қилишди, олқишларга кўмилди, футболчилар шарафига салютлар отилди. Буларнинг барчасига футболчилар нафақат Қувайт, Ҳиндистон, Камбоджа футбол майдонларида чеккан машаққати ва тўккан пешона терлари, балки ҳалол ишлаб топган пуллари билан ҳам бадал тўладилар.

Туркман футболи ҳам бутун мамлакат каби жуда ёпиқ. Клубларда хорижлик футболчилар йўқ. Ҳаттоки ўйинлар трансляция қилинмайди, гарчи бунинг устидан футбол скаутлари ва агентлари шикоят қилишаётган бўлишсада. Ўйинни кўра олмаслик туркманистонлик футболчиларнинг халқаро майдонга чиқишларини ниҳоятда қийинлаштиради.

Расмий маошлар ҳам паст — қора бозор курсида ойига 120 доллардан ошмайди. Кучли ўйинчилар кам маошни бонуслар билан қоплайди, лекин ички майдонда ва «Аркадаг» мисолида кўрсатганимиздек, халқаро майдонда ютиб чиққан ҳолатда ҳам футболчининг йилига 20 минг доллардан кўпроқ пул ишлаши жисмонан мумкин эмас. Туркманистонда футбол орқали бойиб кетиш имконсиз.

«Аркадаг» клуби ёш. У 2023 йил баҳорида мамлакатнинг собиқ президенти, ҳозирда Халқ Маслаҳати раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов шарафига тузилган ва номланган. У шахсан клуб формаси ва логотипини танлаган ва ўзи тузатишлар киритган. Шаҳарда яхшигина стадион қурилган, жамоа Туркманистон чемпионатининг энг кучли футболчиларидан ташкил топган. Клуб дарҳол республика олий лигасига киритилган ва ғалаба қозона бошлаган.

«Аркадаг» футболчилари ютуқ билан. turkmenistan.gov.tm сайти фотосурати

Жамоа шу кунгача барча ички турнирларда ғалаба қозонмоқда. Кўринишидан, режа Гиннеснинг рекордлар китобига кириш бўлса керак, аммо «Аркадаг»нинг ютуқларини ҳисобга олиш даргумон — лиганинг ёпиқлиги ва рекордларни текшириш ва ёзиб олишнинг иложи йўқлиги сабабли. Лекин бир қатор текшириб кўйишга арзирли клуб.

Моҳирми ёки сунъий?

Икки йиллик фаолият давомида жамоа ўзи иштирок этган барча турнирларда ички майдонда ғолиб чиқди. Мамлакатда ҳакамлик даражасини баҳолашнинг иложи йўқ, аммо маълумки, чемпионга қарши ўйинларда «Аркадаг»нинг асосий рақиблари кўпинча кучли таркибда майдонга тушмайди, бу эса мағлубиятга сабаб бўлади. Бу шунчаки тасодиф бўлиши мумкин, лекин бу жуда тез-тез содир бўлади. Афтидан, «Аркадаг» дунёга келишидан олдин ҳам биринчи ўринга даъво қилган.

Ғалабали серия давом этмоқда. 2023 йилги мавсум якунига кўра, клуб учинчи кучли турнир – янги ОФК Чақирув лигасига йўлланма олди, гарчи ташкилот низомига кўра, у ҳали икки йилдан бери мавжуд бўлмагани учун бундай қилиш ҳуқуқига эга бўлмасада. Шунга қарамай, Туркманистон раҳбарияти ОФКга шахсий илтимос билан чиқди ва илтимос қабул қилинди.

Ҳукумат саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. Қувайтда марказлашган форматда ўтказилган Чақирув лигаси гуруҳ босқичини «Аркадаг» жуда яхши ўйнади. Мальдивнинг «Мазия» (2:1) ва қирғизларнинг «Абдиш-Ата» (2:0) устидан ғалаба қозонди. Плей-офф йўлланмаси учун ҳал қилувчи баҳсда Қувайтнинг «Ал-Араби»сига (2:3) имкониятни бой берган бўлса-да, урилган иккита гол эвазига вазифани уддалай олди.

Владимир Байрамов. metaratings.ru сайти фотосурати

Чорак финалда «Аркадаг» Ҳиндистоннинг «Ист-Бенгал» жамоасини ишончли тарзда мағлуб этди (2:1, 1:0). Ярим финалда эса у яна бир бор ўзини ҳафа қилган «Ал-Араби» билан тўқнаш келди. Туркманистонликлар биринчи ўйинда 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса-да, ўз стадионида сенсацион тарзда рақибларини маҳлуб этишди — 3:0. Финалда жуда қийин кечган баҳсда Камбоджанинг «Свай Риенг»ни қўшимча вақтда мағлуб этишди (2:1). Турнирнинг энг яхши футболчиси деб Шаназар Тиркишов, бешта гол урган Олтимурат Аннадурдиев энг яхши мерган деб топилди.

Бунда, албатта, мураббий Владимир Байрамовнинг хизматларини алоҳида қайд этиш лозим. Унинг PRO лицензияси йўқ, шунинг учун протоколларда бошқа мутахассис кўрсатилган, аммо айнан Байрамов жамоани бошқарган ва ўйин бўйича кўрсатмалар берган.

Туркманистон клубининг Биринчи Чақирув Лигадаги ғалабаси ниҳоятда рамзий маънога эга бўлди. Ушбу турнир 2005-2014 йиллари ўтказилган ОФК Президенти кубогининг давомчиси ҳисобланади. Охирги икки ўйинда Туркманистоннинг «Балкан» (ҳозирги «Небитчи») ва МТТУ (ҳозирги «Едиген») жамоалари ғалаба қозонган. Гарчи, ўша турнир «Марказий Осиё»ник ҳисобланган. Тўққиз йиллик фаолияти давомида туркман жамоаларидан ташқари кубокни Тожикистоннинг «Регар-ТадАЗ» жамоаси уч марта, Бишкекнинг «Дордойи икки марта ва Душанбенинг «Истиқлол» жамоаси бир марта қўлга киритган. Бироқ, символизм шу ерда тугайди — Чақирув лигасида иштирокчиларни танлаш Президент кубоги давридан ҳам кучлироқ тартибдадир.

Турнирдаги ғалаба эвазига Туркманистонни келаси мавсумда халқаро майдонларда бирданига учта жамоа – минтақадаги бошқа республикалардан кўпроқ жамоа тақдим этади. «Аркадаг» иккинчи Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида иштирок этади. Кумуш медал соҳиби «Аҳал» Чемпионлар лигаси ўрнига иккинчи Чемпионлар лигасида ўйнаш имкониятини қўлга киритади ва катта эҳтимол билан «Регар-ТадАЗ»га қарши ўйинни саралаш босқичидан бошлайди. Ниҳоят, бронза медал соҳиби «Олтин Асир» кутилмаганда Чақирув лигаси гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритди.

Шундай қилиб, «Аркадаг»нинг ички майдонда қўллаган барча ҳийлалари ва ОФКнинг содиқлиги, барча шубҳаларга қарамай, сезиларли натижаларни берди. «Аркадаг»нинг туркман футболига қўшган ҳиссаси жуда катта бўлди. Мақсад — воситаларни оқлади.

Энди эса, воситалар ва миннатдорчилик ҳақида бир оз гаплашамиз.

Аркадаг фойдасига

Ҳеч кимга сир эмаски, Туркманистонда талабалар ва давлат сектори ходимлари турли оммавий тадбирларда иштирок этишга мажбур қилинади. Шу жумладан спортга ҳам. Футбол ўйинлари бундан мустасно эмас. Туркманистон клублари ёки миллий терма жамоалари иштирокидаги халқаро ўйинларда трибуналар доим тўлиб-тошган. Байроқлар билан бир хил кийинган одамлар гўзал, шу билан бирга абгор манзарани яратади. Бироқ, футболни тўлиқ маънода мажбуран дейиш қийин. «Фарғона»га айтишларича, халқ ўз спортчиларини қўллаб-қувватлаш учун стадионга боришдан хурсанд. Чунки, ҳеч бўлмаганда, эркаклар чин юракдан мухлислтк қилишади. Турнирда ғолиб чиққан футболчилар ҳам буюртма бўйича бўлса ҳам Аркадагда худди шундай самимийлик билан кутиб олинди. Гарчи мухлисларнинг бир неча соат давомида йўл бўйлаб туришларига тўғри келган бўлса ҳам.

«Аркадаг» футболчилари. turkmenistan.gov.tm сайти фотосурати

Футболчилар олтин рангдаги формада бўлишди. Табриклаш маросими анча ёрқин ва ижобий ўтди. Футболчиларга мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг пул мукофотлари солинган конвертлар топширилди. «Фарғона»га маълум бўлишича, совға ҳажми 1000 долларни ташкил қилган. 50 га яқин одам уни олган. Иш ҳақи миқдорини ҳисобга олинса, ёмон пулмас. Кўнгилга ҳам ёқади.

Шундан сўнг жамоа директори Арсланмурат Аманов сўзга чиқиб, футболчилар ва жамоа ходимлари халқаро турнирда қўлга киритган мукофот пулларини Гурбангули Бердимуҳамедов номидаги Қаровга муҳтож болаларга кўмаклашиш хайрия фонди ҳисоб рақамига ўтказиб беришни сўрашаётганини айтди.

Аманов аниқ миқдорни айтмади. Аммо гап турнирда ғалаба учун берилган камида 1 миллион доллар ҳақида бормоқда. Бундан ташқари, «Аркадаг» финалга чиққани учун 500 минг доллар олган.

Яъни, клуб 50 минг доллар эвазига камида 1 миллион доллар бериб, ҳокимият билан «тил топди».

Бу ерда нима нотўғри? Йилига миллионлаб доллар маош оладиган бой клубларда ҳам мукофот пулининг камида ярми миқдорида бонуслар бериш одат тусига кирган. Масалан, Миланнинг «Интер» жамоаси футболчиларига УEФА Чемпионлар лигасида ғолиб чиққани учун 10 миллион евро мукофот (ҳар бири 400 минг евро) ваъда қилинганди. Бундан ташқари, финалга чиқиш ва ғалаба қозониш учун клуб 25 миллион евро олади. Лекин шуни ҳисобга оламизки, футболчиларга ярим финалдаги муваффақиятли ўйинлари учун 3 миллион евро (ҳар бири 100 минг евро) миқдорида мукофот пуллари берилган. Шундай қилиб, бу мукофот пулининг 50% дан ортиғи бўлади.

Маълум бўлишича, «Аркадаг» футболчилар ва мураббийлар камида 10 минг доллар, ҳатто 15 минг доллардан – қўпол қилиб айтганда, деярли бир йиллик маошини олишлари керак эди. Гурбангули Бердимуҳамедов ўз табрик мактубида ёзганидек, маблағлар Бозор Аманов номидаги янги давлат болалар кутубхонасининг янги бино қурилишига йўналтирилади.

Туркманистон Европа эмас

Хайрия ишлари футболда кам учрайдиган нарса эмас. Мисол учун, Германия терма жамоаси футболчилари ЕВРО-2024да иштирок этгани учун олган мукофот пулларининг бир қисмини уйсизлар учун хайрия жамғармаларига ўтказишган. Аммо шуни тушуниш керакки, терма жамоаси бу клуб эмас, яъни футболчи у ерга ўз хоҳиши билан боради ва иш берувчи билан шартномада бонуслар одатда ёзилади. Боз устига, немис жамоаси бор-йўғи 150 минг евро мукофот пул ишлаб олишган. Немис футболчиларини маош борасида туркман футболчилари билан тенглаштириб бўлмайди. Уларнинг аксарияти бир йилда эмас, бир кунда 10 минг доллар ишлаб топади. 2016 йили ЕВРО ва Чемпионлар лигасидаги ғалабалари учун салкам 1 миллион евро хайрия қилган Криштиану Роналду ҳақида нима дейиш ҳам мумкин. Аммо бу унинг шахсий ташаббуси ва бу ерда у ўз брендини дунёга илгари сурганди. Бу пуллар Кришга юз баравар бўлиб қайтган.

Шунинг учун бу ўринда туркман хайрия ишлари жуда шубҳали кўринади. Ахир футболчининг умри қисқа. 15-20 йиллик футболчилик фаолиятида бутун умр ўзингни таъминлашинг керак, боз устига Роналду бўлмасанг ва 120 доллар маош олсанг. «Аркадаг» жамоасининг ҳеч бир футболчиси ёки ходимларининг молиявий қийинчиликлари йўқ эканига, улар ушбу мукофот пулларидан тўйга ёки боласини ўқитишга, ота-онасини даволатишга, квартирани таъмирлашга ёки машинани яхшилашга умид қилмаганига ишониш қийин.

Ва агар ҳақиқатан ҳам «Аркадаг» клубининг барча аъзолари бир ёқадан бош чиқариб, барча пулларни хайрли ишлар учун беришга қарор қилишган бўлса, ҳукмат муносабати ҳам муносиб бўлиши керак. Ҳеч бўлмаганда 1000 долларга яна бир нол қўшилиши ёки ўзбек расмийлари каби машина совға қилиниши керак эди. Ёки улар ишлайдиган Аркадагдан квартиралар берилиши лозим эди. Зеро, туркманистонлик футболчилар ҳар куни ҳам халқаро миқёсда муваффақиятга эришавермайди. Аммо, афсуски, биз ҳали бундай нарсани кўрмаяпмиз. Ҳеч бўлмаганда очиқ тарзда. Наҳотки, дунёнинг газга бой давлатларидан бири бўлмиш Туркманистон раҳбарияти шу қишда пулни тежаш учун хориждаги йиғинга ҳам жўнатиб юбормаган чемпионларга муносиб рағбатлантириш учун имкониятга эга бўлмаган бўлса?

Футболчиларнинг ва умуман спортчиларнинг кўнгли нозик бўлади. Умидларнинг оқланмагани мотивация, олдинга интилиш иштиёқига қаттиқ зарба беради. Кубоклар ва медаллар, албатта, жуда муҳим, лекин уни нонга қўйиб еб бўлмайди, у билан болангни боқолмайсан. Ишқилиб, футболчиларнинг ўзлари қариган чоғларида бир пайтлар ихтиёрий ёки мажбурий равишда тешона тери билан топган катта миқдордаги пулларини ҳайрия учун бахшида қилган ўша ҳайрия фондларига мижоз бўлиб қолишмаса бўлгани.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ