Россия президенти Владимир Путин миграция оқимини тартибга солишнинг стратегик мақсадлари, тамойиллари ва йўналишларини белгилаб берувчи «Россия Федерациясининг 2026–2030 йилларга мўлжалланган давлат миграция сиёсати концепцияси»ни тасдиқлади. Фармон 15 октябрь куни имзоланган.
Ҳужжатда миграция оқимларини янада қатъий тартибга солишга ўтиш, давлат органларининг назоратни ҳар томонлама рақамлаштириш, ишчи кучини танлаб ёллаш, чет эл фуқароларига нисбатан қатъий талабларга эътибор қаратиш белгиланган. Унда Концепция Миллий хавфсизлик стратегияси, 2030-йилга қадар давлат маданият сиёсати стратегияси ва бошқа муҳим стратегик ҳужжатлар қоидаларига, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва демографик вазиятдаги ўзгаришларга мувофиқ ишлаб чиқилгани алоҳида таъкидланган.
Ҳужжатга кўра, Россиянинг миграция сиёсатининг мақсадлари қуйидагилардан иборат:
▶️ Ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа механизмларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш:
▪️ Чет элда яшовчи ватандошларни доимий яшаш учун Россияга ихтиёрий равишда кўчириш;
▪️ Россиянинг анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларини ҳурмат қилган ҳолда, сармоялари, касбий билими, кўникма ва тажрибаси иқтисодиёт, фан, таълим, маданият ва санъатнинг ўсишига ҳисса қўшадиган чет эл фуқароларини жалб қилиш;
▪️ Россия билан бизнес, илмий, маданий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, мамлакатнинг рус тили, тарихи ва маданиятини ўрганишдан манфаатдор бўлган хорижликларнинг кириши ва вақтинча яшаши учун шарт-шароитларни таъминлаш;
▪️ Россия иқтисодиётининг малакали ва малакасиз ишчи кучига реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат миграциясини тартибга солиш, шу билан бирга чет элликларни жалб қилиш тартиб-таомилларининг шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу жараёнларни самарали мониторинг қилиш ва бошқариш;
▪️ Чэт эл фуқароларининг шахсини ва малакасини, жумладан, биометрик маълумотларни тўплаш, тиббий кўрикдан ўтказиш, маълумоти, касбий тажрибаси ва бошқа хусусиятларини тасдиқлаш бўйича мажбурий тартибларни жорий этиш;
▪️ Чет эл фуқароларининг Россиядаги ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа ҳаёт шароитларига мослашиши учун шароит яратиш.
▶️ Миграция қонунчилиги бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашиш тизимини мустаҳкамлаш, шунингдек, миграция назорати самарадорлигини ошириш учун давлат бошқарувининг рақамли инфратузилмасини фаол ривожлантириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш.
▶️ Халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрлари ва Россия қонунчилигига мувофиқ айрим тоифадаги хорижий фуқароларга гуманитар ёрдам кўрсатиш.
Ана энди батафсилроқ изоҳ
Концепция Россиянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшадиган миграция вазиятини яратиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш, миллий меҳнат бозорини ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган. Унда табиий демографик динамика меҳнат ресурсларини тўлдиришнинг асосий манбаи бўлиши кераклиги, миграция иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда фақат ёрдамчи восита бўлиб хизмат қилиши таъкидланади.
Асосий янгиликлардан бири рақамли технологияларни кенг жорий этишдир. Россия ҳукумати мамлакатга кирувчи ва истиқомат қилувчи барча чет эл фуқаролари учун «рақамли профил» яратишни режалаштирмоқда. Биометрик маълумотлар — фотосуратлар ва бармоқ излари нафақат чегарада, балки Россиядан ташқарида ҳам махсус дастурлар орқали тўпланади. Сунъий интеллект катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш учун ишлатилади. Визасиз мамлакатлар фуқаролари учун электрон кириш билдиришномаси механизми яратилади.
Концепцияда Россия иқтисодиёти эҳтиёжларига мос равишда ишчиларни «уюшган ҳолда ёллаш»га урғу берилган. Шу мақсадда хорижликларни тўғридан-тўғри яшаш мамлакатларида танлаш ва ўқитиш инфратузилмаси яратилади. Иш берувчиларнинг масъулияти ортади: улар ходимнинг Россияда бўлишига жавобгар бўлади, меҳнат шартномалари электрон шаклда тузилади.
Ҳужжатда, шунингдек, мигрантларга нисбатан қаттиқроқ талаблар белгилаб берилган: мамлакатда қолиш учун улардан рус тилини билиши, Россия тарихи ва мамлакат қонунчилиги асосларини билиши талаб этилади. Тегишли сертификатларни фақат давлат органлари бериши мумкин.
Бундан ташқари, имтиҳонларни ўтказиш учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни учинчи шахсларга ўтказиш тақиқланади ва асосий умумий таълим дастурларига фақат Россияда қонуний яшаётган, мажбурий бепул тестдан ўтган чет элликлар йўналтирилади.
Маҳаллий ҳокимият органларига чет эл фуқароларини алоҳида муниципалитетларда рўйхатга олиш бўйича чекловлар қўйиш ҳуқуқи берилади. Бу чора этник анклавлар шаклланишининг олдини олишга қаратилган. Бундан ташқари, меҳнат мигрантларининг ишламайдиган ва ўқимайдиган оила аъзоларининг Россияда бўлишини чеклаш чоралари кўрилади.
Россияга «анъанавий рус маънавий-ахлоқий қадриятлари»ни хурмат қиладиган чет элликларни, шунингдек, давлат кўчириш дастури қўлланилаётган ватандошларни жалб қилишга устувор аҳамият берилади.
Ноқонуний миграцияга қарши курашиш учун ички ишлар органларига маъмурий депортацияни қўллаш ваколати берилади, Россия Федерациясида ноқонуний яшаётган шахсларга битимлар тузиш ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиш тақиқланади.
Россия ҳукумати қандай натижаларни кутмоқда
2030 йилгача концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар қаторига қуйидагилар киради:
▪️ Россия Федерациясида ноқонуний яшаётган чет элликлар сони қисқариши;
▪️ Мигрантлар ўртасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони камайиши;
▪️ Чет эл фуқароларининг мактабга бормаётган болалари сони қисқариши, Россия университетлари ва илмий ташкилотларида чет эллик талабалар сонининг кўпайиши;
▪️ Мақсадли ишга қабул қилиш орқали жалб қилинган чет элликлар улушининг ошиши;
▪️ Анъанавий рус маънавий-ахлоқий қадриятларини хурмат қиладиган кўчиб келувчилар сонининг кўпайиши.
Россия Ички ишлар вазирлиги миграция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун масъул этиб тайинланди. Ҳукуматга 2025 йил охиригача мазкур ҳужжатни амалга ошириш режасини тасдиқлаш, унинг ижросини таъминлаш ҳамда ҳар йили Президентга иш юзасидан ҳисобот тақдим этиш вазифаси топширилди. Ўлка ва маҳаллий ҳокимият органларига миграцияга оид фаолиятида концепция қоидаларига амал қилиш тавсия этилади.
-
14 Октябрь14.10Ўрта асрлар томон ортга бир қадамНима учун Қирғизистон ўлим жазосини тикламаслиги кераклиги ҳақида
-
13 Октябрь13.10СуратЎзбекистон мушуклари халқаро даражага чиқдиТошкентда WCF Cat Show 2025 мушуклар кўргазмаси бўлиб ўтди
-
06 Октябрь06.10Барча замонлар календариҲозирги туркий халқлар бирлаша оладими?
-
02 Октябрь02.10«Қўрқув бўлмади — мавҳумлик юракни ғашларди»Святослав Каверин бугунги Афғонистон ҳақида нималарни билмаслигимиз ва билишимиз керак бўлган нарсалар ҳақида
-
30 Сентябрь30.09Чўкиб бораётган денгизНима учун Тўқаев сайёрадаги энг катта ёпиқ сув ҳавзаси тақдири ҳақида қайғурмоқда?
-
26 Сентябрь26.09СуратБозорга кенг назарАнзор Бухарский билан Фарғона водийси бўйлаб фототур