Янги йил байрами одатда турли хил ижобий янгиликлар, умидлар ва ҳатто мўъжизалар билан боғлиқ тарзда қабул қилинади. Бироқ, 2026 йилнинг дастлабки кунларида ғалати ва ҳайратланарли янгиликларга бой бўлди: Венесуэла президенти ва унинг рафиқаси ўғирланишидан тортиб, Эрон фуқароларининг оятуллоҳга қарши қўзғолони ва бу қўзғолоннинг шафқацизларча бостирилишигача. Қизиғи шундаки, Ислом Республикаси раҳбариятига қарши энг таҳдидли баёнотлар берган президент Трамп ҳали ҳам жиддий чоралар кўрмади. Албатта, унинг айрим шахсларга нисбатан жорий этган санкциялари ва Эрон билан бизнес юритаётган мамлакатларга қўйган божларини ҳисобламаса. Бу ерда Марказий Осиё республикалари ҳам бундан бенасиб қолмади.
Келинг, гапни Трампдан бошлай қолайлик.
Кулчага тиқилиб қолманг.
Халқаро ҳамжамият Янги йил арафасидаги тебранишлардан эндигина ўзига келганида, Трамп ўзининг фикс ғоясига — Даниядан Гренландияни тортиб олишга қайтди. У ушбу истагини фақат геосиёсий сабаблар билан, яъни Гренландия Қўшма Штатларнинг стратегик рақиблари — Хитой ва Россия қўлига тушиб қолиши мумкинлиги билан изоҳлайди. Бу айёр стратегия нафақат Данияни, балки НАТОнинг бошқа аъзоларини ҳам чуқур ҳайратда қолдирди.
Америка президентига Гренландия НАТОнинг, биринчи навбатда АҚШнинг тўлиқ қудрати билан ҳимояланганлигини ва у ерга исталган вақтда исталган ҳарбий контингентни жойлаштириши мумкинлигини тушунтиришга бўлган барча уринишлар беҳуда кетди. Трампга бундай тушунтиришлар керак эмас, у улкан, стратегик аҳамиятга эга ер участкаси керак.
Тўсатдан НАТО низомида бир аъзонинг бошқасига қарши тажовузини тақиқловчи банд йўқлиги маълум бўлиб қолди. Савол туғилади — нега? Кўринишидан, ҳеч ким мудофаа иттифоқининг бир аъзоси бошқасига таҳдид солиши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмаган. Янги, пост-анъанавий дунёда бу бутунлай мумкин экан.
Европада сиёсат ўрнини бюрократия эгаллаб олгани ва ҳозирги давлат раҳбарлари йигирманчи аср раҳбарларига олдида ип эшолмаслиги борасида гапирмаган бирорта ҳам дангаса қолмаган. Албатта, Маргарет Тэтчер, Франсуа Миттеран ва Гельмут Кол шунга ўхшаш вазиятда нима қилишлари ҳақида тахмин қилиш мумкин, аммо улар вазиятни бундай шармандали нуқтага етказмаган бўлардилар. Қолаверса, АҚШ президентлари орасида Трампдан ҳам ношудроқлари бўлган. Масалан, «Қандай айтса тўғри бўлади: Ироқми ё Эрон» дея саволни тушуна олмаган кичик Жорж Буш ҳақида машҳур ҳазил бор: «Жорж Бушнинг бутун кутубхонаси ёниб кетди. Учала китоб ҳам ёниб кетди. У ҳатто биттасини ҳам бўяшга улгурмаганди».
Ҳатто унинг рафиқаси ҳам эрининг ёш болага ўхшаб қолганини, ҳали қарасанг велосипедидан йиқилиб тушишини, ҳали қарасанг кулчага тиқилиб қолишини айтганди. Албатта, АҚШнинг 43-президенти даврида ҳаммаёқ силлиққина бўлмаган, биргина Ироқ ва Афғонистонга бостириб кирилганини эслаш кифоя, бироқ у ҳеч қачон энг яқин иттифоқчиларига таҳдид қилмаган.
Мария Корина Мачадо 2025 йил учун олган тинчлик бўйича Нобель мукофотини Дональд Трампга тортиқ қилмоқда. The White House / Reuters фотосурати
Қандай бўлмасин, дунёни йўқ қилиш учун фақат аҳмоқликнинг ўзи етарли эмаслиги аниқ — бунинг учун ҳеч бўлмаганда ақлдан озган бепарволик ва бўрттирилган эго ҳам керак. Ва ҳозирги АҚШ президентида иккаласи ҳам жўшиб ётибди. Масалан, у Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо ўзининг тинчлик бўйича Нобель мукофотини унга топшириши кераклигини бир неча бор таъкидлаган, чунки у бунга ҳаммадан кўра кўпроқ лойиқ эди. Мачадо ниҳоят таслим бўлди ва Трампга «Венесуэла сиёсий маҳбуслари ва барча венесуэлаликлар озодлигига содиқлиги» учун Нобель медалини топширди. Қонуний жиҳатдан бу ҳеч нарсани англатмайди, чунки Нобель мукофотини бошқасига бериб бўлмайди. Аммо Трамп ўзининг эгосини юпантирди — ахир, бу ҳақиқий тинчлик мукофоти, у учун махсус яратилган футбол мукофоти эмас.
Баъзилар Трампни мутлақо ақлдан озган деб ҳисоблашади, бошқалари шунчаки кинояли ва қабиҳ инсон деб ҳисоблашади, бошқалари эса унинг беписандлигидан хурсанд. Ким ҳақ экани энди муҳим эмас — дунё учун оқибатлари аниқ жиддий ва вазият тобора ёмонлашиб бормоқда.
Муҳими ғалаба эмас, иштирок этиш
Дунёни тобора эгаллаб олаётган жиннихонага Россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв «ўз ҳиссаси»ни қўшди. У шундай деди: «Халқаро ҳуқуқ ва халқаро тартибга тупуриш керак. Агар миллий хавфсизлигимиз учун Украина ҳудудида стратегик ҳарбий операция бошлашимиз керак бўлган экан, нега худди шу сабабларга кўра таъсир зонамизнинг бошқа қисмларида махсус ҳарбий операция бошламаслигимиз керак экан?»
Россиянинг таъсир зонаси, табиийки, Соловьёв «бизники» деб атаётган Марказий Осиё мамлакатларини ҳам ўз ичига олади. Марказий Осиё республикалари ҳудудида аввалига хушмуомала, кейин қўпол, «яшил одамча»ларни кўриш истиқболи, тушунарли, россиялик урушсевар одамлардан ташқари ҳеч кимни қувонтирмайди .
Табиий савол туғилади: нега телебошловчи тўсатдан бунчалик гердайиб кетди ва унинг бировнинг ҳовлисига тош отишларини қандай тушуниш мумкин? Ҳеч бўлмаганда шартномалар ва конвенциялар бажарилгандек кўрсатилган эски дунёда буни унчалик хавфсиз бўлмаган троллнинг уятсиз провокация сифатида қабул қилинарди. Соловьёв ҳуради — карвон ўтади қабилида. Бундан ташқари, Россияда илгари ҳам собиқ Совет, энди мустақил республикалар фақат Россия метрополияси раҳм-шафқати туфайли мавжудлигини ва аслида улар ҳеч қачон суверенитет ёки тарихий давлатчиликка эга бўлмаганини уқтирадиганлар бўлган. Одатда бу ролни марҳум ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский қойилмақом қилиб ўйнаган. Кремль Россия фуқаролари ва халқаро ҳамжамият қандай муносабатда бўлишини пайпаслаш учун атайлаб Жириновский орқали баъзи жирканч ғояларни илгари сурган деб ишонилган. Ҳаттоки шундай бир ибора бор эди: «Кремль ақлидаги бор нарса, Жириновский тилидан янграйди».
Бироқ, геосиёсий ўйинлар фақат Жириновский билан чекланмасди. Бундай спикерлар орасида собиқ Россия президенти Дмитрий Медведев ва ҳатто амалдаги президент Владимир Путин ҳам бор эди. Энди эса Владимир Соловьёв шунга ўхшаш вазифаларни ўз зиммасига олган.
Формал жиҳатдан, Россияда энг таниқли бўлмасин, россиялик телебошловчининг сўзлари унинг шахсий фикридир. Россия бу сафар «ўзининг» Марказий Осиёсига қарши яна бир махсус ҳарбий операцияни тайёрламоқда деб жиддий ўйлаб бўлмайди. Бироқ, Украина билан қуролли можаро бошланмагунча ҳам бунга биров ишонмаган. Нельсон Мандела таъбири билан айтганда, бу ҳақиқатан ҳам содир бўлмагунча имконсиздек туюларди.
Очиғи, гап дунёнинг янги тақсимланиши ҳақида гапирмаяптимикан, токи унда дунёнинг бир қисми Америкага, бир қисми Россияга ва бир қисми Хитойга кетади? Агар шундай бўлса, рус тарғиботчиси булбул атиргулни орзу қилганидек, Марказий Осиёда МҲО ўтказилиши мумкинми ёки йўқлигини тушуниш яхши бўларди? Бу саволга энг аниқ ва тўғри жавоб: ким ҳам биларди. Ҳозирги дунёда баъзи сиёсатчилар ҳаракатларини оқлашга уринишлар, шубҳасиз, муваффақиятсизликка маҳкум. Зеро, уларнинг ҳаракати на ақлга тайин, на манфаатга мос.
Ахир, МҲО бошланиши ва ундан кейинги киритилган халқаро санкциялар Кремль учун фойдали эдими? Албатта, йўқ. Бироқ, махсус ҳарбий операция давом этмоқда. Украина устидан ғалаба қозонилгудек бўлган тақдирда қандайдир психологик қониқиш ҳақида гапирса бўларди. Аммо, можаро қарийб тўрт йилдан бери давом этмоқда ва ғалаба ҳали ҳам уфқ ортида. Хўш, нима унда нималар бўляпти ва бунчалик шов-шувдан не ҳожат?
Бундай ҳолларда ғалаба муҳим эмас деб тахмин қилиш мумкин. Эҳтимол, баъзи сиёсатчилар Олимпия принципига амал қилишаётгандир, зеро бунда — ғалаба қозониш эмас, балки иштирок этиш муҳимроқдир. Ёки — «ҳамма нарса мен қарор қилганимдек бўлади»принципи муҳимроқдир?!
Агар бу ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, ҳеч бўлмаганда қисман халқаро ҳуқуқ доирасида, конвенциялар ва шартномалар доирасида бўлган мамлакатлар Соловьёвникига ўхшаш таҳдидларга қандай муносабатда бўлишлари керак? Улар ғазабланишлари, ноталар юборишлари, оммавий ахборот воситаларида қоралаш кампаниясини бошлашлари керакми? Ёки ҳеч нарса бўлмаётгандек барчасига кўз юмиш керакми, гўёки ҳаммаси ўз-ўзидан ўтиб кетади, дея?
Бу саволга оддий жавоб йўқдек кўринади.
Рақиб орқали кўриш
Биринчидан, бундай ҳуружларга нима сабаб бўлиши мумкин? Балки яқинда бўлиб ўтган «Япония-Марказий Осиё» саммитидир? «Фарғона» минтақадаги асосий ўйинчилар сифатида Россия ва Хитой минтақа республикаларининг, жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония билан яқин алоқаларидан норози экани ҳақида ёзганди. Россия ҳам, Хитой ҳам ўз норозиликларини очиқчасига билдирмайди, деб тахмин қилинган эди, чунки ташқи сиёсий алоқалар ва иқтисодий ҳамкорлик суверен давлатлар мустақил равишда ҳал қиладиган масалалардир. Аммо, афтидан, ҳамма ҳам шундай фикрда эмас. Ва дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига кўра, норозиликни тўғридан-тўғри ифода этиш ҳали ҳам тақиқланганлиги сабабли, Россияда «сигнал бериш»нинг эски усулига мурожаат қилишга қарор қилишган.
Иккинчидан, агар сигнал бутун Марказий Осиёга юборилса ҳам, ким аниқ жавоб беради? Турган гап, минтақада Қозоғистон ва Ўзбекистон таъсир ва сиёсий жиҳатдан тош босади. Шунинг учун, реакция биринчи навбатда қозоқлар ёки ўзбеклар томонидан бўлиши керак.
Учинчи савол: қандай ҳаракат қилиш керак — очиқчасигами ёки яширинча? Ахир, Россия минтақада шерик, бўлибам муҳим шерик. Тўғри, шерикнинг одоб-ахлоқ масаласида муаммоси бор, лекин доимо шерикларни ҳам танлай олмайсиз. Шунинг учун, албатта, омма олдида орани очиқ қилишдан олдин, Соловьёв ҳужумига нималар сабаб бўлганини махфий каналлар орқали аниқлаб олиш яхши бўларди.
Аммо бу ерда ҳам кўплаб муаммолар юзага келади. Ҳатто савол беришга уриниш ҳам заифлик белгиси, ўзини бошқа томонга нисбатан паст мавқега қўйиш сифатида талқин қилиниши мумкин. Маълумки, Франция инқилобининг «озодлик, биродарлик ва тенглик» шиори халқаро сиёсатда аллақачон эскирган. Бу ерда ҳеч ким ҳеч кимнинг акаси ҳам эмас ва, албатта, тенги ҳам эмас. Сиёсатда, худди бабуинлар гуруҳидаги каби, ҳамма доимо ким алфа эркак, ким бета ва ким гамма эканини аниқлашга ҳаракат қилади.
Формал жиҳатдат, Россия, албатта, барча Марказий Осиё мамлакатларидан анча таъсирчан ва кучли давлат. Аммо бу стратегик маънода. Муайян пайтларда ҳатто кучсизроқ давлатлар ҳам кучлироқ давлатлардан устун туриши мумкин ва бу уларнинг умумий имиджига ва вазиятига таъсир қилади. Бунга ёрқин мисол сифатида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан боғлиқ воқеани келтириш мумкин, у Россия делегациясини Минтақалараро ҳамкорлик форумида қозоқ тилида нутқини тинглашга мажбур қилди. Айтганларидек, бу майда нарса, аммо ёқимли нарса эди.
Ҳар ҳолда, бу координаталар тизимида барча саволларни тўғридан-тўғри бериш мумкин эмас. Сўраяпсанми, демак бу сенга керак, демак сен сўрагувчилардансан, деган маънони англатади. Мантиқ бироз аҳмоқона, лекин бу ерда ишлайди. Иккинчидан, агар тўғридан-тўғри савол берсангиз ҳам, бир хил даражада тўғридан-тўғри ва аниқ жавоб олиш имконияти қандай? Ҳеч қандай.
Масалан, Оқўрда раҳбари Россия президент администрацияси раҳбаридан: «Сизнинг бу Соловьёвингиз сувни нимага лойқа қиляпти? У нимани назарда тутяпти? Унинг сўзларини қай даражада Россия Федерациясининг позицияси деб ҳисоблаш мумкин?», деб сўрайди.
Жавоб ҳар қандай, том маънода ҳар қандай бўлиши мумкин. «Сиз уни биласизку, у ўз калласи билан дўстлашмайди» каби масхара қилишдан тортиб, гўёки ҳазилга қадар, масалан, «у МҲОни ТТТ билан алиштирди (ТТТ — Тез тўлов тизими деган маънони англатади). Ёки, ҳеч нарса демаслик, сирли сукут сақлаш мумкин: майлига ўз ёғига қоқурилишсин, бу уларга фойда. Биз уларга сигнал юбордик, буни ўзлари эплаганича тушуниб кўришсин.
Нима бўлгандаям, бир нарса аниқ: Россия расмийларига қанча савол берсангиз ҳам, эвазига жўяли жавоб ололмайсиз. Чунки ҳар қандай ростгўй маълумот қуролдир. Ва нима учун ўзингизга қарши қурол беришингиз керак экан, ҳатто у шерик бўлса ҳам?
Шунинг учун, махфий ёки оммавий жавоб олишга уриниш, албатта, ҳеч қандай натижа бермайди. Кремль жимгина айтмоқда: Владимир Соловьёв сирли одам, шунинг учун уни ўзингиз хоҳлаганча тушуниб кўринг, марказий осиёлик азиз дўстлар.
Бироқ, нозик томони шундаки, Марказий Осиёликлар ҳам топишмоқларни топишга моҳир. Ва бу ерда, афтидан, учинчи стратегия танланган, уни энг аниқроғи «рақиб орқали кўриш» деб таърифлаш мумкин.
Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Халмухамедов (олд томонда). Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
Соловьёвн баёнотларидан кейинги кун Ўзбекистон президенти Хавфсизлик кенгашининг мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга бағишлаган кенгайтирилган йиғилишида нутқ сўзлади. Шавкат Мирзиёев глобал таҳдидларнинг ўзгарувчан табиати нуқтаи назаридан Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқишни буюрди. Президент минтақавий можаролар бутун дунёда кенгайиб, қуролланиш пойгаси кучайиб бораётганини таъкидлади. Бундан ташқари, умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуққа ҳурмат ҳозирда пасайиб бормоқда ва бу шароитда хавфсизликни таъминлашга ёндашувлар тубдан ўзгартиришни талаб қилади. Ўзбекистон қайта қуролланиши, янги технологияларни жорий қилиши ва биринчи навбатда ўз кучига таяниши керак.
Янги доктрина Ўзбекистоннинг бирон бир ҳарбий блокларга қўшилмаслигини кафолатлаши кераклигига қарамай, Мирзиёевнинг нутқи жуда аниқ эди. Бироқ, ҳеч кимнинг, ҳаттоки эҳтимолий рақибларнинг ҳам номи тилга олинмади. Айнан маша шу «рақиб орқали кўриш» ни англатади, унда гап кимга йўналтирилгани номаълумлигигача қолади.
Аслида, Мирзиёев баёноти россиялик тарғиботчининг сўзлари билан ҳеч қандай алоқаси йўклиги, балки шунчаки тасодиф бўлиши ҳам мумкин. Нега энди тасодиф бўлмасин? Бугунги дунёда ҳар қандай нарса бўлиши мумкин ва ҳатто Владимир Соловьёв ҳам Игорь Северяниннинг изидан бориб, русларга: «Каминаи камтарин, қулингиз, ягонангиз, сизни Берлинга (Тошкент / Бишкек / Остона / Ашхобод / Душанбе) етаклаб бораман», дейиши мумкин.
Турган гап, яқин вақтгача бундай нарсани тасаввур қилиш қийин эди. Агар шундай бўлса, нега Ўзбекистон ўзининг мудофаа доктринасини қайта кўриб чиқиши керак? Бу яна бир таниқли рус тарғиботчиси, файласуфи ва сиёсий назариётчиси Александр Дугин Соловьёвнинг йўлидан борганида аниқ бўлди. У ўз фикрини ҳамкасбидан ҳам аниқроқ ифода этди:
«Биз суверен Арманистон, суверен Грузия ёки суверен Озарбайжон, суверен Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон ёки Қирғизистоннинг мавжудлигини қабул қила олмаймиз. Бу янги моделда ҳеч қандай суверен нарса мавжуд бўла олмайди. Бўлди! Суверенитет тугади, миллий давлатлар ўтмишда қолди, улар чиқинди».
Дугиннинг фикрича, миллий давлатларнинг даври тугаган. Унинг фикрича, бу Россия назорати остида бўлмаган ҳудудлар АҚШ, Европа Иттифоқи ёки Хитойнинг «форпостлари»га айланишини англатади. «Ёки улар бизнинг Бирлашган Иттифоқимизнинг бир қисмига айланади, — деб эълон қилади Дугин, — ёки Ғарб учун таянч нуқтаси бўлади».
Дугиннинг сўзларида аниқ таҳдид бор. Дугин ҳали Россия президенти эмас, лекин у Кремлни интеллектуал озиқлантираётган шахс, дейишади. Агар икки таниқли тарғиботчи деярли бир вақтнинг ўзида шунга ўхшаш баёнотлар бераётган бўлса, бу улар Россия расмийларининг ҳозирги глобал вазиятга бўлган ҳақиқий қарашларини ифода этаётганини англатмайдими?
Савол шундаки: масала шу тарзда қўйилган тақдирда Марказий Осиёнинг суверен давлатлари Дугин тилга олган Бирлашган Иттифоқ таркибига киришни хоҳлайдими? Ёки Ғарбнинг форпостига айланиш ҳақиқатан ҳам осонроқ бўладими? Бу нафақат минтақа раҳбарлари, балки Россия ҳам кўриб чиқиши керак бўлган саволдир.
-
22 Декабрь22.12СуратТокио драйвиЯпония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади -
18 Декабрь18.12Олтовлон учун сакэМарказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор -
28 Ноябрь28.11С5 учун Озарбайжон иловасиИлҳом Алиев Марказий Осиё учун бегона эмас -
17 Ноябрь17.11«Буюк давлатларга Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий муаммолари қизиқмас»Қозоғистонлик тарихчи Буркитбай Аяган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва минтақадаги долзарб муаммолар ҳақида -
02 Октябрь02.10«Қўрқув бўлмади — мавҳумлик юракни ғашларди»Святослав Каверин бугунги Афғонистон ҳақида нималарни билмаслигимиз ва билишимиз керак бўлган нарсалар ҳақида -
30 Сентябрь30.09Чўкиб бораётган денгизНима учун Тўқаев сайёрадаги энг катта ёпиқ сув ҳавзаси тақдири ҳақида қайғурмоқда?



