«Вазият жуда нозик»

Ўнлаб қозоғистонликлар Россияга ишлаш учун кетишган, аммо у ерда урушга жалб этилган
ulysmedia.kz сайти фотосурати

Сўнгги кунларда Россияга ишлаш учун бориб, охир-оқибат урушга тушиб қолган қозоғистонликлар ҳақидаги ҳикоялар ОАВ диққат марказида бўлди. Куни кеча уларнинг оилалари яқинларини имкон қадар тезроқ уйга қайтаришни сўраб, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдига йиғилдилар. Уларнинг айтишича, бир неча кундан бери яқинларининг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот ололмаяпти. Тафсилотлар — «Фарғона» материалида.

Путинга мактуб

7 октябрь куни бир гуруҳ аёллар Остона марказида, Ташқи ишлар вазирлиги биноси қаршисидаги йўлакда йиғилишди. Қозоғистон ОАВлари тарқатган видеода акция иштирокчиларидан бири — қора куртка ва оқ рўмолдаги аёл ерда ўтириб йиғлаётгани, икки аёл эса уни тинчлантираётгани кўзга ташланади. Орқа фонда ҳаракатланаётган автомобиллар акс этган. Йиғилганлар — Россияга ишлаш учун кетган, аммо охир-оқибат урушга тушиб қолган қозоғистонликларнинг қариндошлари. Улар ҳукуматдан фарзандларини уйга қайтаришни сўрашмоқда.

Қариндошлари билан бирга ТИВ биноси олдига ҳуқуқшунос Мейрман Шекеев ҳам келган, деб хабар беради ulysmedia.kz. У журналистларга айрим ёшлар билан алоқада эканини айтган. Уларнинг аксарияти ҳозир Луганскда.

Видеодан скриншот

Шекеевнинг сўзларига кўра, унга мурожаат қилаётган оилалар сони ортиб бормоқда.

Ҳозирда Россиядан қайтишни истаган камида 21 нафар Қозоғистон фуқароси ҳақида маълум. Бироқ, рўйхат бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Ҳуқуқшунос ёшларнинг ҳужжатларини ўрганиб чиққан ва улар урушда иштирок этиш ниятида бўлмаган, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, айримларга қўриқлаш соҳасида иш ваъда қилинган. Ёшларнинг баъзилари рус тилини яхши билмагани боис имзолаётган ҳужжатларининг мазмунини тушунмаган. Шекеев, шунингдек, бу масала юзасидан Россия президенти Владимир Путинга мурожаат йўллаганини маълум қилди. Мактуб манзилга етиб бориш-бормаслигини у билмайди.

«Бизда уч кун қолди»

Ўтган ҳафта «Озодлик» радиоси Остона шаҳрида яшовчи 25 ёшли Мирас Ташаргановнинг ҳикоясини ёритди. У OLX орқали ойига 90 минг рубль маош таклиф қилинган ишни топгач, Россияга ишлаш учун йўл олган.

20 август куни Мирас Курскка кетган. Онаси Гулжан Ташарганованинг сўзларига кўра, у гўшт комбинатида қадоқловчи бўлиб ишлаши керак бўлган. Аёлнинг таъкидлашича, Мирас ва бошқа ишчилар меҳнат шароитидан норози бўлиб шикоят қилганидан сўнг, уларни ҳарбий хизмат саралаш пунктига олиб кетишган.

Мирас Ташарганов онаси билан. azattyqasia.org сайти фотосурати

Ташарганов онаси билан суҳбатларида Россия Қуролли кучларида бир йил хизмат қилиш учун шартнома имзолаганини ва бунга мажбурланганини айтган. Шундан сўнг аёл ўғлини уйга қайтаришга ёрдам беришни сўраб, Қозоғистон давлат органларига мурожаат қилган.

Яқинда яна 15 кишидан иборат гуруҳ ҳақида маълум бўлди. Ёшлар видеомурожаат ёзиб, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномаларни алдов йўли билан имзолашга мажбурланганини, шундан сўнг уларни жанговор ҳудудга юборишга тайёрлай бошлашганини айтишган. Улардан бири — 1999 йилда туғилган Жусип Шахназар Ерболатули. Яқинларининг айтишича, у ҳам Ташарганов каби Россияга вахта усулида ишлаш учун борган.

«Мен Россия ва Украина ўртасидаги урушда қолиб кетган қозоғистонликлардан бириман. Мен билан бирга яна саккиз нафар йигит бор. Сиздан ҳар қандай мумкин бўлган ёрдамни сўраймиз. Бизда атиги уч кун қолди», — дейди у видеомурожаатида.

Уйга қайтишга имкон қадар тезроқ ёрдам беришларини сўраб, 19 ёшли Кайсар Алмаз ҳам гапирган.

«Урушга жўнатиш бошланди. Гуруҳимиздаги бир йигитни аллақачон олиб кетишди. Бизда атиги уч кун қолди. Бутун Қозоғистон халқидан ёрдам сўраймиз», — дейди у.

Кайсарнинг сўзларига кўра, ёшлар элчихона ва адвокатларга мурожаат қилишган. Улар урушда иштирок этиш ниятида бўлмаганини, ҳужжатларни босим остида имзолаганини маълум қилишган.

«Бизни алдашди. Биз ҳеч нарсани ўз хоҳишимиз билан имзоламадик. Бизни куч ишлатиб, имзо қўйишга мажбурлашди», — дейди у.

Шунга ўхшаш вазиятга Чимкентлик 19 ёшли Айнабек Келдебек ҳам тушиб қолган. У армияда хизмат қилганидан сўнг ломбардда қўриқчи бўлиб ишлаган, 27 август куни эса дўстлари билан бирга Россияга жўнаб кетган.

Унинг онаси Перизат Елеусизованинг айтишича, ўғли рус тилини яхши тушунмайди ва унга имзолаш учун берилган ҳужжатларнинг мазмунига тушунмаган. У «Барис» қўриқлаш агентлигига ишга кираётганига ишонган.

«Қўриқлаш агентлиги ҳақида дўстимдан эшитгандим. Биз уч киши бўлиб келдик. Бизга ишлайсизлар, дейишди. Бизни алдашди ва ҳужжатларга имзо қўйдик. Кейин эса: бўлди, энди урушга борасизлар, дейишди. Ё урушга борасизлар, ёки 15 йилга қамаласизлар, дейишди. Биз қўрқиб кетдик, бошқа иложимиз йўқ эди, шунинг учун шу ерга келиб кетдик», — дейди Айнабек.

Онасига кўра, унинг ўғли полигонда бўлган ва деярли ҳар куни уни қачон олиб кетишларини сўраган. У қочиб кетиш ҳақида ҳам ўйлаган, бироқ онаси уни бу фикридан қайтарган. Унинг айтишича, оиласи бошқа бир ёш йигит қочишга уринганида оёғидан ўқ егани ҳақида эшитган.

Ҳукумат муносабати

Дастлабки мурожаатлардан сўнг Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия Ташқи ишлар вазирлигига Россия армияси таркибида қолиб кетган фуқароларни ватанга қайтаришга кўмаклашишни сўраб нота юборган. 2 октябрь куни Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Қозоғистондаги Россиянинг вақтинчалик ишлар вакили Александр Комаров билан учрашиб, юзага келган вазиятни муҳокама қилган.

ТИВ ёшларнинг қариндошларини ёрдам кўрсатиш жараёнини тезлаштириш учун ОАВга эмас, балки бевосита вазирликка мурожаат қилишга чақиради. Шу билан бирга, улардан тўлиқ маълумот тақдим этиш сўралган: фамилия ва исмлар, туғилган саналар, тахмин қилинаётган жойлашуви ҳамда ёшлар тузган меҳнат шартномаларининг шартлари ҳақидаги маълумотлар.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Жанболат Усенов. Видеодан скриншот

«Ижтимоий тармоқларда видеомурожаатларни ёзиб қолдирган фуқароларга нисбатан зарур чоралар кўрилмоқда. Уларни Ватанга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ишонч телефонига мурожаатлар келиб тушиши давом этмоқда. Уларнинг ҳар бири бўйича маълумотлар текширилмоқда. Текширув якунлангач, шакллантирилган рўйхат Россия томонига юборилади», — дея маълум қилди вазирлик.

Қурултой депутати Ерлан Саиров эса ҳукумат ушбу масала бўйича «ёпиқ дипломатик каналлар орқали» иш олиб бораётганини маълум қилди.

«Вазият жуда нозик бўлгани сабабли, ҳозирча оммага бирор тафсилотни маълум қила олмаймиз», — дея қўшимча қилган у. Шунингдек, у фуқароларни хорижга чиқишдан олдин юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолашга чақирган.

«Халқаро вазият кун сайин ўзгариб бормоқда, хавф ва таҳдидлар жуда кўп. Ҳар бир фуқаро бирор қадам ташлашдан олдин жуда эҳтиёткор бўлиши керак. Агар фуқаролар бошқа давлатларга боришни режалаштираётган бўлса, қонун ва тартибга риоя қилиши ҳамда ўзлари ҳам эҳтиёткор бўлиши зарур», — дея таъкидлайди у.

Урушдаги қозоғистонликлар

Россиянинг Украинага қарши урушида Россия қўшинлари томонида иштирок этаётган Қозоғистон фуқаролари сони ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Аввалроқ Украинанинг «Хочу жить» давлат лойиҳаси камида 2389 нафар Қозоғистон фуқароси Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузгани ҳақида хабар берган эди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ержан Ашикбаев тушунтиришича, Россия ва Украина ўртасидаги можаро ҳудудидан қозоғистонликларни қайтариш жараёни ниҳоятда мураккаб. Асосий тўсиқ — асирларни алмашишнинг амалдаги халқаро механизмлари бўлиб, улар фақат можаро томонлари томонидан тартибга солинади.

Агар шахснинг Россия фуқаролиги ҳам борлиги аниқланса, вазият янада мураккаблашади. Бундай ҳолларда унинг ҳуқуқий мақоми ўзгаради ва қозоғистонлик дипломатларнинг уни Қозоғистонга қайтаришга кўмаклашиш имкониятлари сезиларли даражада чекланади.

Айрим ҳарбий хизматчилар ярадор бўлиб, госпиталларда даволанганидан сўнг ўзлари Қозоғистонга қайтиб келади. Шундан кейин уларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилади.

Қозоғистон Жиноят кодексида ёлланма аскарлик учун жавобгарлик белгиланган. 170-моддага кўра, ёлланма аскарнинг қуролли можарода иштирок этиши мол-мулкни мусодара қилиш билан ёки мусодарасиз 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар ёлланиш одамларнинг ҳалок бўлиши ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган бўлса, жазо 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазосини ташкил этади.

Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 172-моддаси мавжуд, у Қозоғистон фуқароларининг хорижий давлатлар ҳудудидаги қуролли можароларда иштирок этиши учун жавобгарликни назарда тутади. Бу қилмиш 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

«Ёлғон маълумот тарқатиш»

Қозоғистонликларни Россиянинг Украинага қарши урушига жалб қилиш ҳолатлари ҳақида аввал ҳам хабар берилган, аммо илгари бундай воқеалар бу қадар катта жамоатчилик эътиборини тортмаганди. 2025 йил баҳорида Facebookда «Уральская неделя» газетасининг собиқ бош муҳаррири Лукпан Ахмедяровнинг саҳифасида, шунингдек, «Просто журналистика» YouTube-каналида Ғарбий Қозоғистоннинг бир нечта аҳолиси Россияга, гўёки Старый Осколдаги гўшт ишлаб чиқариш корхонасида ишлаш учун олиб кетилгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Бироқ, чегарада уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва уларга «иш шартномалари деб аталган, аслида эса махсус ҳарбий операцияда иштирок этиш бўйича шартномалар» тарқатилган. Бу воқеани Ахмедяровга эркаклардан бирининг синглиси айтиб берган ва журналистдан акасини уйга қайтаришга ёрдам беришни сўраган.

Лукпан Ахмедяров. Видеодан скриншот

Бироқ кўп ўтмай, бу воқеа кутилмаган тус олди. Қозоғистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси қозоғистонликларни ҳарбий шартномалар тузишга мажбурлаш ҳақидаги хабарларни рад этди. Консулхона маълум қилишича, Уральск шаҳри аҳолиси Россиянинг «Сибирь групп» компаниясида ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштирган ва уларнинг ҳеч бири махсус ҳарбий операцияга юборилмаган. Ахмедяровга акаси ҳақида маълумот берган аёл эса журналист устидан полицияга ариза бериб, уни ёлғон маълумот тарқатишда айблаган.

Ахмедяровнинг сўзларига кўра, кейинчалик аёл унга қўнғироқ қилиб, аризани полиция ходимларининг босими остида ва «жиноий таъқибга учраш қўрқуви билан» ёзганини айтган. Журналист аёл билан бўлган суҳбатни ёзиб олган ва аудиони ўз каналида эълон қилган. Ахмедяровнинг суҳбатдоши унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини бир неча бор такрорлаган ва акаси уйига қайтиб келгани учун унга миннатдорчилик билдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ