Ўзбекистонлик фаррош Олимжон Иброҳимов одамларни қутқаргани учун сурат билан тақдирланди. fontanka.ru сайти фотосурати
Россиянинг йирик мегаполислари ва кичик шаҳарларида ҳаёт қайнайди: қурилиш майдонларида шовқин-сурон, курьерлар у ёқдан-бу ёққа шошади, фаррошлар йўлакларни тозалайди, таксичилар эса йўловчиларни манзилларига етказади. Бу тўхтовсиз ҳаракат ичида Марказий Осиё мамлакатларидан келган кишилар кўпинча кўзга ташланмайдиган, одатий меҳнаткашлар сифатида қабул қилинади. Бироқ, тўқ сариқ жилет кийган ишчи ёки сариқ автомобиль рулдаги ҳайдовчи қиёфаси ортида баъзан кучли ички иродага эга инсонлар яширинган бўлади. Масалан, яқинда оммавий ахборот воситалари Бошқирдистоннинг Стерлитамак шаҳрида яшовчи тожикистонлик Хисравшоҳ Маликов ва Заҳиршоҳ Ҳасанов ҳақидаги маълумотни тарқатди. Улар савдо марказида одамларни қутқарган. Мигрантлар шунчаки харид қилиш учун савдо марказига киришган, аммо у ерда ёнғин бошланганини кўриб, жабрланганларга ёрдам беришга шошилишган. Ўт ўчирувчилар етиб келишидан олдин улар икки кишини олов ичидан олиб чиқишган.
Бу Россияда хориждан келган кишилар бошқаларнинг ҳаётини, баъзан ўз ҳаётларини хавф остига қўйган ҳолда қутқарган ягона ҳолат эмас. «Фарғона» нашри Марказий Осиё мамлакатлари фуқаролари томонидан амалга оширилган бир нечта қаҳрамонлик воқеаларини жамлади.
Гап сониялар ҳақида кетганда
Шундай ҳодисалар бўладики, унда ҳар бир сония муҳим ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун тез ҳамда қатъий ҳаракат қилиш зарур бўлади. Шундай воқеалардан бири жорий йилнинг февраль ойида Санкт-Петербургда содир бўлди. Петрозаводская кўчасидаги кўп қаватли уйнинг еттинчи қаватида жойлашган хонадонда ўйнаётган етти ёшли бола дераза токчасига чиқиб олган, сўнг карнизга ўтиб, унга осилиб қолган. Юқорида осилиб турган болани кўрган 36 ёшли ўзбекистонлик фаррош Ҳайрулло Ибадуллаев вақтни бой бермайди. У бола қулаб тушиши мумкин бўлган жойни аниқ ҳисоблаб, зарбани ўз танаси билан қабул қилишга тайёр ҳолда дераза тагига бориб турди.
Бола бармоқларини қўйиб юборганида, Ҳайрулло қўллари ва танаси билан болани тутиб қолишга уринади. Қулаш тезлиги жуда юқори эди: зарба оқибатида бола мигрантнинг кўкрак қафаси ва қовурғаларини синдиради, қутқарувчининг ўзи ҳам қўл панжасидан оғир синиш жароҳатини олади. Аммо энг муҳимига эришилган — бола тирик қолганди.
«Ўзбекистонда ўзимнинг ҳам тўрт нафар фарзандим бор. Ўша пайтда фақат бир нарсани ўйладим: бу кимнингдир ўғли, у ҳалок бўлмаслиги керак. У пастга қулай бошлаганида, шунчаки қўлларимни тутиб қолиш учун узатдим. Оғриқни кейин ҳис қилдим, энг муҳими — бола нафас олаётган эди», — деб эслайди Ибадуллаев.
Қутқариб қолинган ёш петербурглик боланинг онаси журналистлар билан суҳбатда фаррошга нисбатан самимий миннатдорлик сўзларини айтди.
«Ҳайрулло — бизнинг нажот фариштамиз. У фарзандим учун ўз ҳаётини хавф остига қўйди, ўзи ҳам жароҳат олди, аммо хавф қаршисида чекинмади. Бутун оиламиз билан унинг соғайиб кетиши учун дуодамиз», — деди аёл.
Шунга ўхшаш воқеа 2024 йил апрель ойида яна Нева бўйидаги шаҳарда содир бўлди. Ўшанда беш қаватли уйда ёнғин чиқиб, одамлар юқори қаватлар деразаларидан сакраб тушишга уринишган. Буни маҳаллий фаррош — 48 ёшли ўзбекистонлик Олимжон Иброҳимов кўриб қолади. У бир сония ҳам иккиланмай, тарнов бўйлаб юқорига кўтарила бошлайди. Натижада муҳожир бир нечта кишини оловдан олиб чиқиб, карнизга ўтказади. Кейин улар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ўрнатган қутқарув нарвони орқали пастга тушишади.
Олимжоннинг қаҳрамонлиги фақат бир неча кун ўтгач, видеолар ва гувоҳларнинг ҳикоялари туфайли Санкт-Петербургда кенг тарқалади. Журналистлар уни ҳатто «Одам-ўргимчак» деб аташганди. Қаҳрамон маҳаллий маъмурият томонидан тақдирланди, оммавий ахборот воситалари ундан интервью олишганди. Суҳбатлардан, жумладан, маълум бўлишича, фаррошга армиядаги тайёргарлиги ёрдам берган. У Ўзбекистонда 15 йил ҳаво-десант қўшинларида хизмат қилган ва хизмат давомида кўп машқ қилган, жумладан, биноларнинг юқори қаватларига кўтарилишни ҳам ўрганган.
Фаррошни бошқа одамлар учун ўзини хавф остига қўйишга ундаган сабабга келсак, ҳаммаси жуда оддий бўлган.
«Пастда туриб, уларга қараб жим тура олмадим, шунчалик қаттиқ бақиришарди! Ахир, барчамиз инсонмиз, бирга яшаймиз, бир-биримизга ёрдам беришимиз керак», — деб тушунтирганди камтар ўзбекистонлик.
2016 йил февраль ойида Москва метросида содир бўлган яна бир шов-шувли воқеани ҳам эсламасликнинг иложи йўқ. «Красносельская» бекатида платформада турган аёл тўсатдан тутқаноқ хуружи туфайли ҳушидан кетиб, яқинлашиб келаётган поезд олдида тўғридан-тўғри рельсларга қулаб тушади. Платформада ўнлаб одамлар бўлган, аммо жабрланувчи аёлнинг олдига биринчи бўлиб навбатчи полиция ходими Артём Королюк билан бирга Қирғизистондан келган 28 ёшли курьер Марат Исаев сакрайди.
Поезд етиб келишидан олдин аёлни баланд платформага кўтаришга улгурмасликлари аён эди. Шунда Королюк ва Исаев аёлни рельслар орасидаги хавфсизлик новига тортиб олиб, уни ерга босиб турган ҳолда устидан ётишади. Поезд йигитларнинг тепасида тўхтайди. Натижада учаласи ҳам тирик қолади.
«Сигнал овозини эшитдим, ёрқин фараларни кўрдим ва поезд тўхтамайди, деб ўйладим. Биз аёлни рельслар орасидаги новга тортиб олдик. Уни кўтаришдан энди фойда йўқ эди — поезд бизнинг ҳаммамизни гўшт қиймасига айлантириши мумкин эди. Кейин ўзимиз ҳам ётдик», — деб ҳикоя қилган эди кейинчалик қирғизистонлик жасур йигит.
Ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам уришдан тоймайди
Баъзан кўзга ташланмайдиган қаҳрамонлар табиат кучлари билан юзма-юз келганда, масалан, сув ва олов қаршисида ҳам ўзларини намоён этадилар.
Яна Санкт-Петербургга қайтамиз. 2024 йил май ойида бу ерда даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади. Йўловчи автобуси бошқарувни йўқотиб, Поцелуев кўприги тўсиғини уриб бузди ва юқори тезликда Мойка дарёсига қулаб тушади. Автобус бир зумда сув остига чўка бошлайди.
Ўша пайтда яқин атрофда бир нечта йигит бор бўлган ва улар дарҳол одамларга ёрдам беришга шошилишади. Улар орасида қозоғистонлик Ерхан Аханов ва Ўзбекистонда туғилган Илҳом Эргашев ҳам бўлган. Улар дарҳол сув томон югуриб, баланд қирғоқдан совуқ дарёга сакрашади ва чўкаётган автобус томон сузиб боришади.
Жасур йигитлар автобус томига чиқиб, люклар ва синган деразалар орқали жабрланган йўловчиларни ташқарига олиб чиқа бошлашади. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли қайиқлар етиб келгунига қадар уларни сув юзасида ушлаб туришади. Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиёдан келган мигрантлардан ташқари, авариянинг бошқа гувоҳлари ҳам жабрланганларга ёрдам беришган. Уларнинг ҳар бирининг ҳиссаси бебаҳо, чунки гап инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ҳақида кетмоқда.
«Мен ўзимни қаҳрамон деб ҳисобламайман ва зарурат туғилса, буларнинг барчасини яна такрорлашдан иккиланмасдим — одамларни қутқариш учун яна сувга сакраган бўлардим. (...) Йўқ, мен хавф ҳақида ўйламадим. Отам менга шундай ўргатган: хотиржамликни сақла, ҳеч нарсадан қўрқма. Қўрқсанг — қилма, қилаётган бўлсанг — қўрқма, қилиб бўлган бўлсанг — афсусланма. Бу менинг ҳаётий шиорим», — деб ҳикоя қилган эди кейинчалик Аханов.
2025 йил май ойида Свердловск вилоятида жойлашган Новоберёзовский қўрғоничаcида ёнҳин содир бўлади. Кўп қаватли уйнинг биринчи қаватини олов қамраб олган эди. Ўша пайтда у ердан тожикистонлик таксичи Саид Шарипов ўтиб кетаётган бўлган.
Ичкарида қамалиб қолган болаларнинг йиғисини эшитган муҳожир иккиланмасдан деразани синдириб, ёнғин ва тутун қоплаган хонадонга киради. У катталар назоратисиз уйда қолган уч нафар ёш болани бирин-кетин олов ичидан олиб чиқади.
Воқеа гувоҳларидан бири кўпчилик довдираб қолгани ва нима қилишни билмаганини таъкидлайди. Агар Саид бўлмаганида, болалар эҳтимол тутундан бўғилиб қолишарди. Маҳаллий аҳолидан бир аёлнинг сўзларига кўра, таксичи тўғридан-тўғри олов ичига отилган. У ҳақиқий эркак ва бағри кенг қаҳрамон эди.
Тожикистонликнинг ўзи эса қилган ишини анча камтарлик билан баҳолайди.
«Кўчага чиққанимизда болаларнинг онаси югуриб келди. У менга миннатдорчилик билдирди. Аммо мен ўзимни қаҳрамон деб ҳисобламайман, ахир, ўзим ҳам отаман. Менинг ўрнимда ҳар ким шундай қилган бўларди», — дейди Шарипов.
Афсуски, барча воқеалар ҳам бахтли якун топмайди. Масалан, 2020 йил ёзида Уфадаги Белая дарёсида содир бўлган воқеа шундай фожиали ҳодисалардан бири бўлган. Ўшанда тожикистонлик 18 ёшли талаба Ҳаджимурод Каландаров дам олаётган бўлган. Сувга чўкаётган болани кўриб қолган Ҳаджимурод дарёга сакраб, уни қирғоқ томон итариб чиқаради. Натижада бола қутқарилади, аммо талабанинг ўзи дарёдан чиқа олмайди.
Фақат бир неча соат ўтгач, ғаввослар унинг жасадини топишади. Бошқирдистон Бош вазири ўринбосари тожикистонликнинг ҳаракатини изоҳлар экан, шундай дейди: «Биз бошқаларнинг кулфатига бефарқ бўлмаган, меҳрибон инсонни йўқотдик». Марказий Осиё республикасининг Россиядаги элчихонасида Каландаровнинг ҳаракатлари «қаҳрамонона» деб баҳолади. Йигит вафотидан сўнг мукофотланди.
Яна бир фожиали воқеа шу йил сентябрь ойида Москвада содир бўлди. «Тушинская» бекатида йўловчилардан бири темирйўл изларига тушиб кетади. Электричка яқин орада етиб келиши керак эди. Шу боис бир нечта ёш йигит бечорани қутқариш учун пастга сакрашади. Қутқарувчилар орасида 21 ёшли туркманистонлик Нури Нуриев ҳам бўлган. Темирйўл изларига тушиб кетган йўловчини юқорига олиб чиқишга муваффақ бўлишади. Ёрдамга шошилган йигитлар ҳам платформага чиқишади, гарчи уларнинг айримлари жароҳат олган бўлса-да. Аммо хориждан келган Нурига бундай омад насиб этмайди. Афсуски, машинист поездни кеч тормозлайди — Нуриев ҳалок бўлади.
Улар ҳам бизга ўхшаган қўшнилар
Кўп ҳолларда мигрантларнинг қаҳрамонликлари эътиборсиз қолмади — улар ҳақида матбуот ёзди, ҳокимият ва маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам эътибор қаратди. Масалан, Ўзбекистон фуқароси Ибадуллаев Тигран Кеосаян номидаги 1 миллион рубль (12 минг доллар) миқдоридаги мукофотни олди, унинг юртдоши Ибрагимов эса Санкт-Петербург туманларидан бирининг маъмурияти томонидан махсус сурат билан тақдирланди. Қирғизистон фуқароси Исаевга эса Россия президенти Владимир Путин шахсан «Ҳалок бўлаётганларни қутқарганлиги учун» медалини топширди. Баъзан қаҳрамонлар Россияда ҳам, ўз ватанларида ҳам мукофотланган.
Аммо энг муҳими, бундай хатти-ҳаракатлар россияликларнинг четдан келганларга бўлган муносабатига таъсир кўрсатади. Кўплаб маҳаллий аҳоли вакиллари хорижликлар, хусусан, Марказий Осиёдан келганлар бегона юртга фақат пул ишлаш мақсадида келган, шунинг учун Россиядаги воқеликка маълум даражада бепарволик билан қарайди, бунинг устига, иш ўринларини ҳам эгаллаб олади, деб ҳисоблайди. Мигрантлар томонидан кўрсатилган қаҳрамонликлар эса славянларга хос бўлмаган ташқи кўринишга эга фаррошлар, курьерлар ва таксичилар ҳам худди бошқалар каби қўшнилар эканини намоён этади. Улар қийин вазиятда доимо ёрдамга келишади, баъзан эса ўз ҳаётларини хавф остига қўйиш эвазига бўлса ҳам.
-
12 Октябрь12.10ВидеоКимлигингни унутма1916 йилги қўзғолондан Украинадаги урушга қадар -
21 Сентябрь21.09ВидеоПрезидентга таъзимМашҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди -
16 Сентябрь16.09Тонгги тароват ўлкасидаги саммитМуҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди? -
09 Сентябрь09.09«Ҳакан ва Билге» Туркистонга йўл олмоқдаЭнди туркиялик мактаб ўқувчилари ҳеч қачон «Марказий Осиё» атамасини эшитмаслиги ҳақида -
07 Август07.08Энди «демократия оролчаси» эмасҚирғизистон президенти Садир Жапаровнинг собиқ сафдоши истеъфоси унинг яккаҳокимлигини қандай мустаҳкамлаётгани ҳақида -
01 Июль01.07Россияда бензин камайдиБу Қирғизистон ва умуман Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатади?



