«Икки инқилоб бульдозери» лақабини олган сиёсатчи Азимбек Бекназаров Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси бўлиб тайинланиши мумкин. KaktusMedia нашрининг хабар беришича, 17 декабрь куни жамоатчилик норозилигига қарамасдан Жогоргу кенеш (парламент) нинг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси Бекназаровнинг номзодини маъқуллаган.
Қўмитанинг 12 аъзоси Бекназаров учун овоз берган. Фақат биргина депутат — Ирина Карамушкина унга қарши овоз берган. У бўлажак элчининг инглиз тилини нақадар билишини текшириш мақсадида — How old are you?, деб сўраган. Номзод кейинчалик жавоб беришини айтган. Элчи номзоди борасида охирги қарорни президент Сооронбай Жээнбеков қабул қилади.
Жамоатчилик Бекназаровнинг дипломатик маълумоти ва тажрибаси йўқлиги, чет тилини билмаслигини танқид қилади. У эса журналистларга Қирғизистон давлат тилини билишини, бу омил этарли эканини таъкидлаган. Шунингдек, бўлажак элчи жаноблари малай тилида 200-300 дона сўзни ёдлаб олишини ваъда қилган.
Жогоргу кенешдаги чиқишида Бекназаров 15 йил эркин сиёсатчи бўлгани ва ҳозирда унга қандай масъулият юкланганини билмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, деярли сургун бўлмоқда, зеро Малайзия иссиқ давлат ва барча у ердан қочади. Шунингдек, у Эдил Байсаловнинг Буюк Британияга элчи қилиб сайлангани билан боғлиқ жанжални эсга олган ва мазкур номзодга қаршилар қаторида бўлганини маълум қилган.
Бекназаров ўз карьерасини Ўш судида ижрочи вазифасида бошлаган. Кейин у прокуратурада терговчи, 1997-1999 йиллари Бишкекнинг Октябрь райони судида судья лавозимида ишлаган. 2000-2005 йиллари Бекназаров Жогоргу кенешнинг депутати бўлган. У 2005 йилги инқилобнинг етакчиларидан бири бўлган. Шундан сўнг у Бош прокурор лавозимини бироз муддат эгаллагаб, мухолифат тарафига ўтиб кетган. Бекназаров 2010 йилги Инқилобда фаол иштирок этади, шундан сўнг Вақтинча ҳукумат раиси ўринбосари вазифасини эгаллайди. Кейинги йиллар Бекназаров жамотчилик ишлари билан шуғулланган, китоблар ёзган. У 2017 йили президентликка ўз номзодини қўяди. 2016 йилгача Қирғизистоннинг Малайзиядаги элчиси Қиличбек Султон бўлган. Султон Конститутуцияга ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик билдириб истеъфога чиқади. Шундан сўнг Қиличбек Султон мамлакатнинг Жанубий Кореядаги элчиси этиб тайинланади, лекин Қизғизистон ТИВ ва Меҳнат вазирлиги билан боғлиқ жанжалдан сўнг 2018 йили уни бу вазифадан озод этишади. Бу давр ичида мамлакатнинг Малайзиядаги элчихонасини вақтинча вакил Малика Акматбаева бошқариб келган.