Ўтган ҳафта Қозоғистонда об-ҳавонинг ёмонлашуви оқибатида 104 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган, унда 39 нафар одам ҳалок бўлиб, 158 киши турли ҳил жароҳат олган. Бу ҳақда ҳукумат мажлисида Қозоғистон Ички ишлар вазири Ерлан Турғумбоев маълумот берган, деб ёзади Tengrinews.kz.
«Ўтган ҳафта об-ҳавонинг ёмонлашуви оқибатида 11 та ҳудудда йўллар ёпилган», — деди ИИВ раҳбари. Вазир вазиятни ҳавонинг тезда илиб кетиши натижасида музликларнинг пайдо бўлиши, туман тушиши янада кескинлаштирганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, ёмғир ва қор йўллардаги авариялар сонини кескин ошириб юборган.
Турғумбоевнинг сўзларига кўра, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали берилган огоҳлантиришларга қарамасдан, кўпчилик ҳайдовчилар ёзги шиналар билан ёпиқ ҳаракатли хавфли участкаларга йўл олган.
«Олма-Ота — Шинжар йўлида MAN автомашинаси ҳайдовчиси яхмалак туфайли қарши ҳаракат йўлига чиқиб кетади ва оқибатда бутун трассани тўсиб қўйади. ЙТҲ рўй берган жойда 15 та юк машинаси тўпланиб, тирбандлик ҳосил қилган. Аварияда икки киши ўлган ва яна икки нафар йўловчи жароҳатланган. Шунга ўхшаш вазият Оқтўбе вилоятида содир бўлган — туман ва яхмалак оқибатида 12 дона автомобиль аварияга учраган», — деди Турғумбоев.
16 декабрдан 22 декабрга қадар қор бўрони туфайли 120 та автомобиль ва 905 нафар одам эвакуация қилинган. Ҳозирда йўллардаги вазият бироз яхшиланган.
Ўз навбатида мамлакат Бош вазири Асқар Мамин ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш «муҳим вазифа экани»ни таъкидлаган.
«Об-ҳаво прогнозларига қараганда, яқин орада ҳавонинг совуши кутилмоқда. Йўллардаги иситиш ва овқатланиш пунктлари тайёр бўлиши керак. Ҳокимларга ушбу вазифани назорат қилишни буюраман. Индустрия ва инфратузилмавий ривожланиш вазирлиги, «Казавтожолу» максимал даражада йўлларни қор ва музлардан тозалаши керак. Ички ишлар вазирлиги йўлларда навбатчилик қилишни давом эттирсин», — деди Бош вазир.