Тўқаев 28 декабрни мотам куни деб эълон қилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев. Оқўрда матубот хизмати фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Олма-Ота яқинида ҳалокатга учраган самолёт йўловчилари хотираси юзасидан 28 декабрни мотам куни деб эълон қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Берик Уали Facebookдаги ўз саҳифасида хабар берган. Ҳалокат 27 декабрь куни эрталаб Олма-Ота вилоятининг Қизил посёлкасида содир бўлган: пойтахт Нур-Султонга йўл олган Fokker русумли самолёт ҳавога кўтарилиш вақтида баландликни йўқотиб, бетон тўсиқни бузиб ўтган ва икки қаватли иморатга бориб урилган, шундан сўнг аҳоли турар жойлари ҳудудига қулаган.

Бортда 95 йўловчи ва бешта экипаж аъзоси бўлган. Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра, уларнинг ичида иккита украиналик, битта қирғизистонлик ва битта хитойлик йўловчи бўлган.

Шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарига кўра, авиаҳалокатда 15 киши оламдан ўтган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлган 12 нафар йўловчиларнинг рўйхатини эълон қилди (уларнинг ичида чет элликлар йўқ). Уларнинг орасида Informburo.kz нашрининг мухаррири Дана Круглова ҳам бор.

Самолёт фожиаси юзасидан суриштирув ишлари бошланган.

Шунингдек, мамлакат бўйича Fokker-100 русумли самолётларнинг парвозлари тўхтатилган. Авиаҳалокат юз берган жойга етиб келган Бош вазир Асқар Мамин бошчилигидаги ҳукумат комиссияси фожиа сабабларини ўрганмоқда.

Олма-Ота халқаро аэропорти штатли режимда ўз ишини давом этмоқда.

Bek Air авиакомпанияси Нур-Султон, Олма-Ота, Шимкент, Павлодар каби мамлакатнинг ўн иккита йирик шаҳарларига парвоз уюштирган. Унинг қароргоҳи Уральскда жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ