Қозоғистоннинг Жамбил вилояти, Кордай туманида 8 февралда содир бўлган тўполонлардан сўнг болалар боғчалари ва мактаблар ўз фаолиятини тиклади, деб хабар беради «Хабар 24» воқеа жойидан. 10 февраль куни азият чеккан — Масанчи, Аухатти ва Сортўбе қишлоқларида мавжуд тўққизта мактабнинг саккизтаси ўз ишини бошлаган. Сортўбедаги битта мактабда тезкор штаб жойлашган. Еттита болалар боғчаси ўз фаолиятини тиклаган. Бошпанасиз қолган одамларга қўшни қишлоқлардан инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилмоқда — озиқ-овқат маҳсулотлари (ун, гуруч, шакар), кўрпа-тўшак ва медикаментлар етказиб берилмоқда. Қирғизистон дунганлари ассоциацияси раиси Карим Ханжеза «Фарғона»га Қозоғистон жанубида жабрланган одамларга ёрдам кўрсатиш ишлари бошланганини гапириб берди. Кордай туманида мана иккинчи тун сокинликда ўтди.
Бу ерларда туну-кун полиция ва бошқа куч тизимлари ходимлари ҳамкорлигида навбатчилик ўрнатилган. Улар барча машиналар, йўловчилар ҳужжатларини текширмоқдалар.
Кордай туманидаги жанжал 7 февраль куни тушдан кейин бошланган. Унинг сабаблари ҳанузгача ошкор этилмади. Норасмий маълумотларга кўра, бир неча қишлоқ аҳлининг ўртасида бўлиб ўтган маиший жанжал йирик ур-тўполонни келтириб чиқарган. Қозоғистон дунганлари ассоциацияси раиси Хусей Дауровнинг айтишича, Қирғизистон билан чегарадош Масанчи қишлоғига кечаси бир гуруҳ йигитлар келиб маҳаллий халқни калтаклай бошлайдилар, уйларга ўт қўйиб, машиналарни пачақлайлайдилар. Маҳаллий ҳукумат расмийларининг хабарларига кўра, тўполонда мингга яқин одам иштирок этган. Сўнгги маълумотга кўра, ўлганларнинг сони 11 та одамга етган (аввали 10 кишилиги маълум қилинганди). Вафот этганларнинг бир нечтаси якшанба куни дафн этилган. Тиббий ёрдам сўраб 165 та одам мурожаат қилган, улардан 40 нафари касалхонага ётқизилган. Ўттиздан ортиқ турар-жой, дўкон, ўндан ортиқ машиналар ёқиб юборилган. Қозоғистон ИИВ «оммавий тартибсизликни келтириб чиқариш ва унда иштирок этиш», «одам ўлдириш» моддалари билан жиноят ишлари қўзғаган. Мингдан ортиқ одамлар қўшни Қирғизистонга қочиб ўтганлар, улар аста-секин уйларига қайтмоқдалар.
Кордай туманида фавқулодда вазият эълон қилинган. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кўрилган талофатларни бартараф этиш бўйича комиссия тузиш, жабрланганларга кўмак бериш, айбдорларни жазолаш, жумладан «миллий низога чорлаган, фитна ва миш-мишлар тарқатган шахсларни жавобгарликка тортиш» бўйича топшириқ берган. У «фитначилар айби ва давлат органи ходимларининг беғамлиги туфайли қон тўкилган, айбдорларнинг барчаси жазоланиши керак»лигини айтди. Ҳукумат, шунингдек, вайрон бўлган уйларни тиклашга, жабрланганларга моддий кўмак беришга ваъда берган.