Қозоғистонда йўлтўсар жиноятчилар қўлга олинган

Қўлга олинган жиноятчи . Туркистон вилоятининг полиция департаменти фотосурати

Қозоғистон полицияси ва Миллий хавфсизлик кўмитаси ходимлари биргаликда «сариёғочлик» жиноий гуруҳини қўлга олганлар. Жиноятчилар «Қоплонбек» қозоқ-ўзбек чегараси пунктида талончилик билан шуғулланишган. Бу ҳақда Қозоғистон ИИВ Polisia.kz портали хабар беради.

Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ узоқ муддат Ўзбекистонга йўл олган юк машиналари ҳайдовчиларидан пул ундириш билан шуғулланиб келган. Тўлов суммаси 15 дан 50 минг тенгени ($40-134) ташкил этган. Жиноятчилар «солиқ» тўлашдан бўйин товлаган ҳайдовчиларни калтаклаганлар, машиналарининг ойналари синдириб, ғилдиракларини тешганлар.

Орган ходимлари жами 13 нафар одамни ҳибсга олган. Уларнинг барчаси Туркистон вилояти фуқароларидир. Далил-исбот сифатида қурол, пичоқ ва пуллар топилган. Жиноятчиларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 194-моддаси («Товламачилик») бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу моддада мулкни мусодара қилиш орқали етти йилдан ўн беш йилгача қамоқ жазоси берилиши кўзда тутилдан.

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги бу каби товламачиликлар тўғрисида тез-тез хабарлар пайдо бўлиб туради. 2018 йили Олма-Ота шаҳридан 30 км олисликдаги жойда қуролланган жиноятчилар ноқонуний пост ташкил этиб, Тошкентга қатнайдиган автобуслардан пул ундиришга уринишган. Полиция аралушувидан сўнг пост бартараф этилган. Ўзбекистон фуқаролари «Тажен» чегара постида ҳам қозоқ томони «чегарани тинч кесиб ўтиш учун» пул ундираётганидан шикоят қилганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?