Туркманистон махсус хизматлари бўрондан жабрланган Лебап вилояти учун АҚШдан келган ёрдамни киритмади

Туркманистоннинг Лебап вилоятида содир бўлган бўрон оқибатлари. Hronikatm.com сайти фотосурати

Туркманистон махсус хизматлари хорижий мамлакатлардаги туркман диаспоралари томонидан Лебап вилоятида бўлиб ўтган бўронда жабрланганлар учун молиявий ёрдам тўпланганларини билиб қолиб, пулларни эгаларига топширишнинг олдини олдилар. Бу ҳақда “Азатлык” (Озодлик радиоси туркман хизмати) хайрия акциясида иштирок этган туркманистонликларга таяниб хабар бермоқда.

АҚШда истиқомат қилаётган туркманистонликлар Лебап вилоятидаги бўрондан жабрланганлар учун 5 минг долларга яқин пулни тўпладилар. Хавфсизлик органлари жабрланганларга пул қандай йўл билан топширилишини билиб қолиб, Лебапдаги ўртада турган одамни қамоққа тиқиш билан қўрқита бошладилар.

“Бу одамни сўроққа чақиртирдилар ва агар Америка Қўшма Штатларидан келган бирор доллар пул одамларга топширилса, уни панжара ортига ташлашлари мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирдилар”, — дейди хайрия акцияси иштирокчиси.

Шу вақтнинг ўзида хавфсизлик хизмати органлари вилоятда юзага келган вазият тўғрисидаги ахборотнинг ташқарига сизиб чиқишининг олдини олиш бўйича эҳтиёт чораларини кўриб қўйдилар. Нашр маълумотига кўра, полиция шаҳарнинг бир неча мактабларида рейд ўтказиб, юқори синф ўқувчиларининг уяли алоқа телефонларини текшириб чиқдилар.

Шу билан бирга, дея хабар беради “Хроника Туркменистана”, Чоржуй этрапининг Жейҳун қишлоқ хўжалиги бирлашмаси ҳудудидаги Балиқчи қишлоғи аҳолиси электр таъминотини тиклаш учун янги трансформаторга ўзлари пул тўплаяптилар. Қишлоқ фуқаролари ҳар бир оиладан 200 манатдан пул тўплаб, этрап электр таъминоти хизматига мурожаат қилдилар. Тахмин қилинишича, улар энди симёғочлар ва электр узатиш симлари учун пул тўплашни бошлайдилар.

Нашр маълумотига кўра, электриклар вазиятдан фойдаланиб, вайрон бўлган электр узатиш линияларининг симини ҳар бир метрини 2,50 манатдан сотишга бошлаганлар. Калинин ва Арабчи қишлоқларининг айрим кўчаларида истиқомат қилаётган одамлар уйларини электр таъминотига улаш учун сим сотиб олишга мажбур бўлдилар.

Туркманистоннинг Лебап вилоятида ҳамда Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида 27 апрель куни кучли бўрон бўлиб ўтган. Туркманистонда тақиқланган оммавий ахборот воситаларининг манбалари маълум қилишича, мамлакат расмийлари маҳаллий аҳолини ўз ҳолига ташлаб қўйиб, табиий офат оқибатларини тугатиш ишини амалда уларнинг ўзларига ташлаб қўйган.

Олдинроқ фавқулодда ҳодисани деярли бир ҳафта давомида эътиборга олмай келган давлат амалдорлари жабрланганларга ёрдам беришни Саноатчилар ва тадбиркорлар уюшмаси зиммасига юкламоқчи бўлдилар. Бироқ ёрдам бериш иши тўхтаб қолди, негаки улар бизнесменлардан кўрсатилаётган ёрдам аслида давлат томонидан амалга оширилаётгандек кўрсатишни талаб қила бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ