Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган 258 фуқарони афв этиш тўғрисидаги Фармонни имзолади. Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 2020 йилнинг 24 май куни нишонланадиган бўлди.
“Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 24 май – якшанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини инобатга олиб, мамлакатимизда 2020 йил 24 май Рамазон ҳайити байрами сифатида нишонлансин”, — дейилади ЎзА ахборот агентлиги сайтида чоп этилган президент қарорида.
Ҳайит байрами арафасида мусулмонлар камбағал ва етимларга закот ва фитр садақаларини тарқатадилар. Бу кунда бир-бирларига совғалар ҳадия қилиш ва кечирим сўраш одат бўлган. Мусулмонлар ўтганларининг арвоҳларини шод қилиш учун ўз оилалари давраларида тўпланишга ҳаракат қиладилар.
Коронавирус пандемияси туфайли бу йил ҳайит байрами “уйда, оила даврасида, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитида муносиб ўтказилади”. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Рамазон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, Ўзбекистон халқининг миллий ва диний анъаналарига мос равишда ўтиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси топширилган.
Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида имзоланган “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди. Уларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади. Масъул вазирлик ва идораларга афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Мирзиёев мамлакатга президентлик қила бошлаганидан бери маҳкумларни Конституция куни, Наврўз, Рамазон ҳайити каби байрамлар муносабати билан авф қилиш анъанага айланди. Маҳкумларни авф қилиш бўйича олдинги фармон Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида имзоланган бўлиб, ўшанда 83 нафар аёллар авф этилганди.
2019 йил декабрь ойида мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан 92 киши авф этилган бўлиб, уларнинг аксарияти тақиқланган ташкилотларнинг аъзолари эди. 2020 йил февраль ойида президент “қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган” 58 нафар маҳкумларни авф этиш тўғрисидаги фармонини имзолаган эди.