Ўзбекистондаги, камида, 8 та янгиликларни ёритишга ихтисослашган интернет сайтлари, шу жумладан, Daryo.uz, Kun.uz, Xabar.uz, Uznews.uz, Repost.uz, Hordiq.uz, Aniq.uz, Zamin.uz 2 июнь куни Сўх аҳолиси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев истеъфосини талаб қилгани, халқ ҳокимнинг фаолиятидан қаттиқ норози эканини ёзиб чиққан мақолаларини олиб ташладилар. Ушбу мавзуга оид материалларнинг ёппасига олиб ташланишига BBC O'zbek сайти эътибор қаратди.
Айни пайтда мазкур сайтларда жойлаштирилган мақолалар ўрнида «404: Ушбу саҳифа мавжуд эмас ёки вақтинчалик тизимдан ўчирилган» огоҳлантиришлари пайдо бўлган, ҳолбуки унинг нусхалари Google кешида сақланиб қолган.
Ҳам ўзбек ва ҳам рус тилида фаолият юритадиган Kun.Uz ва Daryo.uz сайтларида мақолалар иккала версияда ҳам йўқолиб қолган. Олиб ташланган материалларда, хусусан, ҳокимнинг жанжал кўтариб, қирғизистонликларга тош отган Ленбург қишлоғини ҳаритадан йўқ қилиш бўйича таҳдидлари келтирилган эди.
Daryo.uz нашри бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев мақолаларнинг йўқолиб қолиши сабаби »Ҳар доимгидек, техник носозлик» эканини айтиш билан чекланди, бироқ бир вақтнинг ўзида ўнга яқин сайтда бир мазмундаги мақолалар билан бир вақтнинг ўзида техник носозлик юзага келиши эҳтимоли қанчалик юқори, деган саволга жавоб бера олмаслигини маълум қилди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги масъул ҳам материалларнинг ўчириб ташланганидан хабари йўқлигини билдирди.
Ғаниев Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудида жойлашган эксклави бўлмиш Сўх туманига 31 май куни икки мамлакат фуқаролари ўртасида булоқни тозалаш пайтида чиққан жанжални тартибга солиш учун етиб келган. У жанжал иштирокчиларига пўписа қилиб, уларни Фарғона олиб кетиб, қамаб қўйишга, туманга эса қуролланган ҳарбийларни юбориш билане таҳдид қилган.
Ҳокимнинг дўқ-пўписаларидан норози Сўх тумани аҳолиси Ғаниевга тош отдилар, президент топшириғи билан туманга бош вазир Абдулла Арипов етиб келганида эса, унда Фарғона вилояти ҳокимлигидаги раҳбарларга нисбатан ишонч қолмаганини ва уларни янгилашни сўрадилар.
Уларнинг талабларини президент Шавкат Мирзиёевга етказишни ваъда қилган Арипов эртаси куни туманга қайтиб келиб, можарони тартибга солгани учун Ғаниевни мақтаган ва шу билан бирга, Сўх тумани аҳолисига президент Мирзиёев номидан “чуқур ҳурмат ва эҳтиромини” етказиб қўйган. Ғаниевнинг матбуот хизматидагилар бир неча норози одамларнинг бақириқларини умумлаштирмасликка чақирдилар ҳамда уларнинг фикри бутун вилоят аҳолисининг фикри билан ҳамнафас эмас, дея билдирдилар.
“Чўкмас кема” дея ҳисобланадиган Шуҳрат Ғаниев 2011 йилдан бери Фарғона вилоятини бошқариб келади. Унинг номи билан боғлиқ кўплаб жанжаллар чиққани ҳамда президент томонидан танқид остига олинганига қарамай, 2020 йил январида у яна қайта ҳоким лавозимига тайинланди.