Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида тожикистонлик мигрантларнинг янги гуруҳи тўпланди

Ганжина Рустамова. "Астана" телеканалидан олинган сурат

Туркистон вилоятидаги Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасида божхона пости яқинидаги автомобиллар тураргоҳи яна Тожикистонга етиб боришни кўзлаган одамларга тўла бошлади, ҳолбуки, 2 июнь куни кечқурун бу ердан 200 нафардан зиёд тожикистонликлар ватанига жўнатилган эди. “Астана” телеканали 15 га яқин одамларни санаб чиқди.

Янги келган мигрантлар гуруҳи ичида ҳомиладор аёл ҳам бор, у агар зудлик билан ватанига жўнатилмасам, шундоққина кўчанинг ўзида туғиб қўяман, дея таъкидламоқда.

“13 июнь куни туғиб қўйишим мумкин, шунақа муддатни белгилашган. Маҳаллий туғруқхоналар мени қабул қилмасликлари тўғрисида огоҳлантирдилар. Биз чегара очилганини эшитганимиз заҳоти бу ерга етиб келдик. Энди билсак, чегара ёпиқ экан. Биз қийинчиликка тушиб қолдик. Бизга ёрдам беришларини сўраймиз”, — дея билдирди Тожикистон фуқароси бўлган Ганжина Рустамова исмли аёл.

Тожикистон элчихонасидагилар божхона постида одамларнинг янги гуруҳи тўпланганини билишларини маълум қилдилар ҳамда Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтишга рухсат олгунга қадар ватандошларини вақтинча турар жой ва озиқ-овқат билан таъминлашга ваъда қилдилар. Шундан кейин тожикистонликларни самолётларда ёки ер устида ҳаракатланадиган транспортларда уйларига етказиб қўйишни режалаштиряптилар.

Дипломатлар чегараларнинг июнь ойида очилишига умид қиляптилар, шунинг учун ҳам ҳозир ватандошларидан уйларига қайтишга уринишларини тарк этиб туришни сўраяптилар. Тожикистон Фуқаролик авиацияси агентлиги ва Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси коронавирус атрофидаги вазият барқарорлашмагунича, Россияга ва ортга авиарейсларга чипталарни сотиб олмасликни тавсия қилмоқда.

Олдинги гуруҳдан Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидаги назорат-ўтказиш маскани (КПП) орқали Тожикистонга қайтмоқчи бўлган айрим мигрантлар бу имкониятни икки ойдан зиёд бўлган муддат давомида кутдилар. Россиянинг Душанбедаги элчихонаси ходимлари “Фарғона” агентлигига маълум қилишича, май ойида 1200 нафар россияликлар ва уларнинг оила аъзолари ватанига олиб кетилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ