Қирғиз-ўзбек чегарасида жанжалда иштирок этган одам инсультдан вафот этди

Жанжал иштирокчилари . Turmush.kg сайти фотосурати

Сўх анклавидаги жанжалда инсультга йўлиққан Қирғизистон фуқароси шифохонада вафот этди. Бу ҳақда 10 июнь куни 24.Kg нашри хабар беради.

49-ёшдаги Айтбай Акиновнинг қариндошлари журналистларга 31 май куни унинг булоқ бошида хашар ўтказаётган қишлоқдошларига емак олиб борганини айтиб беришди. Қишлоқдошлар сўхликлар билан жанжалга боришганда Айтбайнинг тоби қочиб, ўз машинасида уйига кетолмай қолади. Кейинчалик бу инсонни касалхонага элтишади ва у ерда врачлар беморга инсульт ташхисини қўядилар. Акинов комага тушади ва орадан тўққиз кун ўтиб оламдан кўз юмади.

31 май куни қирғизистонликлар сўхликлар билан ҳамкорликда булоқни тозалаш ишларини бошлайдилар. Бир пайт булоқ қайси давлатга тегишли экани борасида бахс бошланиб кетади. Одамлар бир-бирларига тошлар отиб, уйларни ёқа бошлайдилар. Ўзбек томони 187 та, қирғиз томони 25 нафар одамнинг шикастланганини маълум қилди. Кейинроқ мудхиш воқеани Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Кубатбек Боронов ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповлар муҳокама қилдилар. Сўхга Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ташриф буюрди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хусусий ихтилофлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлиги ва дўстлик алоқаларига соя солмаслиги кераклигини таъкидлади.

Асосан ер ва сув ортидан чегараолди ҳудудларда яшаётган тожиклар ва қирғизлар ўртасида тез-тез жанжаллар бўлиб туради. Сўхнинг 92 фоиз аҳолиси тожиклардан иборат. СССР парчаланганидан сўнг Қирғизистонда жойлашган ва тожиклар яшайдиган Сўх тумани анклав ҳудуд сифатида Ўзбекистон тасарруфига ўтказилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Таъсир доираси ўз ватани сарҳадларидан ошиб ўтган турк илоҳиётчиси Фатҳуллоҳ Гулен аслида ким бўлган?

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди