Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов COVID-19 инфекциясини юқтириб олди ва Нур-Султондаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилди.
“Дўстлар, афсусуки, сизларга ёқимсиз янгиликни маълум қилишга мажбурман, менинг коронавирусга топширган сўнгги тестим мусбат натижа кўрсатди. Афсуски, бу аломати намоён бўлмайдиган симптомсиз шакли экан”, — дея ёзмоқда Биртанов Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида.
Вазир барча санитария қоидаларига қатъий амал қилиб келганини, бироқ касаллик юқтириб олиш таҳликаси шунақа ҳолатда ҳам мавжуд эканлиги борасида аниқлик киритди. У барча қозоғистонликларни профилактик тавсияларни бажариш ҳамда “шахсий карантин”га риоя қилишга чақирди. Вазир республиканинг баъзи ҳудудларида касалликни юқтириб олган беморларнинг сони ўсаётгани муносабати билан ўз ташвишини изҳор этди. У шунингдек, тадбиркорлар, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари ва ОАВ ходимларида касалликни юқтириб олиш таҳликаси юқори эканлигини қайд этиб ўтди.
“Кўпчилик фуқароларимиз ҳозир глобал инқирознинг ҳамда Қозоғистондаги пандемиянинг оқибатлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш йўлида интенсив равишда иш олиб боришмоқда. Кўп ҳолларда уларга шахсий учрашувлар, вилоятларга сафарларни амалга оширишлари талаб этилади, шунинг учун ҳам улар учун COVID-19 инфекциясини юқтириб олиш таҳликаси юқорироқ”, дея таъкидлаб ўтди Биртанов.
Қозоғистонда бугунга келиб коронавирус инфекциясига чалинишнинг 14809 та ҳолати қайд этилган, 9188 нафар бемор соғайиб кетган ва 77 киши ўлган.
Ёз бошланиши билан республиканинг баъзи ҳудудларида эпидемиологик вазият кескин тарзда мураккаблашиб кетгани боис карантин чоралари кучайтирилди. Хусусан, 8 июнь куни Манғистау, Қарағанда ва Ақтюбинск вилоятларида қўшимча чекловлар киритилди, 15 июндан бошлаб эса Жамбил вилоятида карантин чораларининг кучайтирилиши режалаштирилмоқда.