Прокурор Батукаевни озод қилгани учун Атамбаевга 15 йил беришларини сўради

Алмазбек Атамбаев . Sdpk.kg сайти архив фотосурати

Қирғизистонда прокуратура республика собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни қонундаги ўғрибоши Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод этилиши бўйича ишда айбдор деб топишни ҳамда уни 15 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Бу ҳақда 24.kg ахборот агентлиги хабар беради.

Давлат қораловчиси Атамбаевни барча давлат мукофотларидан маҳрум этишни ҳамда барча мол-мулкини мусодара қилишни талаб қилди. Прокуратура, шунингдек, ушбу иш бўйича судланаётган собиқ бош прокурор Индира Жўлдубаевани 15 йил озодликдан маҳрум этишни талаб қилди. Яна икки нафар бошқа амалдорлар – Жазони ижро этиш давлат хизмати раҳбарининг маслаҳатчиси Қалибек Қачқиналиев ва Миллий гематология марказининг собиқ директори Абдухалим Раимжановни 13 йилдан озодликдан маҳрум этиш сўралди. Ушбу иш бўйича жами 19 киши судланмоқда.

Атамбаевнинг адвокати Замир Жўўшевнинг билдиришича, коррупция бўйича қўйилаётган айбловлар қораловчи томонидан тақдим этилган далиллар билан тасдиқланмаяпти. “Суд уларнинг тўрттовини ҳам озод қилиши керак”, — деди ҳимоячи. Суднинг кейинги мажлиси 18 июнь кунига тайинланган.

Азиз Батукаев Қирғизистон колониясидан 2013 йилда муқаррар ўлимга олиб келувчи оғир касаллиги тўғрисидаги ҳужжатларга асосан озод этилган. У колониядан чиқиши биланоқ ота юрти Чеченистонга жўнаб кетган. Тез орада Батукаевга оид тиббиёт ҳужжатларининг сохталаштирилгани маълум бўлди, бироқ Батукаевни Қирғизистонга экстрадиция қилиш бўйича расмийларнинг ҳаракатлари натижасиз қолди. 2013 йилда таниқли ўғрибошининг қамоқдан қочиб кетгани учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади.

2019 йилнинг баҳорида ушбу ишнинг текшируви қайта тикланди ва Атамбаевнинг дахлсизлик мақомидан маҳрум қилиш учун яна бир баҳона бўлиб қолди. Терговчилар бир неча бор собиқ президентни сўроққа таклиф қилдилар, бироқ у чақирувларни эътиборга олмади. Атамбаев Бишкек яқинидаги Қўйи-Таш қароргоҳи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилган ҳужум натижасида қўлга олинди. Ҳужум пайтида содир бўлган ҳодисалар Атамбаевга нисбатан яна битта жиноий ишнинг қўзғатилишига сабаб бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ