Олма-отадаги пенсионерларнинг яширин клубида COVID-19 инфекциясининг ўчоғи аниқланди

Олма-отадаги карантин пайтида фаолият юритган пенсионерларнинг яширин клуби. Almaty.tv сайти фотосурати

15 июндан бери карантин чораларининг кучайтирилган тартиби амал қилаётган Олма-Отада пенсионерлар билан тўлган яширин компьютер клуби фаолият юритаётгани аниқланди. Қариялар бу ерда тунлари тўпланишиб, ҳеч қандай ҳимоя воситаларисиз виртуал қиморхоналарда пул тикишар, спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, тамаки чекиб ўтиришар экан, дея хабар беради Almaty.Tv.

На номи ва на лавҳаси йўқ бўлган бу клуб 60 ёшдан юқори бўлган одамларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган экан. Инспекторлар бу клубга мижоз кўринишида киришга эришдилар. Клуб зиёратчиларининг бир қисми полиция пайдо бўлиши билан тумтарақай қочиб кетди, бошқа қисми эса кўнгилочарликларини давом этишда тўхтамади. Пенсионер аёллардан бирининг билдиришича, у бу ерга биринчи марта “ўйин ўргангани” келган экан. Бошқа пенсионер эса уни ўйиндан чалғитишганидан аччиқланиб, муштини ўқталаб текширувчиларга ташланган.

“Ушбу компьютер клубида айнан ёши 65 дан ошган қариялар борлиги аниқланган. Коронавирус инфекцияси учун энг хатарли давр. Бу ердагиларнинг бирортасида ҳам тиббий ниқоб бўлмаган. Шунингдек, бу клубда карантин чораларига мутлақо риоя қилинмаган. Қўлларига қайта ишлов бериш учун антисептиклар йўқ. Икки метрлик ижтимоий масофалар ҳам йўқ”, — дея муассасага нисбатан ўз эътирозларини билдирди Акмала тумани Товар ва хизматлар сифати ва хавфсизлиги назорати бошқармасининг бош мутахассиси Меруерт Қасимова.

Худди шундай муассаса Толе бий кўчасида ҳам аниқланди, у ерда мижозлар тиббий ниқобларсиз ва ижтимоий масофага риоя қилмаган ҳолда ўтирган эканлар. Кўнгилочарлик объектларининг эгалари келишмагани учун ревизорлар карантин чоралари бузилгани тўғрисидаги баённомани тўлдириб, жаримага тортиш тўғрисида квитанция ёзиб бера олмадилар. Администраторлар билан бир неча мижозлар тафсилотларга аниқлик киритиш учун туман ички ишлар бўлимига олиб кетилди.

Олма-Отадаги карантин тартиби кучайтирилган эди. Шаҳар бош санитария врачи Жандарбек Бекшинга кўра, савдо-кўнгилочарлик марказлари соат 10.00 дан 21.00 гача, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат бозорлари 9.00 дан 16.00 гача ишлаши керак, зиёфат заллари, биллиардхоналар, компьютер клублари умуман ёпилган ҳолатда туришлари керак эди.

Нур-Султан каби Олма-Ота ҳам коронавирус юқтириб олганлар сони бўйича Қозоғистонда етакчилардан бири саналади. Ўтган кун давомида республикада коронавирус юқтириб олишнинг 335 та ҳолати қайд этилган (ўсиш +2,2%). Бирорта вилоят йўқки, унда касаллик юқтириб олишнинг янги ҳолатлари аниқланмаган бўлса, лекин ҳаммасидан кўпи пойтахт Нур-Султанда (59, + 2%), Олма-Отада (35, +1,1%) ва Қарағанда вилоятида (37, +2,3%) қайд этилган. Пандемия бошланганидан бери мамлакатда жами 15 877 киши, симптомсиз (аломатсиз) ҳолат ҳисобга олинадиган бўлса, 22 728 киши коронавирусга чалинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ