Гулнора Каримованинг собиқ адвокати маҳкуманинг етарлича ҳимояга эга эмаслигини таъкидлайди

Грегуар Манжа . Newsnetz.ch сайти фотосурати

Қамоқ жазосини ўтаётган Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова доимий асосда етарлича қонуний ҳимояланиш имконига эга эмас.17 июнь куни бу ҳақда швейцариялик адвокат Грегуар Манжа ўзининг Twitterдаги саҳифасида ёзган.

«Бугун Гулнора Каримовани бориб қўришга рухсат беришганига бир йил тўлди. Биз бугун унинг қаерда экани, соғлиги қай даража эканини билмаймиз. Унинг қизига кейинги 11 ой ичида икки марта онаси билан учрашишга рухсат беришган: 2019 йил 9 июлда, кейинчалик 2019 йил 22 августда. Улар ойнали тўсиқ ортидан телефонда суҳбатлашган. Гулноранинг ўғли онасини ўғирлаб, дастлаб уй ҳибсига, кейинчалик қамоққа маҳкум қилганларидан олдин кўрган, яъни олти йилдан бери кўрмаган», — деб ёзади Манжа рус тилида.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Каримова устидан тушунарсиз вазиятларда судлар бўлиб ўтган– биринчиси аёл ошхонасида «саҳналаштирилган» бўлса, қолган иккитаси «махфий ҳарбий судларнинг ёпиқ эшиклари» ортида бўлиб ўтган. Каримова иши билан шуғулланган кўпгина ўзбек адвокатларига Ўзбекистонга кириши ман этилган Манжа билан алоқа қилиш тақиқланган. Манжанинг сўзларига кўра, у ўзининг ўрнига Ўзбекистонда бир неча бор бўлган, Гулнора Каримова ишончини тўлиқ оқлайдиган адвокат Фанни Маргайразни юбормоқчи бўлади. Лекин республика ҳукумати бу адвокатни ҳам мамлакатга киритмаган.

Манжага кўра, унинг ҳимоясидаги аёл «ўзбошимчалик ва бошқа мотивлар» бўйича ушланган, «жиноят ишларига дахлдор халқаро норма нуқтаи назаридан бирор марта бўлсин етарли шароитда маҳкумликка тортилмаган». Адвокатнинг ёзишича, «Гулнора Каримова билан мулоқотда бўлган махбус аёлларнинг яқинларини айтишича, Гулнора касал, жисмоний ҳолати қониқарсиз, у доимо руҳий босимга учраётганга ўхшайди».

«Ўзбек ҳукумати ўзига хос методидан келиб чиқиб, масалани музокаралар орқали ҳал этилишини йўққа чиқарди, зеро Гулнора Каримова бир неча йилдан бери давом этаётган босимларнинг тўхтатилиши эвазига ён босишга тайёр эканини билдирган эди », — деб ёзади Манжа. У «айнан ўзбек ҳукумати мижозимизга бўлган муносабати орқали дунё ҳамжамияти кўз ўнгида ҳалокатли ва ҳуқуқсизлик имижини яратаётгани учун жавобгардир» деб ёзади.

Гулнора Каримова номи билан боғлиқ компанияларнинг жиноятлари устидан текширувлар 2012 йили Европа мамлакатларида бошланганди. Кейинчалик «ўзбек маликаси»га қарши Ўзбекистонда ҳам ўғирлик ва солиқдан бўйин товлашга доир иккита жиноят иши очилди. 2015 йили суд Каримовага нисбатан беш йил озодликни чеклаш, 2017 йили 10 йил қамоқ жазоси қарорини чиқарди.2018 йили иккинчи иш бўйича камоқ муддати беш йил эркинликни чеклаш жазосига алмаштирилди. Каримова ва унинг оила аъзоларига мансуб барча хориж активлари ҳисбга олинган.

2020 йил февраль ойида Каримова ўзига нисбатан очилган жиноий ишларнинг бекор қилиниши эвазига Швейцариядаги ҳисоб рақамларида музлатилган $686 млн маблағдан воз кечишга тайёр экани тўғрисида хабар тарқаганди. Бироқ, келишув амалга ошмади. Март ойида жиноий гуруҳ тузиш, товламачилик ва бошқа жиноятлар юзасидан очилган учинчи жиноят иши бўйича суд Гулнора Каримовани 13 йилу 4 ой озодликдан маҳрум қилиш қарорини чиқарди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ