Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, унинг барча мулклари мусодара этилади, давлат унвонлари бекор қилинади. Собиқ президент «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни ноқонуний озод этгани сабаб суд томонидан шундай жазога маҳкум этилди, деб хабар беради АкиPress нашри.
Бишкек шаҳрининг Первомайск райони суди Атамбаевни республика Жиноят кодексининг 319-моддаси («Коррупция») билан айбдор деб топди. Адвокат Сергей Слесарев суд ҳукми олдидан терговнинг унинг ҳимоясидаги шахсга нисбатан далил-исботлари йўқлигини айтиб ўтганди. Шунингдек, ҳимоячи Атамбаев охирги сўзни ҳам айтмаслигини билдирди. Мазкур жиноий иш бўйича собиқ президентдан ташқари яна 19 та одамнинг иши кўрилган. Суд ҳукм чиқаришда давом этмоқда.
Атамбаев 2011 йилдан 2017 йилгача давлат раҳбари бўлди ва унинг президентлик муддати инқилоб билан тугамади. Кейинчалик унинг мамлакатга президент бўлиб сайланган Сооронбай Жээнбеков билан муносабати ёмонлашди. 2019 йил Атамбаевни дахлсизлик мақомидан маҳрум қилишди ва шу йил июнь ойида уни Кок-Тошдаги қароргоҳидан куч билан ҳисбга олишди. Унга қатор коррупцияга алоқадор ишлар ва қўлга олинишда бетартибликларни келтириб чиқарганлик айблари қўйилди.
Атамбаев Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши билан боғлиқ суд мажлисида иштирок этишдан ва ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Тергов материалларига кўра, 2013 йили Атамбаев Батукаевнинг оғир касаллиги важидан турмадан озод этилиши билан боғлиқ коррупциявий схемада иштирок этган. «Қонундаги ўғри» Батукаев қамоқдан озод бўлгач, дарҳол она юрти — Чеченистонга учиб кетган. Очиқ манбаларга кўра, Батукаев ҳамон тирик ва фаол ишлар олиб бормоқда, қирғиз ҳукумати эса унинг экстрадиция қилинишига самарасиз уринмоқда.
Атамбаевнинг ҳибсга олиниши у томонидан тузилган Қирғизистон социал-демократик партиясининг бўлиниб кетишига сабаб бўлди. Ҳозирда мамлакатда Жокоргу кенешга (парламент) бўладиган сайловларга тайёргарлик кетмоқда ва унда мазкур партия етакчи номзодсиз иштирок этиш пайида. Шу сабаб парламентнинг бўлажак таркиби ва ундаги сиёсий кучларнинг истиқболлари номаълумлигича қолмоқда.