Кремль парадда иштирок этмаганлиги учун Жээнбековга миннатдорчилик билдирди

Сооронбай Жээнбеков . Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбековга Москвадаги парадда иштирок этишдан бош тортгани учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда 25 июнь куни РИА Новости ахборот агентлиги хабар қилади.

«Биз ҳақиқатан Қирғизистон президенти ва қирғиз делегациясининг Москвадаги парадда иштирок этиш учун ташриф буюрганидан мамнунмиз. Афсус, оддий тест синовлари пайти делегация аъзоларининг айримларида коронавирус инфекцияси борлиги аниқланди ва Қирғизистон президенти аввало парадда иштирок этаётган ветеранларни, қолаверса давлат раҳбарлари саломатлигига хавф солмаслик учун парадда иштирок этмаслик қарорига келди. Биз бундай қарор қабул қилинганидан хурсандмиз», — дейди Песков. У бундан кейинги давлатлараро мулоқотлар вақти эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда белгиланишини қўшимча қилди.

Жээнбеков Қирғизистонга қайтгач COVID-19 га анализ топширди, у яна манфий натижани кўрсатди. Президент аппаратининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиқов ва қўриқлаш бўлими ходимида вирусга чалинганлик тасдиқланган. Улардаги касаллик симптомсиз кечгани боис уй шароитида даволанадилар. 24 июнь куни Улуғ Ватан урушида эришилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган парад бўлиб ўтди. Айнан шу куни, яъни 1945 йил 24 июнда биринчи парад бўлиб ўтганди. Дастлаб парадда иштирок этиш таклифини Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг барчаси қабул қилди. Кейинчалик Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўзининг туғилган кунини нишонлаши сабаб парадга келолмаслигини билдирди. Натижада Москвага Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлатлари раҳбарлари келдилар. Қирғизистон президенти ўз делегацияси аъзоларидан коронавирус борлиги аниқлангани сабаб парадда иштирок этмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ