Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этишни таклиф қилди. Ушбу ташаббус давлат раҳбарининг Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ходимларига касб байрами муносабати билан йўналтирилган табригида баён этилган.
Мирзиёевга кўра, стипендиянинг таъсис этилиши “ёшлари миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қилади”.
Президент сўнгги уч йил ичида мамлакатда 290 та хусусий ва маҳкамаларга қарашли интернет нашрлар пайдо бўлганини эслатиб ўтди. Қатор вазирлик ва идоралар, хусусан, туман ва шаҳар ҳокимликлари илк бор ўз матбуот хизматларининг ишини ташкил этдилар.
Давлат раҳбари, шунингдек, ҳозирча миллий медиа-маконида “ижтимоий аҳамияти юқори бўлмаган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳида тайёрланган материаллар устунлик қилиб келишини” қайд этиб ўтди ҳамда жамиятнинг айрим ўзбекистонлик журналист ва блогерларининг профессионал жиҳатдан паст савияда эканлиги ташвиш уйғотаётганини билдирди.
Шавкат Мирзиёев оммавий ахборот воситалари учун кадрлар тайёрлашда Ўзбекистон халқининг маънавий меросига, хусусан, жадидчилик ҳаракатининг меросига таянишни таклиф қилди. Жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндаси, ношир, публицист, сиёсатчи ҳамда ўзбек адабиёти ва драматургиясининг буюк арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий айнан шундай инсонлардан бири бўлган (1875-1919).
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов UzReport телеканалига берган интервьюсида ОАВ кадрларининг тайёргарчилик даражаси паст эканлигини билдирди. Унга кўра, “давлат органлари ҳар доим ҳам журналистлар фаолиятини тўғри тушунмайдиган” вазиятлар юзага келиб туради. Алламжонов ҳозирги замонда ошкоралик ҳамда тезкор ва очиқ шарҳларсиз ва расмийлар томонидан ахборот тақдим этишларсиз ишлаб бўлмай қолди, деб билдирди.