Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Агентлик бевосита президентнинг ўзига бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобот беради. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram-канали маълум қилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев коррупцияга қарши кураш органи “бирор бир давлат идораси, парламент, президент ҳузурида эмас, алоҳида бўлади», — дея билдирган эди. Унга кўра, бу давлат бошқарув органлари орасида ўзини-ўзи тийиб туриш механизми ва суд мустақиллиги учун ҳам керак.
“Биз маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганишга чиқишимиз керак…Агарда биз юқори даражага кўтарилсак, [элитар коррупцияни] бартараф этамиз, пастдаги маиший коррупция ҳам бўлмайди», — дейди бош прокурор.
Президент фармонига мувофиқ, Агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул бўлади. Агентлик мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни ҳамда коррупцияга оид жиноятлар бўйича олиб борилган текширувлар натижаларини ўрганади.
Янги давлат органига бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш ҳуқуқи тақдим этилган.
Агентлик жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш билан шуғулланади. Янги орган, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказади, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш бўйича агентликнинг тузилиши ҳақида 2020 йил январь ойида эълон қилганди. Унга кўра, бундай органни тузиш зарурати ўзбекистонлик тадбиркорларнинг коррупция ҳолатлари бўйича кўп сонли шикоятларига жавобан тузилмоқда. “Очиқ тан олиш керак – тадбиркор ер участкаларини тақдим этиш, кадастр, божхона, банк хизматларини кўрсатиш, лицензиялаш, давлат ҳаридлари каби йўналишларда коррупция билан тўқнаш келмоқда. Бу ҳақда президент номига келаётган кўплаб мурожаатлар, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлар далил бўлмоқда”, — дея билдирганди президент. Унга кўра, порахўрликни фақат аҳолининг барча қатламларини унга қарши олиб бориладиган курашга жалб қилган тақдирдагина енгса бўлади.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бошланаётгани ҳақида 2016 йилда эълон қилинган. Уч йил ўтиб Мирзиёев Коррупцияга қарши кураш дастурини тасдиқлади. Ҳужжатга кўра, давлат органларига коррупциявий таҳликаларга баҳо бериш ҳамда мазкур таҳликаларга берилган мансабдор шахсларнинг рўйхатини тузиш мажбурияти юкланган.