Қирғизистонда икки томонлама пневмониядан Жўқўрғу Кенешнинг (республика парламенти) собиқ раиси Чинибай Турсунбеков вафот этди, дея хабар беради 24.kg.
Сўнгги кунларда унинг аҳволи ўта оғир ҳолатда бўлган. Kaktus.Media манбалари аниқлик киритишича, у бир неча кун давомида ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига улаб қўйилган бўлган. Шу билан бирга, Vesti.kg қайд этишича, бундан бир кун олдин парламент матбуот котиби Ибраим Нуракун уулу Турсунбековнинг оғир аҳволда ётгани тўғрисидаги хабарларни рад этган. Бунда у парламент собиқ раисининг хотинига таяниб гапирган.
“Унинг барча ҳаётий фаолият кўрсаткичлари жойида: қон босими, тана ҳарорати, сатурация. Чинибай Акунович ўз оиласи билан алоқада бўлиб турибди. Шифокорларнинг прогнозларига кўра, тез кунлар ичида ундан ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратини узиб қўйишади ва амбулатория тартибида даволашга ўтказилади. Умумий ҳолати яхши ва барқарор. Дастлабки ташхис – пневмония. ПЦР тест натижаси — манфий”, — дея билдирганди Жўқўрғу Кенеш матбуот котиби.
Шунингдек, депутатлар Жилдиз Мусабековада (у реанимацияда ётибди), Бақтибек Турусбековда (у уйида даволанмоқда) ҳамда Жўқўрғу Кенеш матбуот котиби Ибраим Нуракун уулуда (у соғайиб кетди) икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.
Собиқ депутат Қамчибек Ташиев ҳам икки томонлама ўткир пневмония билан оғир аҳволда ётибди (бу ҳақда унинг ўғли Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида маълум қилган). Аввалига у уйида даволанаётган эди, бироқ тана ҳарорати юқори бўлиб кетгани боис оиласи Бишкекдаги касалхонага мурожаат қилган. У билан бирга хотини ҳам касалхонага ётқизилган.
Собиқ депутат Алмамбет Шиқмаматовнинг рафиқаси ҳам коронавирусни юқтириб олиб, икки томонлама пневмониядан вафот этди, дея хабар беради “Азаттиқ” депутат, “Бир Бол” партиясининг етакчиси Алтинбек Сулаймановга таянган ҳолда. Шиқмамбектов Жўқўрғу Кенешдан чиққанидан сўнг “Ата Мекен” партиясини тарк этиб, “Бир Бол”га қўшилган ҳамда у ерда партиянинг сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича штабига раҳбарлик қилган.
“Қирғизистан” фракциясининг аъзоси Бейшенали Нурдинов ҳамда “Онугуу-Прогресс” етакчиси Бақит Тўрўбаев ҳам коронавирус инфекциясини юқтириб олдилар. COVID-19 инфекциясини юқтириб олгани депутатлар Тазабек Икрамов, Эқмат Байпақбаев ва бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиевда тасдиқланди.
29 июнь куни 11 йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум этилган мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни икки томонлама пневмония ташхиси билан тергов изолятордан касалхона олиб кетдилар. Кейинроқ парламент депутатлигига ўз номзодини қўймоқчи бўлган унинг ўғли Сеид ҳам касалхонага ётқизилгани ҳақида маълум қилган.
Қирғизистонда 6 июль ҳолатига коронавирусга чалинишнинг 7691 ҳолати қайд этилган. 2843 киши соғайиб кетди ва 92 киши ўлди. 4756 киши касал ҳолатида қолишмоқда.