Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида импорт қилинадиган товарларни чет эл валютасида сотиб олиш мумкин. Бу республикада Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига зарур ўзгартиришлар киритилгани боис имкониятли бўлди, дея хабар беради савдо майдончаси матбуот хизмати.
Шу билан бирга, тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар биржа томонидан Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилади. Киритилган янги қоида Ўзбекистон биржасининг чет эллик тадбиркорлар учун жозибадорлигини оширади. Ушбу механизм нархларнинг пасайишига олиб келади, аҳолининг эҳтиёжларини қоплайди ҳамда бизнес учун қўшимча имкониятлар эшигини очиб қўяди.
Ўзбекистоннинг бош ахборот агентлиги ЎзА қайд этишича, ушбу ташаббус – биржа савдоларини соддалаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг давоми бўлиб қолмоқда. Мисол учун, кичик бизнесга монополия маҳсулотларига йўл очиб қўйилди. Илгари агар техник чигитни фақат “Ўзпахтаёғ” тузилмасига кирган компаниялар сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган бўлсалар, жорий йил бошланганидан бери ҳар қандай корхона бу ишни амалга ошира оладиган бўлиб қолди.
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси чет эллик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. 2018 йилнинг охирига келиб, савдо майдончаси Қозоғистонда илк бор хорижий филиалини барпо этди. Шундан сўнг Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси Белоруссия, Хитой, Россия, Қирғизистонда ўз офисларини очди. Бугунги кунда биржа хорижий мамлакатларда саккизта савдо майдончаларига эга (юқорида кўрсатилгандан ташқари, яна иккитаси Қозоғистонда ва биттаси Росссияда).
Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси 1994 йилда тузилган бўлиб, ҳозирги кунда Марказий Осиёдаги энг йирик савдо майдончаси саналади. Биржада бешта электрон платформалар фаолият юритади: биржа савдо тизими, кўргазма-ярмарка савдо тизими, автомобиль рақамларини сотиш бўйича тизим, давлат ҳаридлари тизими ҳамда мобил рақамлар сотиш тизими.