Ўзбекистон банкларининг кузатув кенгашларида фақат Молия вазирлигига бўйсунувчи мустақил чет эллик директорлар сони кўпаяди. Бундай чора молия ташкилоти раҳбариятини кредит бериш масалаларидаги фаолиятини назорат қилишга имкон беради. Бу ҳақда республика Молия вазири Тимур Ишметов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унга кўра, ҳозирда банкларнинг кузатув кенгашларида 14 нафар чет эллик директор ишлайди ва яна 11 та хориж мутахассиси билан музокаралар олиб борилмоқда. Йил сўнггига қадар Молия вазирлиги кузатув кенгашларидаги хориж экспертлари миқдорини 30 фоизга етказиш режасини қилган.
Вазир давлат банкларининг филиалларида коррупция борлигини тан олган. Айниқса бу, ташкилот раҳбариятининг «тушунарсиз шартлар» билан катта кредитлар беришида намоён бўлади. Назоратнинг сустлиги боис шундай ҳаракатлар содир бўлган, деб ҳисоблайди Ишметов.
Ҳар қандай банк сиёсати, хоҳ у валютага, хоҳ кредитга дахлдор бўлсин, кузатув кенгаши томонидан тасдиқланиши лозим. Мустақил хориж экспертлари банк раҳбарияти устидан назоратни кучайтиради. Янги тизимда ижобий ишлар учун ташкилотнинг рағбатлантирилиши, салбий ҳолатда жазоланиши кузда тутилади.
Ишметов пандемия даврида тадбиркорликка хос кредитлар муддати узайтирилгани, кўп ҳолларда қўшимча қарзлар берилганини таъкидлади. Бироқ, корхоналарнинг молиявий кўрсатгичлари 1 октябргача кризисга қадар миқдорга чиқа олмайди ва муаммоли кредитлар кўпайиши кутилмоқда. Банклар буни ҳисобга олиб, зарур чораларни олдиндан кўриши лозимлигини айтади вазир. Бундан олдин президент Шавкат Мирзиёев давлат активларига эга тижорат банкларини аҳоли пулларини жалб қилишдаги ишларини танқид қилди ва одамларнинг намат остига яширган пулларини чиқаришга доир топшириқлар берди.