Exponautz Art Gallery онлайн-ҳамжамиятининг бир нечта қизлари сексизм, зўравонлик, аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ қўлбола плакатларини кўтариб турган суратларини интернетга жойлаштириш орқали флешмоб уюштирдилар. Акция ташкилотчилари ижтимоий тармоқларда ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашни сўрайдилар.
«Сексизм (жинсий мансубликни менсимаслик), мизогиния (аёлларга нисбатан нафрат), слатшейминг (уялтириш), харассмент (тегажоқлик), зўравонлик, виктимблейминг (қурбонни айблаш), менсплейинг (баланддан келиб гапириш), ксенофобия (ёт нарсалардан қўрқиш) – биз бу нарсалардан чарчадик. Биз жим бўлишдан ва сабр қилишдан, буларнинг барчаси НОРМАЛ ҳолат дея ўйлашдан чарчадик. Биз қўрқишдан, уялишдан, беркинишдан ва ёпинишдан қўрқишни хоҳламаймиз. Биз ўзлигимизча яшашни, хоҳлаган нарсани кийишни, қилишни, ўйлашни, гапиришни истаймиз», – дейилади флешмоб матнларида.
Суратларда қизлар «Женщина не животное!» («Аёллар ҳайвон эмас!»), «Келинка не значит слуга» («Келин чўри дегани эмас»),«Мое тело – мое дело!!!» («Мени баданим- бу менинг ишим!!!») «Бьет – значит сядет!» («Уряптими, демак қамоққа ўтиради!») ва бошқа матндаги плакатларни кўтариб олишган. Акция иштирокчилари «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва «Халқлар дўстлиги» саройи ёнида суратга тушишган.
Exponautz Art Gallery гуруҳи флешмоби ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди. Блогер Умид Ғофуровнинг саҳифасида қизларга жавобан плакатли фотосессия берилган. Унда ўзбек тилида «Гендер тенглиги бўлса сен ҳам ғишт таши», «Келин бўлгандан сўнг вазифангни қил», «Туғишни хоҳламасанг эрингни уйлантириб қўй!» каби сўзлар битилган плакатларни йигит кўтариб олган.
Ўзбекистонлик қизларнинг мазкур акцияси республикадаги гендер тенглиги масаласи билан боғлиқ бахс-мунозараларнинг давоми бўлади. Маълумки, ушбу муаммо Фарғонада рўй берган воқеадан сўнг қизғин паллага кирди. Хабарингиз бор, шаҳар ҳиёбонида калта шорт кийиб олган қизни бир йигит уради. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг версиясига кўра, йигит қизнинг итидан қўрқиб шундай ҳаракат қилган ва кейинчалик жанжал тинчлик йўли билан ҳал этилган ва судгача бормаган.
Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида, яъни 2018 йил Жиноий ва Маъмурий кодексда турмушда бўлиб турадиган зўравонликларга доир ибора пайдо бўлмагунига қадар бу ҳақда миқ этилмаган. 2019 йили августда тушкун аҳволга тушиб қолган аёлларга кўмак берувчи реабилитация ва адаптация маркази очилди. Ҳозирда Ўзбекистонда аёлларга туну-кун хизмат кўрсатувчи 1169 телефон рақами мавжуд ва 200 га яқин шелтерлар ташкил этилган. Зўравонликка учраган аёллар бу ерда кўмак олишлари мумкин.