Бишкекда «Sputnik Кыргызстан» агентлигининг техник директори пневмониядан вафот этди

Михаил Рогожин. Нурия Чойбаеванинг Facebook саҳифасидан олинган фотосурат

Бишкекда «Sputnik Кыргызстан» янгиликлар агентлигининг техник директори, журналист Михаил Рогожин вафот этди. Бу ҳақда унинг дўстлари Facebook саҳифасида маълум қилдилар.

51 ёшли Рогожин 12 июль куни ўзини ёмон ҳис эта бошлайди, унга тез ёрдам чақиртирадилар ва Бишкекдаги касалхоналардан бирига етказиб қўйдилар. Бироқ шифокорлар уни қутқара олмадилар. Дастлабки маълумотларга кўра, у пневмониядан вафот этган, дея хабар беради 24.kg. Facebook ижтимоий тармоғида унинг қолдирган сўнгги мулоҳазаси кислород баллонларидан нафас олишда фойдаланиш хавфли эканлиги ҳақида эди.

Михаил Рогожин 1969 йилда Фрунзе шаҳрида туғилди, 1984 — 1988 йилларда Фрунзе Машинасозлик техникумида ўқиган. 1994 — 1998 йилларда Бишкек Рус тили ва адабиёти педагогика институтида (кейинчалик Тиллар ва гуманитар фанлар давлат университети ва Бишкек гуманитар институти) “Рус тили ва адабиёти” мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

1966-1998 йиллар ичида «ВОССТ» телерадиокомпаниясининг (Бишкек) янгиликлар бўлимига раҳбарлик қилди. 1999 йилдан бошлаб Қирғиз-Россия Славян университетининг “Халқаро журналистика” кафедрасида журналистикадан дарс берди. Сўнги пайтларда Sputnik халқаро ахборот агентлиги қирғиз бўлимининг техник директори вазифасида ишлаб келаётганди.

Қирғизистонда карантин чекловлари бекор қилинганидан кейин эпидемиологик вазият оғирлашиб кетди. 12 июлга келиб мамлакатда коронавирусга чалинишнинг 10 629 та ҳолати қайд этилди. 3 387 нафар бемор соғайиб кетди ва 132 киши ўлди. Айни пайтда 7 110 киши бемор ҳолатида қолмоқда.

Республикада сўнгги сутка давомида коронавирусга чалинганлар сони 8,57 фоизга ёки 561 кишига ўсди. Апрель ойида коронавирусга чалинганлар сони 1,6 марта, май ойида 1,3 марта, июнь ойида эса бирданига 4,6 мартага кўпайган. 12 июлга келиб қайд этилган COVID-19 касалларининг 31,87 фоизи соғайиб кетган.

Дунё бўйича бир кеча-кундузда коронавирусдан зарарланганлар сони 193 142 кишига кўпайиб, 12,8 миллиондан ошиб кетди. Ўлганлар сони 568 528 кишига етди (бир суткада 8 960 киши ўлган).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ