Бишкекдаги дорихона олдида тундан бошлаб гепаринга навбат тизилмоқда

Бишкекдаги дорихона олдида гепаринга тизилган навбат. Kaktus.media сайти фотосурати

Бишкекдаги дорихоналаридан бирининг олдида 12 июлга ўтар тунда гепарин (қоннинг ивишига қаршилик қилувчи тиббий препарат) сотиб олмоқчи бўлган одамларнинг навбати тизилди.

Kaktus.media нашри аниқлашича, бундан бир кун олдин мессенжерларда пойтахтдаги “Неман-Фарм” дорихоналар тармоғининг асосий омборига шаҳарда танқис бўлиб қолган гепарин етказиб келиниши тўғрисида маълумотлар тарқалган.

Омбор қошидаги кун ва тун давомида ишлайдиган дорихона манзилида сотув гўё ярим тунда бошланиши режалаштирилган экан. Дори воситасини сотиб олмоқчи бўлган кўпчилик одамлар сотув бошланишидан бир неча соат олдин келиб, навбат тизилишини келтириб чиқарганлар.

Дорихона маъмурияти тўпланган одамларга чайқовчиликнинг олдини олиш мақсадида препарат чекланган миқдорда – бир кишига биттадан сотилиши ҳақида эълон қилган. Кейинчалик навбатда турган одамлар маълум қилишича, уларнинг ораларида тиббий препаратлар билан олиб-сотарлик қиладиган одамлар ҳам бўлган: кўпчилик қирғизистонликлар олдинроқ керакли дори воситаларини дорихоналардан топа олмай уларга мурожаат қилишган экан.

Эрта тонгга яқин пайтда мессенжерларда гепаринни “Неман-Фарм” тармоғининг барча дорихона пунктларига етказиб берилгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди, аммо навбатда турган одамлар тарқалмасдан омборхона ёнида қолишни ҳамда навбати етиб келганида керакли дорини сотиб олишга қарор қилдилар.

Тўпланган одамларнинг айримлари жисмоний жиҳатдан ҳолсизланиб, баъзилар ҳушидан кетиб қолган. Бақувватроқ харидорлар ўзаро жанжаллашиб, муштлаша бошлаганлар, натижада милиция нарядини чақиртиришга тўғри келган. Воқеа гувоҳларига кўра, сотув бошланганидан 12 соат ўтиб ҳам омбор ёнида дори сотиб олмоқчи бўлган одамлардан иборат навбат сақланиб қолган.

Шу билан бирга, “Неман-Фарм” вакиллари гепарин тармоқнинг барча дорихоналарига етарли миқдорда тарқатилганини билдириб, хоҳловчилар дорини сотиб олиш учун омборга келмай, ўзлари учун энг яқин дорихонага боришни тавсия қилдилар. Бироқ ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари “Неман-Фарм” тармоғининг баъзи дўконларида мазкур препарат ҳануз сотувга чиқарилмаганини қайд этадилар.

Қирғизистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши кучайган сари, кундан-кунга дори етишмовчилиги ҳам сезилмоқда. Дорихоналарда дори воситаларининг нархлари уч-тўрт баробарига ошиб кетган. Асосан антикоагулянтларга (қоннинг ивишига тўсқинлик қиладиган моддалар), иммунодепрессантларга антибиотикларга талаб катта бўляпти.

12 июль ҳолатига кўра, Қирғизистонда коронавирус инфекциясига чалинишнинг 10 629 та ҳолати қайд этилган, 3 387 нафар бемор соғайиб кетди ва 132 киши вафот этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ