Туркманистон соғлиқни сақлаш вазирлиги шамол хориждан заҳарли чангни олиб киргани ҳақида эълон қилди

Ашхабоддаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси. Arzuw.news сайти фотосурати

Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазирлигининг Ахборот маркази хабар беришича, мамлакат ҳудудига шамол билан инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин “касаллик келтирувчи моддаларни” олиб киргани учун аҳолига тиббий ниқобларни тақиб юриш мажбурияти юклатилган. Ушбу хабарни, шу жумладан, TDH давлат агентлиги ҳам тарқатган.

Хабарда: “сўнгги кунлар давомида Ашхобод ва вилоятлардаги атмосфера ҳавоси ҳолатини ўрганиш бўйича ўтказилган таҳлиллар натижасида ҳаво таркибида юқори даражадаги чанг моддалари мавжудлиги аниқланган бўлиб, улар Туркманистон ҳудудига жануби-шарқдан, шимоли-шарқдан ва шимолдан ҳаво оқимлари билан бирга кириб келган, бу эса инсон саломатлиги ва биринчи навбатда нафас олиш органлари учун зарарли эканлиги”, — ҳақида сўз юритилган.

Туркманистон шимолда Ўзбекистон ва Қозоғистон билан, жануби-шарқда эса Тожикистон ва Афғонистон билан чегарадош.

Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги профилактикани кучайтиришни ҳамда чанг ва касаллик келтирувчи зарарли моддаларнинг юқори нафас йўлига тушиб қолишидан асраб қоладилан тиббий ниқобларни тақиб юришни тавсия қилди.

“Шунингдек, одамлар бир-бирларидан бир метрдан кам бўлмаган хавфсиз масофада юришлари ҳамда шахсий ва ижтимоий гигиена қоидаларига риоя қилиб юришлари керак бўлади”, — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларида. Ишлаб турган конденционер оқими тагида турмаслик ва муздек сув ичмаслик тўғрисида маслаҳатлар берилган.

Чангнинг бунга қанақа алоқаси бўлиши мумкинлиги тўғрисида изоҳлар йўқ. Хабарда “коронавирус” ва COVID-19 иборалари тилга олинмаган. Туркманистонда 6 июлдан коронавирус атрофидаги вазиятга баҳо бериш бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) миссияси ишлаяпти, бироқ ҳозиргача миссиянинг аъзолари ва ЖССТ Европа маркази бу борада бирорта баёнот билан чиққани йўқ. Orient сайти хабар беришича, миссия ишининг якунлари эълон қилинадиган брифинг 15 июль куни ўтиши кутилмоқда.

Туркманистон телевидениесида бир неча кун илгари ниқоблар тўғрисида қўшиқлар куйлана бошланди, ҳолбуки бир неча кун олдин кўчаларда ниқоб таққан одамларни жаримага тортиб келишганди.

Turkmen.News сайти Ашхабоддаги “Йилдиз” меҳмонхонасининг бассейни олдида ўтирган миссиянинг беш нафар аъзоси фотосуратини чоп этди. Улар бир оз нарида тиббий ниқоб тақиб олган меҳмонхона ходим турибди. Нашрнинг Лебап вилоятидаги манбалари маълум қилишича, туркманистонлик расмийлар мамлакатда COVID-19 ҳолатлари мавжудлигини тан олдилар ва ЖССТ мутахассисларини касалларнинг олдига киритиб, уларнинг касаллик тарихи билан танишишга йўл очиб бердилар. Шу билан бирга, расмийлар “вазият унчалик оғир эмас”, деган хулосада қатъий турибдилар.

ЖССТ узоқ вақт давомида коронавируснинг ҳаво орқали ўтиш мумкинлигини тан олмай келган. Ваҳоланки COVID-19 инфекциясига қарши кураш бўйича тавсиялар ишлаб чиқарувчи ташкилот мутахассисларининг ички ёзишмаларида ҳамда ташкилот маслаҳатчилари ва қўмиталарнинг бир неча аъзолари берган интервьюларида инфекциянинг шундай йўл билан ўтиши ҳақида сўз юритилганди. ЖССТ 7 июль куни коронавирус инфекциясининг шундай йўл билан юқиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар борлигини тасдиқлади.

Сўнгги сутка давомида дунёда навбатдаги антирекорд қайд этилди – коронавирус инфекциясини 230 370 киши юқтириб олди. Дунё бўйича COVID-19 билан боғлиқ ҳолатларнинг умумий сони 12,5 миллиондан ошиб кетди, дея хабар беради 12 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти. Кеча 5285 нафар бемор ҳалок бўлди. Дунё бўйича касалликка чалинишнинг аниқланган сони 12 552 765 нафарни, ўлганлар сони 561 617 кишини ташкил этган. Аввалги рекорд 10 июль куни қайд этилган, ўшанда бир кеча-кундуз ичида 228 минг зарарланиш ҳолатлари аниқланганди. Инфекция юқтирилишининг энг кўп ҳолатлари Шимолий ва Жанубий Америкада (6 540 222) ва Европада (2 907 654) қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ