Душанбеда президент саройини буза бошладилар

Душанбедаги президент саройининг бузиладиган биноси. Asiaplustj.info сайти фотосурати

Душанбе марказида Тожикистон президенти саройини – собиқ Тожикистон ССР Коммунистик партияси Маркази Комитетининг биносини бузишга киришдилар. Бино узоқ йиллар давомида республиканинг ташриф карточкаси саналиб келган. Бузиш ишлари бошлангани тўғрисида «Азия-Плюс» хабар бермоқда.

Бузиш ишлари бинонинг ўнг қанотидан бошланди, бир вақтлар бу ерда Сув хўжалиги вазирлиги, кейин бўлса Тожикистон коррупцияга қарши кураш идораси жойлашган эди. Шундан сўнг бинонинг марказий қисмини ва охирида Душанбе шаҳар ҳокимлиги жойлашган унинг сўл қанотини бузадилар.

Сарой ўрнида республика ҳукуматининг янги биносини қурилиши режалаштирилмоқда, деб февраль ойида ўтган матбуот анжуманида шаҳар раиси ўринбосари Маҳмадсаид Зубайдзода маълум қилганди. Бош режа лойиҳасини Архитектура ва қурилиши қўмитаси тасдиқлаган.

Бузиш тўғрисидаги қарор ёдгорликни асраб қолиниши тарафдорлари бўлмиш фаолларнинг далилларига қарамай қабул қилинди. Режиссёр Аниса Собирий янги бино қурилишига ажратилган пулларни “республика учун муҳимроқ аҳамиятга эга бўлган йўналишларга – таълим, саноат, кичик ва ўрта бизнес, қишлоқ хўжалиги ва медицинага” йўналтиришни таклиф қилган эди.

Тожикистонлик мусаввир Фаррух Неғматзода бинода Фанлар академиясини ёки институтни жойлаштиришни таклиф қилганди. Тарихчи Ғофур Шерматов бино ўз ресурсини сарфлаб бўлди, деган гапларни ёлғон деб атади ҳамда меъморчилик санъатининг барча қоидаларига биноан барпо этилган ҳамда сирти гранит билан қопланган бино “камида 300-500 йиллик мустаҳкамлик захирасига эга”, дея қатъий фикрда турган эди.

Сарой 1958 йилда архитектор Константин Терлицкий, инженер Даниил Гендлин ва Тожикистон халқ устаси (усто) Мирзораҳмат Алимов томонидан қурилган. Советлар даврида бу ерда Тожикистон ССР Коммунистик партиясининг Марказий Комитети жойлашган эди. Мустақиллик даврида 25 йил давомида бу ерда президентнинг ижро девонхонаси ва ҳукумати 2016 йилда янги бинога кўчиб ўтгунига қадар фаолият юритиб келган. Шундан сўнг бу ерда Туризм бўйича қўмита ва уч йил олдин бинонинг сўл қанотига кўчиб кирган Душанбе шаҳар ҳокимлиги жойлаштирилган эди.

Душанбеда тарихий биноларни бузиш ишлари уч йил олдин бошланди. Расмийлар уларнинг ўрнида улкан парламент мажмуасини ҳамда бошқа маъмурий ва офис биноларини қуришни режалаштирмоқдалар. Душанбедаги энг эски саналган аркали икки машҳур уйлар ҳам бузилиш таҳдиди остида қолган. Ҳозирча “Роҳат” чойхонасининг бузилиши режада кўзда тутилмаган, у ўз ишини давом эттиради. Журналистлар чойхонани шаҳарни ҳимоя қилувчи фаолларнинг сай-ҳаракатлари билан бузишдан сақлаб қолинган, дея тахмин қилмоқдалар.

Нафақат эски совет архитектура намуналарининг бузилиши, балки янги монументал мажмуаларни барпо этиш мақсадида шаҳар марказидан аҳолини пойтахтнинг четига чиқариб юборилаётгани ҳам танқидий фикрларни келтириб чиқармоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ