ЖССТ миссияси Туркманистонга мамлакатда COVID-19 гўё мавжуд дея тасаввур қилишни маслаҳат қилди

Турманистонлик аёллар ҳимоя ниқобларини таққан ҳолда. Turkmen.news сайти фотосурати

Туркманистонга ташриф буюрган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) миссияси мамлакат ҳукуматига коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари республика ҳудудида гўё аниқлангандек ҳаракат қилишни тавсия қилди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» нашри хабар бермоқда.

Ташриф якунларига бағишланган брифингда миссия раҳбари Катрин Смолвуд республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига таяниб, Туркманистонда COVID-19 инфекциясини юқтириш ҳолатлари мавжудлигини тасдиқламади. «Бугунги кунга келиб Туркманистон мамлакатда коронавирус инфекцияси юқтирилишининг тасдиқланган ҳолатлари қайд этилгани ҳақида маълумот бермаган. Бу ҳақда у Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ҳам билдирмаган. ЖССТ касалланишнинг ҳалокатли таъсирини олдини олиш учун Туркманистон соғлиқни сақлашнинг миллий органлари билан бундан кейин ҳам ҳамкорликда ишламоқчи», — деди у.

Смолвуд ЖССТ экспертлари турли даража ва йўналишдаги бир нечта касалхоналарга ташриф буюрганларини айтиб берди: «Туркманистонда касалхоналарнинг яхши инфратузилмаси мавжудлигини қайд этиб ўтиш мумкин. Улар жуда ҳам яхши жиҳозланган. Биз касалхоналар беморлар билан тўлиб кетмаганини ҳамда респиратор касалликлари билан касалланган беморларнинг унчалик кўп эмаслигини кўрдик. Шундай қилиб, коронавирус юқтирган беморларни қабул қилиш учун ҳамма нарса тайёр экан». Миссия раҳбари Туркманистон ҳукумати тарафидан эпидемияни олдини олиш бўйича барча чораларни, шу жумладан, вилоятлар орасида қатновларни чеклаш ва ниқоб тақиб юриш тартибини жорий этаётганини ижобий баҳоладик, деб айтган.

Журналистларнинг мамлакатда қанча одам тест синовларидан ўтказилгани ҳамда кунига қанчадан лаборатория таҳлиллари қилинаётгани тўғрисидаги саволига миссия вакиллари барча маълумотларни ЖССТ маърузасида тақдим этишга ваъда қилдилар, бироқ мамлакат марказий лабораторияси 60 мингдан зиёд тестларни ўтказганини маълум қилдилар.

Смолвуд ЖССТ миссиясининг ташрифи тайёрланаётган пайтда мутахассислар муайян объектларни бориб кўришга рухсат олиш бўйича олдинган сўровномалар берганларини қайд этиб ўтди. «Ташрифлар режаси олдиндан келишилган, бизга барча қизиқтирган объектларни бориб кўришимизга рухсат бердилар. Бизда соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан очиқ диалоглар бўлиб ўтди. Биз сўраган маълумотлар бир неча кун давомида бизга тақдим этилди», — деди у.

ЖССТ делегацияси Туркманистон ҳукуматига «инфекцияни мамлакатга олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни аҳоли орасида тарқалмаслик бўйича чораларни ҳам кучайтиришни», аҳоли орасида тест синовларини ўтказиш миқдорини кўпайтиришни, одамларни эпидемиологик вазият ҳамда вирус инфекцияларининг профилактика чоралари ҳақида хабардор қилишни тавсия қилди.

Беш нафар мутахассисдан иборат ЖССТ миссияси ташриф бўйича келишувга эришилганидан икки ой ўтиб Туркманистонга 6 июль куни етиб келди. Мутахассислар етиб келган пайтда Туркманистон президенти ҳукуматнинг тўлиқ таркиби билан меҳнат таътилига чиқиб кетди. Туркманистоннинг мустақил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТ мутахассисларига атайлаб беморлар сони камайтирилган, медицина ходимлари штати кўпайтирилган ҳамда намойиш учун махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларини кўрсатганлар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ