Андижон вилояти Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази (СЭОМ) (авом халқ орасида оддийгина хлор дея аталадиган) кальций гипохлорит қоришмасини бозорга қараганда деярли 15,6 минг доллар қимматроқ нархда сотиб олган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Telegram-канали маълум қилади.
Содир этилган ўғирлик Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўйича департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан аниқланган. Терговга қадар ўтказилган текширувда, вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик марказининг мансабдор шахслари «T.D.F» МЧЖ билан тузилган шартномага мувофиқ, умумий қиймати 326,4 млн сўм ($31 937) бўлган «гипохлорид кальций 65%» дезинфекцияловчи воситасини 485,7 млн сўмга ($47 524), яъни ўртача бозор нархидан 159,3 млн сўмга ($15 587) қиммат нархга сотиб олишиб, жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан марказнинг мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167- («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») ва 205- («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») моддалари жиноят иши қўзғатилган. Тергов текширувлари давом этмоқда.
пандемияга қарши курашнинг сўнгги ойлари давомида COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши кураш учун ажратилган пул маблағларни ўғирланаётгани ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида хабарлар пайдо бўлиб турибди. Июнь ойида «Маҳалла» хайрия жамғармасининг Тошкент вилояти Сергели тумани бошқармасида ишлайдиган бир неча ходимларнинг кам таъминланган оилалаларга тарқатилиши керак бўлган 95,8 миллион сўмни ($9400) ўғирлаганлари фош этилганди.
Наманган вилояти Санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг ходимлари ҳам хлорни бозорга қараганда анча қиммат нархда сотиб олинганлари фош этилганди. Май ойида Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари ва «Маҳалла» жамғармаси маҳаллий бўлимининг бухгалтери жамғарманинг ҳамда «Саҳоват ва кўмак» жамғармасидаги жами 153 миллион сўм ($15 минг) пул маблағларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганлари аниқланганди.
Навоий вилоятида Санитария-эпидемиология осойишталиги марказининг мансабдор шахслари оширилган нархларда дезинфекция воситалари ва медицина ниқобларини сотиб олиш йўли билан 222,3 миллион сўмни ($22 минг) ўғирладилар.