Қирғизистон милицияси ижтимоий тармоқларда президентни танқид қилувчиларнинг уйларини айлана бошлади

Sputnik.kg сайти фотосурати

Ижтимоий тармоқлар қирғиз сегментининг фойдаланувчилари ИИВ ходимларининг ташрифлари борасида шикоят қила бошладилар. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари расмийлар ҳамда шахсан президент Сооронбай Жээнбековни танқид қилиш ножоиз эканлиги тўғрисида ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини огоҳлантирмоқдалар. Милиционерларнинг норасмий тарзда тан олишларича, ушбу фаоллик 2020 йил 4 октябрь куни ўтиши режалаштирилаётган парламент сайловлари билан боғлиқ, дея хабар беради Kloop.

Фаол аёллардан бирининг маълум қилишича, 21 июль куни кундузги пайтда унинг уйига ўзларини милиция ходимлари деб таништирган формасиз кимсалар кириб келдилар, 22 июль куни эса бошқа яна икки милиция ходими формада келишди. «Улар президент ҳақида бунақа гапларни ёзиш ва боз устига, бундай постларни ижтимоий тармоққа жойлаштириш мумкин эмас дейишди. Буларнинг ҳаммаси тақиқланган экан», — дея ўзининг ИИВ вакиллари билан суҳбатини айтиб беради аёл.

Шунда у нега милиция «ҳақиқатни гапирган ҳар бир одамнинг уйига кириб, уларни оғзини юмиш» билан шуғалланяпти, деб сўраган. Бунга жавобан милиция ходимлари бошлиқлари уларни профилактик суҳбат ўтказиш учун жўнатганини айтишган. Ташриф давомида милиционерлар уй эгаси, унинг ота-онаси ва қариндош-уруғлари ҳақидаги маълумотларни ёзиб олишган.

Nelly Erkin профилининг эгаси бўлмиш бошқа фойдаланувчи Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида маълум қилишича, унинг уйига ИИВ вакиллари келиб, «ижтимоий тармоқлардаги ҳукуматга қарши постларини» олиб ташлашни талаб қилганлар. Милиционерлар бу ташриф «одамгарчилик юзасидан», «норасмий, дастлабки суҳбат» бўлгани учун ўзларини таништирмаган ҳамда ҳужжатларини кўрсатишмаган. Улар кечгача постлар олинишини кутишларини, бироқ агар бу иш амалга оширилмаса, унда бошқа одамлар, расмий қоғозлар билан келишлари тўғрисида огоҳлантиришган. «Улардан рўйхатингиз каттами, деб сўраганимда, ҳа катта, деб айтишди ва бошқаларни «огоҳлантириш» учун кетишди. Бу ишларнинг ҳаммаси сайлов олдидан қилиняптими, деб сўраганимда, улар «афтидан шундай бўлса керак», деб айтдилар», — дея ёзади у.

Ўтган ҳафтада Бишкек ички ишлар бошқармасига Facebook ижтимоий тармоғидаги «Меместан» юмористик саҳифасининг администратори Арген Бақтибек уулу ва унинг рафиқаси Эркингул Тўлўн қизини сўроққа чақиртирдилар. «Тунги соат бирда участка нозири келиб чақирув қоғозини қолдириб кетди. Тунги соат бирда! Энди бизлар гувоҳлармиз, бунгача ким бўлганимизни умуман билмас эканмиз», дея ёзади Арген Бақтибек уулу.

Кейинчалик у Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари «расмийлар тўғрисида юмористик постлар, карикатуралар ва мемларни чоп этилгани учун» сўроқ қилинган тўғрисида аниқлик киритди: «Уларда зўравонликка ундовчи ҳеч қандай чақириқлар йўқ, фақат ҳазиллар. Шунга қарамай, сўроқ жиноят иши доирасида олиб борилди, Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан эса бўлиб ўтган суҳбатнинг сир бўлиб қолиши тўғрисида тилхат ёздириб олдилар».

Бишкеклик стендап-комедиант аёл Назгул Алимқулова Миллий хавсизлик давлат қўмитасининг ташрифи ҳақида маълум қилди, улар Назгулдан суҳбатнинг сир бўлиб қолиши тўғрисида тилхат ёздириб олдилар. Медиа Полиси институти юристларининг шарҳларида чақирув дипфейк видеонинг чоп этилиши муносабати билан боғлиқлиги таъкидланинмоқда. Видеода таниқли америкалик рэпернинг юзи Сооронбек Жээбековнинг юзи билан алмаштирилган. Алимқулованинг ўзи таъкидлашича, унинг аккаунтига сўроқдан олдинроқ бузиб кирилган ва видео олиб ташланган.

Қирғизистонлик блогерларни сиёсий постлар учун таъқиб этишлар илгари ҳам бўлиб турган. 2019 йил августида бишкеклик дизайнер Никита Тарасенкони ҳокимиятнинг жиноий характери тўғрисидаги пости учун сўроқ қилишган: «Ўш уюшган жиноий гуруҳи» номи остидаги расмда Жээнбеков, унинг укаси, партламент депутати Асилбек Жээнбеков ва коррупцияга қарши кураш бўйича машҳур текширувнинг бош қаҳрамони , божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов тасвирланган эди. Бироқ Тарасенкони бошқа сабаб билан – динлараро низони авж олдириш бўйича сўроқ қилдилар ҳамда учрашув пайтида унинг «динга алоқадор ақалли битта сўз бор бўлган» барча постларининг скриншотларини тақдим этдилар.

2019 йил ноябрда BespredelKG қирғиз Facebook-ҳамжамиятининг администратори Афтандил Жўрўбековни «динлараро адоватни қўзғатиш ҳамда амалдаги ҳокимиятни обрўсизлантирувчи ёлғон ва иғвогарона маълумотларни» чоп этишда айблов билан қўлга олиб, уй қамоғида қолиш шарти билан қўйиб юбордилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ