Қирғизистон президенти 30 июлни COVID-19 қурбонларига Мотам куни деб эълон қилди

Сооронбай Жээнбеков Бишкекдаги мемориалга гул қўймоқда. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистонда 30 июлни коронавирус инфекциясидан ҳалок бўлганлар хотирасига Мотам куни деб эълон қилинади. Бу ҳақда мамлакат президенти Сооронбай Жээнбеков «Биринчи радио» давлат радиостанциясига берган интервью давомида маълум қилди.

«Ҳалок бўлган ватандошларимнинг қариндошлари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлигимни билдираман. Ҳар бир қирғизистонликнинг бошига келган қийинчилик, оғир жудоликлар менинг юрагимни эгаллаган. Катта жудоликларга дуч келган макондошларимга сабр тилайман, бардош тилайман. Марҳумлар жаннатий бўлсин дейман. Қирғизистонимизни Яратган Худонинг ўзи қўлласин», — деди давлат раҳбари.

Олдинроқ Сооронбай Жээнбеков республика фуқароларига видеомурожаатини ёздириб, унда Қирғизистон пандемия билан боғлиқ қийинчиликларни муносиб равишда енгиб ўтади, дея билдирган ҳамда касалликни енгиш учун макондошларини фуқаролик масъулиятини намоён этишга чақирган. Бироқ ролик остида “дизлайк”лар (ёқмади) сони “лайк”лар сонидан 14 баробарига кўпайиб кетганидан кейин, уни YouTube платформасидан олиб ташладилар.

Қирғизистонда жорий йилнинг март ойида жорий этилган фавқулодда вазият тартиби май ойида бекор қилинганидан сўнг эпидемиологик вазият кескин тарзда ёмонлашиб кетди. Расмийларга кўра, мамлакатда фавқулодда вазият тартибини узайтириш иқтисодий нуқтаи назардан олиб қараганда мақсадга мувофиқ эмасди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 25 июль ҳолатига COVID-19 ва пневмония билан касалланганлар сони 32 124 тага етди. Эпидемия қурбонларининг умумий сони 1 249 кишини, касалликнинг фаол фазасида 11 672 нафар бемор бўлиб, улардан 24 нафари ўта оғир аҳволда ётибди. Ўлим даражаси 3,89 фоизни ташкил этмоқда. 19 203 нафар бемор соғайиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ