Европа Иттифоқи 27 июль куни №47 колонияда вафот этган қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаров ўлимини объектив текширилишини сўради, деб хабар беради 24.Kg Европа ташқи алоқалар хизматига таянган ҳолда.
«БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 2016 йилги хулосасига кўра, биз бир неча бор суд қарорини қайта кўриб чиқиш ва Асқаровнинг озод этилишини сўраганмиз», — дейилади Европа Иттифоқи баёнотида. ЕИ ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилмаганидан афсусдалигини билдиради. Мурожаатда шундай дейилган: «Бу инсоннинг ўлиши сабабини ва кейинги ойларда маҳбус қандай аҳволда ушлаб турилганини аниқлаш жуда муҳим ҳисобланади».
Асқаров ўлимидан бир неча кун олдин унинг қариндошлари, адвокати ва ҳуқуқ ҳимоячилари маҳбуснинг оғир касал бўлганини маълум қилишган. Дастлаб ГСИН (жазо ўталишини ижро этувчи ташкилот) бу маълумотни инкор қилди, лекин 21 июль куни маҳкумни кўргани келган Қирғизистон омбудсмен институти вакиллари Асқаровнинг оғир касалланганини тасдиқладилар. Маҳкумда пневмония ёки COVID-19 (коронавирусга оид текширув ўтказилмаган) борлиги гумон қилинган. 24 июль куни Асқаровни қамоқ касалхонасига эга №47 колонияга кўчиришган. Лекин врачлар уни қутқариб қололмадилар, маҳкум келаси кун эрталаб оламдан кўз юмди.
ГСИНдагилар Асқаровнинг даволанишни хоҳламагани, кислород концентратор ниқобини улоқтириб ташлаганини айтдилар. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Аида Байжуманова ижтимоий тармоқларда Асқаровнинг 11 июнда ёзган хатини эълон қилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимбек Бекназаровнинг Малайзияга элчи қилиб сайлангани муносабати билан ушбу мамлакат қироли тўғрисида маълумот беришни сўраган («улар қандай одамни республикамиз номидан элчи қилиб қабул қилишганини билиб қўйишсин»). Шунингдек, Асқаров инглиз тили бўйича иккита ўқув китобини сўраган.
Майит қариндошларига берилганидан сўнг, Асқаров васиятига кўра унинг жасади тарихий юрти -Ўзбекистонда кўмилади. «Фарғона» ахборот агентлигига Асқаров оиласи номидан Ўзбекистон ҳукумати номига ёзилган мактуб нусхаси келиб тушди. Унда ўзбек ҳукуматидан марҳумнинг сўнгги тилагини ижро этилишига кўмак сўралган.
Асқаров 2010 йил Қирғизистон жанубида бўлиб ўтган миллий низолардан сўнг бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилган. Тергов версиясига кўра, у одамларни оммавий бетартибликлар ва милиционерни ўлдиришга чақирган. Қирғизистонда суд қарорини бекор қилишга доир барча апелляция ишлари бекор қилинди, бироқ БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси бу ишларни Асқаровни таъқиб қилини , деб қабул қилди. Қирғизистон ҳукумати БМТ қўмитасининг ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиш тўғрисидаги қарорини бажармади. Асқаров ҳимоячиларининг фикрича, мамлакатдаги куч ишлатар тизими Асқаровнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги камчиликларни фош қилганидан ўч олиш мақсадида унга нисбатан сохта айбловларни уюштирган.