Ашхабод четидаги Чоганли инфекция касалхонасида беморларни ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига (ЎСШ) улаш учун қариндошларидан пул олинаётгани маълум бўлган. Бу ҳақда 28 июль куни TurkmenNews нашри ўз манбасига таяниб хабар беради.
Манбага кўра, июнь ойи ўртасида ЎСШ аппаратлари танқислиги бошланган. Дастлаб беморни бир кунга мазкур аппаратга улаб қўйиш нархи 1000 манат ($286) бўлган ва ҳозирда эса 1400 манатгача ($400) кўтарилган. Бу мамлакатдаги ўртача ойликдан юқори миқдор ҳисобланади. Бемор қариндошларидан олдиндан 10 кунга пул тўлашларини талаб этилмоқда, зеро врачларнинг фикрича беморни соғайиши учун айнан шунча кун талаб этилади.
Манбага кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари бу аҳволни текшириб, коррупцияга қарши курашмайдилар ҳам, чунки уларнинг ўзлари яқин беморлари соғлиги билан оворалар ва керак пайти биринчилардан бўлиб врачларга пора берадилар.
Туркманистон ҳукумати ҳанузгача мамлакатда коронавирус борлигини тан олмаган. Июль бошида икки ойлик келишувлардан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссияси ушбу мамлактган ташриф буюрди. ЖССТ эспертлари намунали касалхоналарни кўрганидан сўнг, эпидемия йўқлиги борасида ҳукумат иддаосини инкор этишга уринмади. Бироқ, миссия ҳукуматга мамлакатда ҳар қалай коронавирус борлигини тасаввур қилишни маслаҳат берди. Шундан бери Туркманистон ҳукумати мамлакатда кескин карантин чораларини кўрмоқда, лекин бу чораларни пандемия билан боғламаяпти. Масалан, одамлардан ниқоб тақиб юриш талаби ҳавода мавжуд қандайдир хавфли чанг мавжуд экани билан изоҳланади.